“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Инсон бор экан, шеърият тирикдир

Инсон бор экан, шеърият тирикдир

Май Ван ФАН,

Вьетнам шоири

Дунё дунёлигини англолмай турганда, шоирнинг кимлигини сизга тушунтириш ўта мушкул иш. Аслида, ҳамма шоир. Фақат ўша шоирликни уйғота билганларгина танланганлар сафида тура олади. Мен ҳозир сизга биз шоирлар дарахтнинг япроқларимиз ё бир соҳилдаги қум зарраларимиз, дейишим мумкин, аммо бу нотўғри бўлади. Ҳар бир шоир алоҳида сайёра. Уларни боғлаб тургувчи нарса эса фақат сўз – яҳлит коинот. Биз сўзлар ичра сузиб юрамиз ва уларнинг оҳангларига сингиб кетамиз. Айни ўша сингиш лаҳзасида шоир йўқолади – шеър пайдо бўлади.

Мен ўз дунёмга шўнғиб кетаман. Оқ қоғоз юзи – саҳро. Унга қалам билан жон ато этишим, яшиллик олиб киришим кераклигини биламан, холос. Қаламдан дунёлар тўкилади ва мен уларни кўрмайман. Умуман, уларни кўришга мажолим етмайди. Фақат борлигини ҳис қиламан. Хаёллар, туйғулар ва фикрлар шеърга айланади. Сатр­лар шаклланиб келавераркан, мен руҳимнинг энг теран кунжакларига нигоҳ ташлайман. Улар тобора кенгайиб бораверади. Аслида ҳам шундаймикан? Аслида ҳам шеър шундай туғилармикан? Билмадим. Бу менга боғлиқ эмас. Кимдир... ҳа, кимдир бизнинг қўлларимиз билан нимадир битаётгани аниқ. Ҳар бир одамнинг ўз тақдири бўлганидек, ҳар бир сўзнинг ҳам пешонасида аллақандай қисмат яширин. Биз ўша қисматни муайянлаштирамиз, холос.

– Шеърият инсон руҳиятининг кундалигидир, деган фикр бор. Сиз бунга қандай қарайсиз?

– Бўлиши мумкин, аммо у фақат руҳият билангина чекланиб қолмайди-да. Ҳаммаси бошқача, худди тушга ўхшайди. Биз кўчаларда, бозору идораларда умримизни ўтказамиз. Ўша пайтда ҳам нималарнидир ҳис қиламиз-у, ўзимиз англамаймиз. Бироз ўтгач, ўша англанмаган кечинмалар шеър шаклида туғилади. Шаклнинг аҳамияти йўқ, аслида. Шууримиз остида ғимирлаётган бутун-бутун тушунчалар бор. Айнан уларнинг борлиги Худонинг борлигини исботлаб беради бизга.

– Жаҳон шеъриятининг бугунги аҳволи ҳақида нима дея оласиз?

– Жаҳон шеърияти доимо бетартиб бўлган. Унга бир сўз билан баҳо бериш амалда мумкин эмас. Ўзи азалдан шоир зоти ўз маслакдоши билан бир ёқадан бош чиқармаган. Боя айтдим-ку, уларнинг ҳар бири бир дунё.

Замонлар ўзгаргани сайин инсонлар ва табиийки, шеърият ҳам ўзгариб бормоқда. Биз у ҳақида фикр билдирмоғимиз учун сўз санъатига четдан туриб фикр билдирмоғимиз керак. Четга чиқиш эса, шукрки, ҳали иложсиз.

Дунёда бугун ҳам шоир кўп, шеър кўп. Улар янгидан янги услублар ўйлаб топишаётир. Мени хурсанд қилгани, бугун яшаётган ижодкорлардан ҳеч бири ҳали шеър мана бундай ёзилади, деб ўзиникини тиқиштирмади. Ҳамма бир-бирини ҳурмат қилаётган адабиётда яшаяпмиз.

– Нима деб ўйлайсиз, шеъриятнинг келажаги борми?

– Инсон бор жойда келажак, албатта, бўлади. У ҳали фикрлаётган, ис қилаётган, ҳеч йўқ оғриқ туяётган ё сўзлаётган экан, шеърият тирикдир. Минг йилдан кейин агар инсоният тугамаса, шеърият ҳам тугамайди. Ўзгариши мумкин, албатта. Ахир, тирик нарса борки, ўзгаришлар билан яшайди. Дунёда ҳали турғун нарсани кўрганим йўқ. Ҳар бир яратиқ ўзгаришда. Мен чинакам жаҳоний шоир сифатида швециялик Томас Транстрёмерни кўрсатишим мумкин ва келажак шеърияти ундан бошланади, деб ҳеч қўрқмасдан айта оламан. Негалигини унинг шеърларини ўқиб тушуниб олишингиз мумкин.

– Ўзбекистонга тилакларингиз.

– Бизнинг Вьетнамда ёмғирлар мавсуми бош­ланган. Биз вьетнамликлар бир-биримизга ёмғиринг хайрли келсин, деб тилак билдирамиз. Ўзбек халқига ва у дунёга туҳфа этган ижодкор дўстларимга ҳайрат, муҳаббат, меҳр ва бахт ёмғирларини тилайман. Хайрли қилсин.

– Катта раҳмат!

– Сизга ҳам.

Юлдуз ҲАЙДАРАЛИЕВА суҳбатлашди