“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Буюк маданият юрти!

Буюк маданият юрти!

Адабиёт, сўз ва китоб! Ҳақиқий қудрат тимсоли. Бу уч тушунча — керак бўлса бир-биридан миллион чақирим узоқдаги инсонларни бирлаштиришга, танитишга, ижод намуналаридан баҳраманд этишга қодир экан. Мен ҳам сербиялик машҳур ёзувчи Милутин Журисковични асарлари орқалигина танир эдим. Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали у билан суҳбатлашиб, қувончдан ичимга сиғмай кетдим. Фурсатдан фойдаланиб, бир қанча саволларга жавоб олишга муваффақ бўлдим. Жаноб Милутин ҳам қизиқишимни кўриб, адабиёт, ижодий фаолият ҳақидаги бир қанча фикрлари билан ўртоқлашди.

— Мен қоғоз қоралашни мактабда ўқиб юрган кезларимда бошлаганман. У пайтда жуда кичкина эдим. Лекин ёш бўлишимга қарамай, ёзган шеърларим ва ҳикояларим мамлакатимдаги кўплаб газета ва журналларда мунтазам чоп этиларди. Шундан сўнг адабиётга ва ижодга ўзгача меҳр қўйдим. Ҳозирга келиб эса болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган 60 дан ортиқ китобларнинг муаллифига айландим. Китобларим ҳам турлича: шеърлар, ҳикоялар, романлар, анталогиялар, афоризм­лар, адабий ва бадиий танқидлар, фольклор ҳамда бошқа йўналишдагилар. Мен йиллар давомида тинимсиз ижод қилдим, ҳаракатда бўлдим. Бу изланишларим натижасида эса бир қанча мамлакат ҳамда хорижий мукофотлар совриндорига айландим. Ҳозирги кунда Сербия давлатининг Белград шаҳрида яшайман. Ижоддан, ишдан бўш вақтларимда эса доимий равишда спорт билан шуғулланаман. Айниқса, футбол ўйнаш жону дилим.

Касбимни жуда яхши кўраман. Шунингдек, саёҳатни ҳам. Шу вақтга қадар кўплаб мамлакатларга — Франция, Германия, Нидерландия, Австралия, Греция, Болгария, Руминия, Италия, Словакия, Чехия ва Словенияга саёҳат қилганман. Чунки, хорижий давлатларнинг одамлари, маданияти, миллий урф-одатлари, дунёқараши, адабий мероси билан яқиндан танишишга иштиёқим баланд. Яқин орада Америка ва Россияга боришни режалаштиряпман.

Мен ўзбек китобхонлари учун у қадар машҳур эмасман. Бироқ ўзбек фарзандларининг моҳир таржимон ва ижодкор, қолаверса, китобсевар эканлигини яхши биламан. Сербияда ўзбек адабиёти дурдоналарини топиш қийин эмас. Менга, айниқса, ўзбекча маталлар тўплами жуда ёқади. Нега деганда, бундай китоблар мамлакатингизнинг урф-одатлари, маданияти, миллий менталитети, руҳияти, қимматбаҳо ва қадимий тарихи ҳақида беминнат маълумот беради. Сербия ва ўзбек адабиётида жуда кўп ўхшашликлар бор. Булардан бири — икки давлатнинг адабиётида ҳам китобхонларнинг энг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Қолаверса, бу давлатларнинг иккиси ҳам турли йўналишлар ва жанрларда адабиётлар етказиб бериш бўйича анча ривожланган. Яъни, адабиёти бой мамлакатлар қаторида туришади.

Ўзбек дўстларимнинг самимийлигига ва меҳмондўстлиги ҳақида кўп эшитганман. Қолаверса, сизлардаги бой ва буюк маданият, миллий урф-одатлар бир саёҳат қилган одамни яна ўз бағрига чорлайверади. Бу борада Самарқандни назарда тутяпман. Мен бу жойга ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса ҳам саёҳат қилиш орзусидаман. Самарқанднинг гўзал табиати, қадимий ва ҳамиша навқирон миноралари, айниқса, маълум ва машҳур ҳисобланган хушбўй нонини ўз кўзим билан кўришни жуда-жуда хоҳлайман. Албатта, яқин фурсатларда бу ниятим амалга ошишига ишонаман. Ўзбе­кис­тон ҳамиша ўз бағрига чорлаб тургандай туюлаверади менга.

Саноқли кунлардан сўнг мамлакатингизда мустақиллик байрами нишонланишидан хабардорман. Мен эса фурсатдан фойдаланиб, бутун ўзбекистонликларни Мус­тақиллик байрами билан чин юракдан муборакбод этаман. Ўзим ва сиз яшаётган икки мамлакатнинг дўстона, маданий ва адабий алоқалари бардавом, бахт ва омад ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламан.

ЎзДЖТУ талабаси Манзура САЙФИДДИНОВА  ёзиб олди