“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ДЎППИМНИ ОСМОНГА ОТАМАН

Пётр ИВАШКЕВИЧ,

Польша Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси

ДЎППИМНИ ОСМОНГА ОТАМАН

— Жаноб элчи, айтинг-чи, Сиз ўзбек адабиёти, икки миллат ўртасидаги адабий алоқалар ҳақида нималар дея оласиз?!

— Афсуски, Польшада тор даражадаги мутахассислардан ташқари бошқаларга ўзбек адабиёти етарли даражада маълуму машҳур эмас, чунки ўзбек адибларининг асарлари поляк тилига таржима қилинмаган (бунга "Бобурнома", "Алпомиш" сингари буюк асарларни мисол қилиб олиш мумкин. Гарчи 1989 йилда Лодзь шаҳрида Алишер Навоий, Бобур, Фурқат, Ойбек ва бошқаларни ўз ичига олган хийла камин (550 бет) ўзбек шеърияти нашр этилган бўлса-да, бу ҳали денгиздан томчи эканини биламиз.

Шу боис,  мамлакатимиз адиблари ва таржимонлари олдида катта вазифа турибди. Бошқа томондан, борди-ю мамлакатларимиз ўртасидаги адабий алоқалар тўғрисида гапирадиган бўлсак, Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳақида ёзган юзлаб поляк муаллифларини тилга олиш мумкин. Булар орасида Чор замонасида Ўрта Осиёга келиб қолган ва бу ўлкалар ҳақида жуда кўп қизиқарли маълумотлар қолдирган талайгина поляк миллатига мансуб ижодкорларни кузатиш мумкин. Мисол учун, мен Бронислав Гробчевскийни эслатгим келади. Ўзининг минглаб саёҳатлари тўғрисида бир неча китоб ёзган. Шунингдек, Леон Баршчевскийни олайлик, у  мемуарлар ёзиш билан бирга фотосуратчи ҳам бўлиб, ўз вақтида сураткашликда унинг олдига тушадигани бўлмаган. У Ўрта Осиёда биринчи жаҳон урушигача бўлган даврда шу ерда фаолият кўрсатган ва яшаган. Навбатдаги галда Ўрта Осиё ҳудудида катта миқдорда поляклар иккинчи жаҳон уруши йилларида пайдо бўлган. Натижада, Ўзбекистон тўғрисида китоблар дунёга келган, улар орасида Ксавери Прушински,  Ежи Кшиштоф сингари муаллифлар тилга олгулик ва эсда қолгулик  мемуар асарлар ёзишган.

— Бугунги Полшада қайси адибларни ва қандай китобларни кўп ўқишмоқда?

— Менда аниқ маълумотлар йўқ, аммо менга шундай туюладики, Польшада энг оммабопи мумтоз адабиётдир — уни поляк тили миқёсида ҳам, жаҳон миқёсида ҳам мукаммал адабиёт деб билмоқ керак. Мумтоз муаллифларнинг асарлари катта-катта миқдорда чоп этилмоқда, ададлари ҳам юз минглаб нусхани ташкил этади. Улар орасида Генрик Сенкевич, Болеслав Прус, Владислав Реймонт каби қатор адибларнинг асарлари севиб ўқилади. Ўқувчилар  орасида шеърият шайдолари ҳам наср шайдоларидан қолишмайди, Чеслав Милош ва Вислава Шимборская каби Нобель мукофоти совриндорларининг асарлари алоҳида қизиқиш уйғотади.

— Жаноб элчи, глобаллашган давримизнинг бадиий адабиётдек буюк хазинага муносабати Сизни қониқтирадими?

— Мен ёшлар қисқа вақтга бўлса-да, ўз компьютерларини қўйиб, анъанавий китобни қўлга олсалар, бунинг савобига нима етсин, деб ҳисоблайман!

— Адабиёт — истаклар рўёби... Сиз нима дейсиз?

— Чинданам! Бироқ мен яна бир нарсани чин дилдан истардим — "Бобурнома"ни поляк тилига таржима қилишларини. Борди-ю, кимдир таржимага киришгудек бўлса, мен бу ишни бор вужудим билан қўллаб-қувватлаган бўлар эдим, чунки, бу жаҳон адабиётининг энг муҳим асарларидан бири, маълумоти бўйича тарихчи бўлган мен учун эса у муҳим манба ҳисобланади. Борди-ю,  мамлакатларимизда эртами, кечми бу ишга қўл уришга азми қарор қилган биронта одам топилгудек бўлса, ўзбекчасига дўппимни осмонга отаман.

 

Шавкат ОДИЛЖОН суҳбатлашди