“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«КИТОБ — ҚАЛБ ҲИМОЯЧИСИ»

Дилбар ИКРОМОВА,

Ўзбекистон халқ артисти

«КИТОБ — ҚАЛБ ҲИМОЯЧИСИ»

— Санъат оламига илк марта қадам қўйганингизда сизга елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаган инсонлар ҳақида гапириб берсангиз...

— Албатта, бу даргоҳга қадам қўйишингиздан аввал театр борасида тўлиқ тушунчага эга бўлмайсиз. Кўпинча орзуингиз ўйлаганингиздай чиқмайди. Санъаткор бўлишни ёшликдан орзу қилганман, десам ҳам бўлади. Лекин олийгоҳга ҳеч қандай таянчсиз, тиргаксиз, бир ўзим имтиҳон топширишга борганман. Хаёлимда «Кирсам-кирдим, бўлмаса тақдирга тан бераман», деб таваккал қилганман. Барча яқинларим — ота-онам, қариндошларим бу институтни жуда баланд деб билишарди, уларнинг наздида бу даргоҳда ўта чиройли ва талантли қиз-йигитлар ўқиши мумкин эди. Худога шукр, маъқул келган эканманки, мени ўқишга қабул қилишди. Мен шундан хурсандманки, яхши устозларнинг қўлида таълим-тарбия олдим. Ана ўшалар менга елкадош, ҳамфикр бўлишган. Ўқиш тугашига яқин бизга республика бўйича театрларда фаолият олиб бориш учун йўлланма беришарди. Ўша пайтлари касбимни севганим сабаб, ҳатто чекка жойларга юборишса ҳам рози бўлганман.

Бироқ, орзуларим ушалиши мана шу Ўзбек  Миллий академик драма театрига келишим билан бошланган. Мени мана шундай олий даргоҳга лойиқ кўришган ва мен бундан жуда қувонганман. Устоз санъаткорлар билан бирга ишлаш насиб қилган. Кимларнингдир: «Сенга бу жой тўғри келмайди», деган даккиларидан дилим оғриган пайтлари ҳам бўлган. Ҳаммасига сабр қилиб, бор куч-ғайратингни сарфлаб саҳна учун меҳнат қилсанг, секин-секин ўз ўрнингни топар экансан. Санъаткор бўлишим учун ёшлигимдан мени қўллаб-қувватлаган биринчи инсон — онам бўладилар. Тушкунликка тушган пайтларим онажонимнинг далдаси билан яна ҳаётга бошқача кўз — теран нигоҳ ва муҳаббат билан боқар эдим. Яна бири устоз санъаткор Наби Раҳимов бўладилар. Наби Раҳимов ёшларни жуда яхши кўрар эдилар, уларга қўлларидан келганча ёрдам берар, ўз тажрибаларини шогирдлар билан алмашарди. Ҳозиргача саҳнага чиқишдан аввал, албатта, устозни бир марта бўлса-да ёд оламан. Бир ҳисобдан устоз санъаткорлар билан бирга ишлаш мен учун катта бахт эди, шу билан бирга катта ҳаяжонда бўлар эдим. Ёш актрисалик даврларим ҳар бир устоз санъаткорга ҳавас билан қарардим. Уларнинг томошабин эътиборига тушгани, томошабин олқишига сазовор бўлгани менда ҳавас уйғотарди. Аллоҳга шукрки, шуларнинг мактабини ўтаб, мен ҳам бугун эл ардоғидаги санъаткор бўлиб юрибман.

— Сизнингча, саҳна ижодкорни қай даражада тарбиялайди?

— Биласизми, мен шу театрда ўсдим, кўз очиб кўрганим шу даргоҳ саҳнасида томошабин эътиборига тушдим. Бундан мамнунман! Устозларимнинг саҳнага бўлган муносабатини кўрганман. Саҳна билан шунчаки муносабатда бўлолмайсиз. Унга жиддий эътибор лозим экан! Агарда саҳнани ҳурмат қилмасанг, у ҳам сени ҳурмат қилмайди. Саҳнага рол ижро қилиш учун чиқасизу, ижроингизни «оёқ учида» ўйнаб кетсангиз, саҳна ҳам сиздан ранжийди. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, томошабинни ҳам унутмаслик керак. Томошабин санъаткор учун жуда муҳим халқ. Агарда шунчаки рол ижро қилиб кетсангиз, унинг ҳам сизга берадиган ўз жавоби бор. Юракдан ижро қилсангиз, албатта, меҳнатингиз ҳосилини оласиз. Шундай қилиб секин-аста ўзингиз билмаган ҳолда саҳнанинг тарбиясини олар экансиз. Суҳбатларимнинг бирида «Саҳна — даволайди», деган фикрни айтган эканман. Ёшинг ўтгани сайин касалликлар ҳам сени сўроқлаб келавераркан. Спектакль бошланишига 10 дақиқа қолганда «Эй, Худо, саҳна пирлари қўлласин», деб илтижо қиламан. Ҳақиқатдан ҳам, саҳнада роль ижро қилаётган пайтингиз касаллигингизни ҳам, атрофдагиларни ҳам, ҳамма-ҳамма нарсани унутаркансиз. Бир куни қон босимим кўтарилиб кетиб, саҳнада рол ижро қилишга қўрқдим. Аммо барибир ўйнадим. Спектаклдан кейин аҳволим яхшиланди. Шундан кейин ўз-ўзимга: Саҳна ҳам тирик жонмикин, менинг касаллигимни сезганмикин, деб ўйлаб қолдим. Бу шунчаки афсонадек туюлиши мумкин, лекин мен буни ҳис қилганман. Раҳматли ота-онам “саҳнага қадам қўйдингми, у ерни муқаддас маъво билиб ҳаракатда бўл”, дердилар.

— Барча тоифадаги ижодкорларнинг куч оладиган манбаи битта, у ҳам бўлса — Китоб. Китоб ўқимайдиган ҳар қандай касб эгаси нўноқдир. Айниқса, актёрлар учун ўқимаслик фожеа бўлса керак. Мутолаа, ундан завқланиш ҳисси сизда қандай кечади?

— Биласизми, китоб ҳам бир ҳаёт! Китоб маданиятли бўлишни ўргатади. Китобдан сиз ўзингиз хоҳлаган нарсани оласиз, ўз навбатида, китоб ҳам сизга ўзи хоҳлаган билимни беради. Ҳамма инсон ҳам бола бўлади, болаликда барибир эртак китоблар ўқийсиз. Мана шу эртаклар орқали дунёда эзгулик ва ёвузлик борлигини англайсиз. Болалигимизда опаларим китобдан бош кўтара олишмасди. Уйда тинчлик ҳукм сурарди. Уларга қараб «Бу китоблар шунчалик сеҳрли эканми?» дея ўйлаб қолардим. Оилавий муҳит сабаб барчамизда китобга меҳр уйғонган. Талабалик пайтларим ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналаридан ўқишга ҳаракат қилганман. Қайси бир яхши ёзувчи борки, унинг асарлари эътиборимдан четда қолмаган. Юрагимдан жой олгани, бу — Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»и. Ҳозиргача шу асар асосида ишланган фильмни такрор-такрор кўраман ва китобнинг ўзини ҳам қайта-қайта ўқийман. Яна бир ҳақиқат шуки, биз, катта авлоднинг вазифамиз — болаларда китобга бўлган меҳрни янада шакллантириш лозим.

 

Нилуфар МУРОДОВА суҳбатлашди