“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«ЎЗБЕКЛАРДАЙ ФИКРЛАЯПМАН»

Юн Хён ЧОЛ,

кореялик ўқитувчи

«ЎЗБЕКЛАРДАЙ ФИКРЛАЯПМАН»

Кунларнинг бирида университетимизда корейс тилини ўрганмоқчи бўлганлар учун қўшимча дарслар қўйилгани, уни кореялик мутахассис Юн Хён Чол ўтиши ҳақида эшитиб жуда қувониб кетдим. Орадан кўп ўтмай машғулотлар бошланди. Устозимиз гарчи дарсни инглиз тилида ўтаётган бўлса-да, ора-орада ўзбек тилида гапиришни ҳам унутмасди. Айниқса, мамлакатимиз ҳақида сўзлаётганда тўлқинланиб кетиши эътиборимни тортди. Унинг Ватанимиз ҳақидаги фикрларини тинглаб, Ўзбекистонни жуда қаттиқ яхши кўришига амин бўлдим.

Бундан уч йил-у саккиз ой аввал Кореяда инглиз тили ўқитувчиси сифатида нафақага чиқдим ва хорижий давлатда фаолиятимни давом эттириш мақсадида «KOICA»га ҳужжат топширдим. Ўша пайтда қайси давлатга борсам экан, деб роса ўйландим. Шунда сизнинг мамлакатингизнинг тинчлиги, меҳмон­дўстлиги ҳақида эшитиб, шу ерни танладим ва имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, Ўзбекистонга келдим. Диёрингиз мен ўйлагандан-да чиройли ва обод маскан экан. Келганимга асло пушаймон қилмайман. Бугун эса ўзимни Корея Республикасидан ташриф буюрган ўзбек халқининг бир бўлаги сифатида тасаввур қиламан.

Бу мамлакатда ўзимни жуда эркин ҳис қиляпман. Одамлари меҳрибон, самимий, киришимли ва меҳмондўст. Шунингдек, ҳавоси мусаффо. Айниқса, эрта тонгда уйғониб, табиат қўйнида сайр қилиш кишига ҳузур бағишлайди. Негаки, гўзалликни, ўсимликлар дунёсини, ободликни кўриб, ўзимни гўёки жаннатда юргандек тасаввур қиламан.

Фаолиятим ва таътилларим давомида Ўзбекистондаги барча кўзга кўринган вилоят, шаҳар ва туманларга боришга муваффақ бўлдим. Масалан, Самарқандга етти, Бухорога ва Қорақалпоғистон Республикасига тўрт, Хоразм, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Тошкент вилояти, Фарғона каби вилоятларга икки маротабадан ташриф буюрдим. Бойсун, Денов, Шаҳрисабз, Зомин, Ангрен, Қўқон туманларига ҳам саёҳат қилдим. Юқорида санаб ўтилган масканларнинг барчаси ажойиб таассурот уйғотди. Табиати, миллий урф-одатлари билан юрагимда абадий муҳрланди. Айниқса, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган мўъжизакор шаршара мени ўзига мафтун айлади. Бундай гўзал манзарани томоша қилмагандек, минг бир дардга даво бўладиган мазали суви ҳеч қаерда татиб кўрмагандекман.

Корея — жуда тез ривожланиб бораётган давлат. Аммо бу ривожланиш ортида биз миллий ва азалий урф-одатларимизни йўқотиб боряпмиз. Сизнинг мамлакатингиз эса бошқача. Ривожланиш билан бир қаторда миллий ва қимматбаҳо қадриятларини ҳам йиллар тўзонидан соғ-омон асраб келмоқда. Шу йўналиш ва услуб менда катта қизиқиш уйғотган ва буни жуда қадрлайман.

Назаримда Ўзбекистон ёшлари жуда билимли, Ватанига содиқ, ота-онаси ва ўзидан катта инсонларга ҳурмат кўрсатишни билишади. Улар ҳар томонлама мукаммал десам, асло муболаға бўлмайди. Чунки улар фақат ўзларини ўйламайди. Ён-атрофда ким ёрдамга муҳтож бўлса, қўлидан келганча ёрдам кўрсатишади, ширин сўзларини аяшмайди.

Баъзида уларнинг ҳар бир ишга секинлик билан, шошилмай ёндашганларининг гувоҳи бўламан. Аввалига бу менга ғалати туюлган эди. Лекин кейинчалик барини англаб етдим. Бу одат ҳар бир ишни аниқ ва самарали бажаришга ёрдам берар экан. Мен бу одатни ўзимга ҳам сингдиришга ҳаракат қилдим. Натижа мен ўйлаганимдан ҳам ажойиб бўлди.

Кореялик ёшлар одатда бирор қарор чиқаришдан аввал ким биландир маслаҳатлашиб ўтирмайди. Қандайдир вазият бўлгандагина оила аъзолари билан фикрлашмаса, қолган ҳолатларда ўз билимларига таянишади. Аммо бу ҳар доим ҳам яхши натижага олиб келмайди. Хулқ-атворларида миллийликдан кўра замонавийликка интилиш кучли эканлигини кўришингиз мумкин.

Ўзбек ёшларида эса бунинг акси. Улар бир иш қилишдан аввал ота-оналари, яқинлари, ўзларидан катта қариндош-уруғлари билан маслаҳат қилишни унутишмайди. Бирор бир муаммо бўлиб қолса, хоҳ у ўқишда, хоҳ ишда бўлсин, ён-атрофдаги яқинлари билан ҳамжиҳатликда ечим излашади.

Бу икки мамлакат ёшларини ўзаро бирлаштириб турадиган ўхшашликлар ҳам талайгина. Масалан, уларнинг барчаси билимга чанқоқ. Тил ўрганишга, хорижий давлатларда таҳсил олишга, дунё бўйлаб саёҳат қилишга қизиқишлари баланд.

Кореяга қайтган чоғларимда деярли ҳар куни соғинч туйғуси тинчлик бермасди. Давлатингизда яшаётганимга кўп бўлмаса-да, ташқи кўринишим ўзгарди. Фикрлашим ҳам ўзбеклардан фарқ қилмай қолди. Балки, шунинг учун ҳам ўз Ватанимга қайтганимда, ўзбек ҳавосини, меҳрибон, камтарин, самимий одамларини, истеъдодли талабаларимни жуда соғингандирман.

Ўзбек таомлари ҳақида гапирсам, биринчи бўлиб ош ва шўрва кўз олдимда гавдаланади. Ҳозир уларсиз овқатланиш рационимни тасаввур қилолмайман. Айниқса, Кореядалигимда эрта тонгдан севиб истеъмол қилинадиган ноннинг хушбўй ҳидини қўмсар эдим. Буни тасвирлаш мушкул.

Корейс таомларини тановул қилиб улғайган бўлсам-да, миллий таомларингизнинг мазаси мени ўзига ром қилди. Натижада қанча калорияга бой бўлмасин, ўзимни тия олмадим. Шунинг учун ҳам вазним аввалгига қараганда анча ортган (кулиб). Лекин афсусланмайман. Чунки ҳозирда корейсча, пар­ҳезга мойил ва денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомларга қаноатланмай қолганман. Кўзимга улар камдек кўринади баъзида.

Наврўз байрамида тайёрланадиган сумалакнинг таъми оғзимдан кетмайди.

Уч йилдан буён Ўзбекистонда яшаяпман. Ўзбек ёшларида корейс тилини ўрганишга, Корея давлатида таҳсил олишга қизиқиш юқорилигини англадим. Шу сабабли қўлимдан келгунча талабаларга инглиз тили орқали корейс тилини ўргатишни бошладим.

Ҳозирги вақтга келиб кўпчилик талабаларим мен билан бемалол корейс тилида мулоқот қила олишади. Улар билан фахр­ланаман. Ўзимни бахтли ҳис қиламан. Энг муҳими, ҳеч муболағасиз «Мен Ўзбекистонни яхши кўраман», — деб айта оламан.

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси Манзура САЙФИДДИНОВА ёзиб олди