“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърият ҳамон курашда

Рати САКСЕНА,

ҳинд шоираси

Шеърият ҳамон курашда

 

– Сиз учун шоир ким?

– Аслини олганда, ҳар бир инсоннинг кўнглида шоирлик бор. Аммо бутун умри давомида шоирликни қисмати деб билган ижодкорда табиатнинг юраги яшайди. У бир дарахтки, меваларини соясидагиларга тутади. Бу эса шоир ҳеч қачон бирор мукофот ёки шон-шуҳрат учун интилмаслигини, ёзмаслигини англатади. Уруш бўлмаслиги учун, икки қалб ўртасида муҳаббат туғилиши учун ҳаёт кечиради...

– Ёзаётганингизда нималарни ҳис қиласиз?

– Ижод маҳали... Менга қолса, бундай дақиқаларнинг таърифи йўқ, деган бўлардим. Чунки уни фақат бошдан кечириш мумкин... Ёзмайдиган кунларим яшашга ҳаққим йўқдек туюлади. Шунинг учун ҳам ёзаманки, яшаётган умрим кўнглимни тўлдирмасдан ўтмасин. Баъзи хотиралар бўладики, сени шунчаки ҳаёт оқимига ташлаб қўймайди. Кўнглингдан кечадиган ана шу туйғулар ҳурматидан ҳам ёзгинг келади баъзида.

– Шеърият олами атрофдаги ҳақиқий дунёмиздан ажралган ҳолда пайдо бўладими?

– Биласизми, адабиёт инсониятга тааллуқли, инсоният эса дунё билан боғланган. Тўғри, шоирни оддий одамлардан фарқлаб олиш қийинмас. Унинг ёлғизликда яратиладиган ҳақиқатлари бизни умуман шеърият алоҳида дунё сифатидаги тасаввуримизни пайдо бўлишига асосдир. Моҳиятан эса шоир айтаётган сўз барчамизнинг ичимиздан ўтаётган бўлади. Бизнинг ҳақиқатимиз ана шу ёлғизликка ўзини маҳкум этган, биз яшаётган дунёдан илгарилаб кетган қалбларда яратилади.

– Ҳозирги дунё поэзияси ҳақида нима дея оласиз?

– Шеърият ҳамон курашиб яшаяпти. Ҳиндистон, Покистон, Эрон шеъриятини кузатар эканмиз, эрк мавзуси кўпроқ кўзга ташланади. Айниқса, аёллар шеърияти инқилоб жараёнини бошдан кечиряпти, дея оламиз. Инсоният йиллар ўтиб ҳам унутилган борлиққа қайтишни хоҳлайди. Ана шу хоҳишни уйғотувчи куч – шеърият. Бугунги кунда баъзи шоирлар ўзига қўяётган чегаралардан воз кечиши лозим. Даврлар, асрлар алмашинуви инсоннинг қалбида яшаётган туйғуларни бутунлай йўқ қилолмайди.

– Шеъриятнинг келажаги ҳақида нима дея оласиз?

– Баъзан биттагина яхши шеър ўқиш ҳам яшаётганингни ҳис қилишингга сабаб бўлади. Лекин кўпинча умидсизликка тушаманки, ёш ижодкорларнинг ёзаётганларида эринчоқлик борлигини кузатаман. Бу шеъриятни оқламайди. Шеъриятда ҳислар тўлқини тубида, албатта, ҳақиқат бўлмоғи керак. Ана шундагина шоир чиндан яшай олади.

Зулхумор ОРИФЖОНОВА суҳбатлашди