“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Қуёшни севишни ўргандим

Юртимиз таассуротлари

Гуанг Йинг Сиан: Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида туғилган. Хитойнинг Минисо компаниясида халқаро тренер бўлиб ишлайди. Америка Қўшма Штатлари, Мексика, Индонезия, Таиланд, Вьетнам, Филиппин, Непал, Грузия, Ўзбекистонга саёҳат қилган.

ҚУЁШНИ СЕВИШНИ ЎРГАНДИМ

Мен асли Жанубий Хитойданман. Болалигимдан юрагимда бир эзгу орзум бўлган: юрт кезиш, бошқа маданиятлар билан танишиш, янги дўстлар орттириш. Балки шу сабабли ҳам бежиз ҳозирги касбимни танламагандирман. Компания топшириғи билан саккиз давлатда бир мунча вақт яшашимга тўғри келди. Табиатан қизиқувчан бўлганим боис, янги давлатларни кўришдек катта қувонч ҳадя этди, бу худди янги бир саргузаштнинг бошланишидек туюларди менга. Кейинги давлат Ўзбекистон дейишганида, тўғриси, эсанкираб қолдим, интернетдан излаганим эса жуда саёз ва қуруқ маълумотлар эди. Билганларим бу юрт иссиқ, қуёшли, иқлими қуруқ. Аэропортдан катта жомадонимни судраб чиққанимда, шаҳар тасаввуримдан бошқачароқ туюлди. Ўзбекистон муҳити, овқатлари, одамларининг кийиниши, маданияти, урф-одатлари Хитойдан тубдан фарқ қиларкан. Ҳатто қайсидир дақиқаларда уйга қайтиб кетгим келгани ҳам рост. Лекин вақт ўтиб, бу юртни яхшироқ ўрганганим сари кўнг­лимда ҳайратларим ошиб борди. Мен дўстлар орттирдим, ҳаёт қайнаб турган ҳақиқий маҳаллий турмуш тарзини билдим, одамлар қаерда кўпроқ овқатланишса, ўша ерга бордим, улар ёқтирган жойларда менам бажонидил сайр қилдим. Тарихий жойлар, зиёратгоҳлар назаримдан четда қолгани йўқ. Биласизми, ҳатто бир танишимнинг таклифига биноан қишлоққа, тўйга ҳам бориб келдим. Бир нарсани сездимки, Ўзбекистон маданияти нафақат Ўрта Осиё, балки жаҳонда ҳам ўз муносиб ўрнига эга бўлиб, дунё тамаддунига катта ҳисса қўшганлиги мени лол қолдирди. Келинг, ҳаммасига бир бошдан тўхталиб ўтсам.

Бу юртнинг обу ҳавоси... Хитойликлар қуёшдан қўрқишади, мен ҳам доим ўзим билан қуёшдан асровчи крем ва соябон олиб юраман. Кузатсам, ўзбекистонликлар қуёшнинг ўткир тиғлари остидаям бемалол, қўрқмай юраверишаркан. Бир-икки инсондан сўрасам, “Биз қуёшли юрт фарзандимиз, қуёш кўнглимизни ёритади, уни яхши кўрамиз”, дейишди. Бизда эса аксинча, обу ҳавомиз нам, дорга, қуёш остига осилган кийимлар эртаси куниям қуримай, нам бўлиб тураверади. Ўзбекистонда эса салқин жойдаям кийимлар тезда қуриб қолиши ҳайратимни оширди. Бир кун дўкондан нон олгандим, халтамнинг оғзи очиқ қолиб кетибди, эртаси куни қарасам, нон қотиб қолибди. Бизда эса қасир-қусир печеньени ҳам шундайлигича қолдирсангиз, у турган ерида юмшоққина бўлиб қолади.

Таомларига келсак...Ўзга юртга келган меҳмон, албатта, маҳаллий егуликлардан еб кўришга ошиқади. Менам ўзбек миллий таомларини татиб кўрдим, шўрвалар жуда мазали экан. Кўчаларда катта-катта дошқозонларда ярим қозон ёғ билан пиширилган ошларни кўрганимда, буларни нима қилишаркан, деб ўйлаганман. Бу қадар кўп ёғ еб, қорним оғриб қолишидан чўчиганман, лекин ўзбек ўртоқларим бу таомни яхши кўриб паққос туширишларини кўриб, менам еявердим. Таъми жуда ажойиб бўларкан ошнинг, мазаси оғзимда қолди. Мени ҳайрон қолдирган яна бир егулик нон бўлди. Ўзбек халқи ҳамиша нон еркан, нонлар ҳам “ёстиқдек”, турлариям бирам кўп экан-ки, қайси бирини олишни билмай қоларкансиз. Хитойда эса нонлар жуда кичик бўлади, енгил, уни бир қўл билан сиқсангиз, бир тутам бўлиб қолади.

Ўзбекистондаги сархил мевалар, пичоқ тегар-тегмас, ёрилиб кетадиган мазали полиз экинлари... Биргина қовуннинг қанча турлари бўларкан! Сариқ, яшил, оқ, думалоқ, чўзинчоқ, “кампир қовун”...Яна қанчалар арзон! Йўлда кетаркансиз, йўл четига уюлган тарвузли, қовунли “тоғлар”га кўзингиз тушади. Хитойда тарвуз тилим қилиб сотилади, яна қиммат. Ўзбекистонда эса озгина пулга бус-бутун тарвуз бераркан! Шарбатлар-чи, табиий, жуда мазали.

Ўзбек халқи ҳақида алоҳида гапиришни истардим. Худди қуёшидек одамларнинг кўнгли меҳрга тўла, доим кулиб туришади. Бирон нима сўрасангиз, эринмай тушунтиришади, қўлларидан келганича ёрдам беришади. Бир кун дўстим билан узоқ вилоятларнинг биридан тўйдан қайтаётган эдик, йўлда автоҳалокатга дуч келдик. Шунда йўл четига ўтиб тўхтаган машиналар қаторида, бизнинг ҳайдовчи ҳам тушиб, ўша ҳалокатга учраган машинага ёрдамга ошиқди. Мен бунақасини ҳеч қаерда кўрмаганман. Ҳеч ким бу менинг ишиммас, деб бефарқ ўтиб кетмади.

Самарқандда бир дўстимнинг уйида уч кун меҳмон бўлдим. Боришимга дастурхонни хил-хил мева, нозу-неъматларга тўлдириб ташлашибди. Овқатланиб бўлгач, идишимни ошхонага олиб бормоқчи бўлсам, “Меҳмон атойи худо, унга иш қилдириш уят”, деб ўрнимдан туришимга ҳам рухсат беришмади. Пиёламдаги чойни ичишим билан дўстимнинг дадаси тинмай бўшаб қолган пиёламга чой қуяди, кейин билсам, буям ҳурмат белгиси экан, яъни меҳмоннинг пиёласи бўш қолмасин.

Булар ҳали хамир учидан патир, гапираверсам гап жуда кўп. Ўзбекистон деган жаннатмакон юрт билан танишиш бахтига муяссар бўлганим учун Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасига алоҳида миннатдорчилигимни билдираман. Хитойга қайтиб борсам, дўстларимга, албатта, кўрган-кечирганларим ҳақида сўзлаб бераман ва яна уларга айтаманки, Ўзбекистон ҳар бир инсон ҳаётида албатта кўриши керак бўлган мамлакатлардан биридир!

Фароғат ЖАББОРОВА суҳбатлашди