“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Яхши одам ўлмас экан... (2018 йил 24 сон)

Гулчеҳра ВОҲИДОВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг рафиқаси

Аввало қайси йиғин, қайси анжуман бўлмасин, Эркин ака, албатта, янги асар билан қатнашардилар. Шеърият шинавандалари учун, албатта, янги, ҳали ҳеч қаерда чоп этилмаган шеър совға бўларди...

Эсимда, 80-йилларнинг бошларида, (ҳозирда у ер нима бўлганини билмайман), у вақтда “Свердлов” концерт зали бўларди. Ўша куни Эркин Воҳидов ижодий кечаси бўлиб ўтиши керак эди, вақт бўлди, саҳнага гулдурос қарсаклар билан Эркин ака кириб келдилар.

Савлатли, кўркам, қадди-қомати тик шоир залдагиларга қарата, азизларим, мен бугун ҳали сиёҳи қуримаган, ҳеч ким ўқимаган шеъримни олиб келдим, дедилар-да, костюмининг ён чўнтагига қўл солдилар. Иккинчи томонга ҳам қўл юбориб, мажлис аҳлига ноқулайлик туғдирмаслик учун қўлни ўша кўкракда тутиб, мийиғида кулиб, ўзи шеъримнинг номи “Йўқолган шеър” эди, дедилар-да, шеърни ёддан ўқиб кетдилар. Шеър анча катта эди. Ҳозирги кунда китобларда босилган. Ўтирганлар, офарин, офарин, деб қарсаклар билан кутиб олишди.

Одатда, шеърият кечаларида шеърларини бирон марта қоғозга қараб ўқимаганлар. Янги нарсани янги фарзанд туғилгандек қарши олардик. “Онаси яқинроқ келинг, бир нарса ёздим, аввал сизни мулохазаларингизни эшитгим келади, кейин дўстларимга ўқиб бераман. Қаттиққўл танқидчилар қўлидан эсон-омон чиқса, кейин матбуотга бераман”, дердилар.

Уйда жуда кўп йиғинлар бўлар эди, фарзандларимиз туғилган кунларида, турмушга бераётган қизларимизнинг тўй кечаларида, албатта, уларга аталган шеърлар ўқирдилар.

Ҳаммамиз яхши биламиз, устоз Янги йил арафасида туғилганлар. Ўша куни эрталабдан дастурхон тузардик, ҳозир ҳам шундай қиламиз. Бу кун барчамиз учун байрам эди. Кўп азиз меҳмонлар ташриф буюришарди. Қудаларимиз, ошна-оғайнилар, шоирлар, шогирдлар келишарди. Хонандалар билан давра файзга тўлар эди. Бизнинг хонадонда Янги йил ана шундай барвақт кутиб олинар эди. Ҳозирда ҳам бу анъана давом этиб келмоқда.

Яхши кунларимиз кўп бўлди... Синовли кунларни ҳам бошдан кечирдик, лекин тақдиримга шукур қиламан. Дастурхонимиз тўрида, фарзандларим бағрида файз бериб ўтирган дадамизни, ҳаммасини бор эканлик­ларини энг қувончли, энг бахтли кун деб биламан. Бир кам дунё деб, шуни айт­салар керак, энди у кунлар мен учун туш бўлиб қолди.

Шу кеча-кундуз бағримизда бўлганларида 82 ёшни қаршилар эдик. Афсус... Устознинг 8 томлик китоблари чиқиши керак эди. Шу бугунга келиб олтинчи томи босмадан чиқди. Ўзларининг сўзлари билан битилган “Баҳрдан баҳралар” номли китоблари шогирдлари томонидан йиғиб чоп этилди. “Инсон” номли китоблари лотин тилида, қорақалпоқ тилида “Руҳлар исёни” каби қатор китоблари босмадан чиқди.

Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг ташаббуслари билан барпо бўлган Марғилондаги боғда ҳам шу кунларда Эркин Воҳидовга аталган катта анжуман бўлиб ўтмоқда. Бундай йиғинлар ҳар йилги анъанага айланиб, дўстлар, фарзандларим, давлат арбоблари қатнашадилар. 28 декабрда қабристонни зиёрат қилиб, уйга қайтиб дўстлар, қариндошлар билан Эркин акани, ғазалларидан ўқиб эслаймиз. Яхши инсон ҳеч қачон ўлмас экан... Ўзидан яхши китоб­лар, оқил ва оқила фарзандлар қолдириб, қалбларда абадий яшар экан.

 

МАСИҲУЛЛОҲ суҳбатлашди