“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎЗБЕК ТИЛИДАН САБОҚ БЕРАМАН

Шоҳид ТАСЛИМ,

Янги Деҳлидаги Миллий университетнинг ўзбек тили ва адабиёти кафедраси профессори, халқаро тадқиқотлар академияси мутахассиси

— Фаолиятингиз ҳақида гапириб беринг...

— Мен китобни севаман ва шу туфайли 2004 йилдан буён ўзбек халқи, адабиётига бўлган ҳурматим сабабли Янги Деҳлидаги Миллий университетда ўзбек тили ва адабиёти фанидан ҳинд ёшларига сабоқ бериб келмоқдаман. Бизнинг университетда ҳар йили 30 нафар ҳиндистонлик талабалар ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича мутахассис бўлиб етишадилар. Албатта, улар ҳам мен қатори ўзбек халқига ўзгача меҳр қўйган. Шу боис, бу халқнинг миллий урф-одатларию анъаналаридан тортиб, бадиий юксак даражадаги адабиёти, тилини яхши ўзлаштириб чиқадилар. 2004 йилда фаолиятини бошлаган ўзбек тили ва адабиёти кафедраси, тасаввур қилинг, бугунгача қанча талабани катта ҳаётга учирма қилди. Уларнинг ҳар бири ўзи хоҳлаган жойда ўз йўналиши бўйича фаолият олиб бораётганлиги мени жудаям хурсанд қилади.

Мен ўзбек тилида ўзбеклардай гапиролмасам-да, унинг грамматикасини яхши биламан. Айтиб ўтишим лозимки, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» номли китоби кўпгина тилларга таржима қилинди. Унинг дунё аҳли ва ёшларига баравар мос келиши, кучли ва таъсирчанлигини ҳисобга олган ҳолда, мен ҳам ушбу китобни ҳинд тилига таржима қилдим. Бу китоб менинг халқимда ва ҳинд ёшларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

— Ҳинд халқи, ёшлари бугун қандай китоб-лар ўқияпти ва Сиз бугунги дунё ёшларига ҳинд адабиётидан қай-си ёзувчиларни ўқишни тавсия қиласиз?

— Бугун ҳинд ёшлари адабиётнинг барча жанридаги китобларни севиб ўқияпти. Роман, ҳикоя... аҳамияти йўқ. Энг асосийси, бугун бутун дунё ёшлари учун қулай имконият — интернет бор. Нимани хоҳласанг ёз ва бир дақиқада топиб ўқийвер. Салбий томонлари ҳақида ер юзи бўйлаб муҳокама қилинаётган интернетнинг ижобий хусусияти инсониятни етуклик чўққисига олиб чиқади. Тавсия масаласига келсак, Робиндранат Тагор, Премчанд, Кришан Чандар, Мирзо Ғолиб ижоди асрлар мобайнида эътиборга молик бўлиб қолмоқда. Мен санаб ўтаётганларимнинг барчаси ўзбек тилига таржима қилинган. Шу туфайли мутолаа бўйича ўзбекистонлик дўстларимда муаммо юзага келмайди. Шунингдек, мен яхши биламанки, ўзбек халқи ҳинд адабиёти ҳақида етарлича тасаввурга ва билимга эга. Масалан, «Моҳабҳарата», «Рамаяна», «Калила ва Димна»... Адибларимизни айтмаса ҳам бўлади. Мен бундай эътироф ва эътибор учун ўзбек халқидан миннатдорман.

— Албатта, бу дўстлигимиз азалий эканлигини билдиради...

— Ҳиндистонда ҳам сизларда дарсликда ўтиладиган бир қанча адибларингизнинг асарлари ҳинд тилига таржима қилинган. Бироқ шунга қарамай, мукаммал ва етарли даражада эмас. Биз кўп китоб-ларни Ўзбекистон-Ҳиндистон элчихоналари ор-қали буюртма қилиб оламиз. Аммо истардимки, янада кўпроқ адабий ҳамкорлик бўлса, китоблар, бадиий адабиётлар етказиб берилса, мен ва менга ўхшаган қатор ҳинд ёшлари ўзбек адабиёти ҳақида мукаммал ва чуқур билимга эга бўлсалар... Биз уларни ҳинд тилига таржима қилсак...

Мен чин дилдан айтаманки, икки халқнинг, давлатнинг дўстлиги абадий бўлсин. Дунёни китоб, адабиёт бирлаштиради, дейишади. Ниятим — ёруғ оламда китоб ва адабиёт абадий яшасин!

 

Сабоҳат СУЛТОНОВА суҳбатлашди