“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Узоқ йиллар бу жой бўш турди...

Наталья ПАСТЕРНАК

Бу уй – Борис Пастернакнинг Переделкинодаги далаҳовлиси. У худди кемага ўхшар, ундаги дарахтлар эса ўтмиш ва келажакдан сўзлаётгандек эди гўё. Бизнинг суҳбатдошимиз – Борис Пастернакнинг Переделкинодаги уй-музей директори, адибнинг келини Наталья Пастернак.

– Наталья Анасимовна, айнан шу ерда Борис Леонидович Нобель мукофотига сазовор бўлганини билган экан-а?

– Бу хушхабарни Москвага харид учун кетган қайнонам Зинаида Николаевна олиб келганди. Кейин эса Стокгольмда бўлиб ўтадиган тақдирлаш маросимига таклифнома... Келинг, яхшиси, адиб бу мукофотни “Доктор Живаго” учун олмаганига ойдинлик киритамиз.

Швед академияси “Замонавий лирик шеъриятдаги ютуқлари ва буюк рус прозасининг анъаналарини давом эттиргани учун” танлаганди унинг номзодини. Бироқ у Нобель мукофотига бир неча марта – 1946 йилдан буён қўйиларди. Бу пайтга келиб эса унинг ижоди дунё бўйлаб кезар эди.

“Доктор Живаго” 1953 йили 23 ноябрда италь­ян тилида дунё юзини кўрди. Сўнгра инг­лиз ва француз тилларига таржима қилинди.

Асар тезда бестселлер бўлишга улгурди. Француз адиби Альбер Камю Нобель мукофоти маросимида Пастернакни энг буюклар сафида эканини айтиб, унинг номзодини илгари сурди. Айни ўша пайтда яна бир номзод устида муҳокама борарди.

Романнинг русча нашри 1958 йилда Голландияда, Пастернак ҳақидаги муҳокамалар тугаб, матбуотда унинг номи мукофот совриндорлари қаторидан жой олган бир пайтда чоп этилди. Унинг адади 500 бўлиб, сотувга қўйилмади: Брюсселда бўлиб ўтган жаҳон кўргазмаси иштирокчиларига тарқатилди. Бироқ 1958 йил 23 октябрда Швеция академияси Пастернакка Нобель мукофотига юқорида қайд этилган формула асосида тақдирлашини эълон қилди. АҚШ давлат котиби Жон Даллес совет иттифоқида сиёсий сабабларга кўра чоп этилмаган “Доктор Живаго” га мукофот беришини эълон қилди.

Мазкур аксилсоветча роман ғарб газеталарида қизғин муҳокама қилинди.

Бу реклама ноширлари ва сиёсатчиларга етиб борди, қадр-қиммати минимал баҳоланди. Хрушчёв ғазабланди.

Ноябрь ойида Пастернакка ўтказила бош­ланган тазйиқлар ҳалокатли бўрон тусини олди. Ғазабнок намойишлар гумбурлади. Пас­тернакнинг Переделкинодаги уйи атрофида давлатнинг хизмат машиналари кечаю кундуз навбатчиликда турарди...

– Пастернакнинг ўзи, оиласи, дўстлари бу янгиликни қандай қабул қилган?

– Борис Леонидович – хотиржам. Иззат-­икром, шон-шараф уни ҳаяжонга солмасди.

Борис Леонидовичнинг ўғиллари – Евгений ва Леонид ҳамда рафиқасининг биринчи турмушидаги фарзанди Станислав Нейгауз бу янгиликни ғурур ила қабул қилишган. Шу билан бирга, Зинаида Николаевна ташвишда эди. Сабаби, бундай юқори эътироф ёзувчилар ва партия аъзолари ўртасида қандай салбий таъсир юз беришини сезарди. У жуда доно эди, у турмуш ўртоғидан жуда хавотирда эди. Ўша куни тунда уларнинг ён қўшниси Всеволод Иванов ва унинг рафиқаси биринчилардан бўлиб қутлагани чиқишди.

Бирин-кетин хорижлик журналистлар, сураткашлар ташриф буюра бошлади. Қутлов табрикномалари келар экан, ҳамма ёзувчини Стокгольмга боришини муҳокама қиларди. Ҳаммаси жуда яхши, уйда байрамона кайфият ҳукмрон. Буларнинг бари Ёзувчилар уюшмасидан келган телеграммага қадар давом этди. Пастернакка босим шу даражада бўлди-ки, у, охир-оқибат, мукофотни олишдан бош тортди. Швед академиясига “Менга берилаётган бу мукофот камина яшаётган жамиятга аҳамиятсиз эканини инобатга олиб, ушбу мукофотни миннатдорлик ила рад этишимга рухсат беринг”, дея телеграмма йўллади.

“Ёзувчи оғалар” уни ўз сафларидан чиқардилар. Ҳукумат минбарларида Пастернакни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида фикрлар тарқалди. Унинг ижодий ишлари ҳеч кимга етиб бормас, таржима ҳам қилинмас эди.

Адабиёт фонди далаҳовлига ҳамшира жўнатди. У Пастернак ўз жонига қасд қилиб қўйишидан хавотирда эди. Ахир, шундай бўлган тақдирда Россия бутун дунёга шарманда бўлиши муқаррар эди.

– У афсусдамиди?

– Зоҳиран шундай кўринарди. Пастернак иккита мактуб ёзди – бири “Прав”дага, кейингиси Хрушчёвга бўлиб, у ўзини мамлакатдан чиқариб юбормасликни сўраган эди. Унда фақат шундай сатрлар бор эди: “Мени Россия билан туғилиш, ҳаёт ва ижод ришталари боғлаб туради. Тақдиримни ундан айро тасаввур этишга қодир эмасман”. Табиийки, у чин дилдан тавба қилмади, сабаби у ўзини ҳеч ҳам гуноҳкор сезган эмас. Пастернак “Доктор Живаго” ни бош асари деб билар, шунинг учун ҳам ҳар қандай қурбонликка рози эканини айтганди. Адиб буюк шоир эканига қарамай, мазкур асари учун шеъриятдан ҳам воз кечишга тайёр эди. У “Живаго”ни рассомнинг сурат солинадиган полотноси, ўзининг шеъриятини эса ундаги кичик эскиз деб биларди.

Бу воқеалар ёзувчининг ҳаётига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Икки йилдан камроқ вақт ичида у вафот этди. Сўнгги кунига қадар ишлашда давом этган.

– Нобель мукофотининг тақдири қандай бўлди?

– Нобель қўмитасининг қоидаларига кўра, воз кечилган мукофотнинг пулли қисми Нобель жамғармасига қайтади ва кейинги мукофотларнинг миқдори ошади. Унвонга келсак, у сақланиб қолди ва 1989 йилда Стокгольмда унвонни шоирнинг тўнғич ўғли Евгений Борисович тантанали равишда қабул қилиб олди.

Пулга келадиган бўлсак, узоқ йиллардан сўнг олинган маблағ монополист нашриёту совет иттифоқига тўланган солиқлардан сўнг меросхўрларга арзимаган нарса қолди.

– Пастернакнинг далаҳовлиси асарлари каби машҳур. У дунёдаги энг яхши мемуар музейлардан бири ҳисобланади.

– Пастернак 1936 йилдан бошлаб шу ерда истиқомат қила бошлаган. Бу ерда нурли ва қора кунларни ўтказди. Уни кўриш учун ёш журналистлар, шоирлар, ёзувчилар, мухлислар соатлаб панжара ортида турарди.

Шоирнинг ўлимидан сўнг эса ташриф буюрувчиларнинг сони ортаверди. Ҳалигача эслайман, Зинаида Николаевна адибнинг серҳашам уйи, тилла идишлари-ю, олмос Нобель мукофотини кўргани келганларни қувиб соларди.

Аммо Пастернакнинг чин мухлислари ҳам бор эдики, биз улар билан далаҳовли бўйлаб экскурсиялар уюштирардик. Бу эса ўз-ўзидан ҳукуматга ёқмасди. Биз турган маскан Ёзувчилар уюшмасига тегишли бўлиб, уни Пастернак оиласидан тортиб олишмоқчи бўлишди. 1984 йили 17 октябрь куни юк машиналари, суд ижрочилари ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари келиб уйдаги бор буюмни кўчага улоқтиришди. Узоқ йиллар бу жой бўш турди. 1987 йили ҳеч қандай сабабларсиз далаҳовлига ўт қўйиб юборишди. Шукрки, офат ўз вақтида бартараф этилди.

Академик Лихачёв узоқ вақтлар Переделкинода Пастернакнинг уй-музейини ташкил қилиш ташаббуси билан чиқарди. Бунга эса адибнинг 100 йиллигида эришдик. 1999 йилни ЮНЕСКО “Пастернак йили” деб эълон қилди. Уй давлат адабиёт музейининг филиалига айлантирилди. Барча нарсалар хонадонга қайтарилди.

– Сиз физика-математика фанлари номзоди бўла туриб қандай музей директори бўлдингиз? Бунинг юки оғирдир?

– Осон эмас, албатта. Мен Пастернакнинг кенжа ўғли Леонид Борисовичга турмушга чиқиб, бу уй остонасига келганимда, 1962 йиллар эди. Биз Москва давлат университетининг физика факультетида бирга таҳсил олганмиз. Қайнонам фарзандларини ҳаддан ортиқ яхши кўрарди...

...1976 йили Леонид 39 ёшида вафот этди.

У худди Живаго – отасининг қаҳрамони каби ўлим топган эди...

Музей қилиш фикри илгари сурилганида, унга раҳбарлик қилиш менинг зиммамга тушди. Чунки мен бу уйдаги деворларидан тортиб, унга қоқилган михгача билардим. Хонадондаги ҳаётни қайта қуришга тўғри келганди.

Шу йиллар мобайнида музейимизга минг­лаб меҳмонлар: ўн минглаб ўқувчи, ўқитувчи, талаба, хорижлик давлат вакиллари, дип­ломатлар ҳамда саноқсиз журналистлар ташриф буюришган. Ҳар ҳафта кино олинади. Музей турли лойиҳаларда иштирок этади. Пастернакка бўлган улкан қизиқиш ҳамон давом этмоқда.

Музейга ташриф буюрувчилар адибнинг ижодини янада чуқурроқ тушунаётгани, англаётганини айтиб, бу ерда унинг руҳи кезиб юрганини таъкидлашади. Пастернак айнан худди шундай уйни орзу қилган эди...

Рус тилидан Тўмарис АЪЗАМ таржимаси