“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«АДАБИЁТ ИНСОННИ ТУШУНИШГА ЁРДАМ БЕРАДИ»

Виолен де ВИЛЬМОР,

Франциянинг Ўзбекистондаги

Фавқулодда ва Мухтор элчиси:

«АДАБИЁТ ИНСОННИ ТУШУНИШГА ЁРДАМ БЕРАДИ»

—  Францияда ўзбек адабиёти борасидаги илк маълумотлар атоқли француз шарқшуносларидан бири Бартолеме д’Эрбело де Моленвиль (1625—1695) қаламига мансуб 1697 йили Парижда нашр этилган “Шарқ кутубхонаси” номли йирик қомусий луғатда келтирилган. Қомусда Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар берилган.

Шу ўринда, 1871 йилда Абел Паве де Куртейль томонидан “Бобурнома” асарининг француз тилига таржима қилиниб нашр этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ушбу асари 1980 йили француз тилига Жан-Луи Баке-Граммон томонидан қайта таржима қилиниб нашр қилинди. Ушбу нашр 1983 йил темурий шоҳ ва шоирнинг 500 йиллик юбилейининг ЮНЕСКО томонидан кенг нишонланишига катта совға бўлди.

Ўзим ҳозирда Амир Темур тузукларини мутолаа қиляпман. Бу асар Луи-Матье Ланглэ томонидан француз тилига таржима қилинган.

Бундан ташқари, замонавий ўзбек адабиётидан ҳам француз тилига бир қатор таржималар қилинган.

Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи, икки жилдлик ўзбекистонлик шоирлар антологияси, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сеҳрли қалпоқча” романи, “Нурали ботир ва Мар­ғумон пари” достони, шунингдек, ўзбек тез айтишлари шулар сирасига киради.

— Француз адабиётининг Ўзбекистонда танилишига келсак, сиз ҳақсиз, бу адабий алоқалар узоқ тарихга эга. Француз адабиётининг ўрганилиши ва ундан ўзбек тилига таржималар XIX аср охирларида бошланган. Бунда вақтли нашриёт, айниқса, “Туркистон вилоятининг газети” муҳим роль ўйнаган. Бу даврда Шатобриан, Ламартин, Мольер, Фенелон, Лафонтен каби француз адиблари асарларидан парчалар таржима қилинган. “Марсельеза”нинг таржимаси 1919 йилга бориб тақалади.

1920 йилларда ғарб драматурглари қаторида Мольер асарлари ҳам таржима қилиниб ўзбек театри саҳнасида қўйила бошланган. Масалан, 1925 йилда ўзбек театри артистлари Мольернинг “Хасис” комедиясини, 1927 йилда эса адибнинг “Жорж Данден” номли яна бир комедиясини ўзбек томошабинларига намойиш этишган.

XX аср бошида француз адабиётидан таржимачиликнинг янги бос­қичи кузатилади: Виктор Гюго (“Хўрланганлар”, “Денгиз заҳматкашлари”), Анатоль Франс, Ги де Мопассан (ҳикоялар), Фердинанд Дюшен, Анри Барбюс, Вольтер, Ромен Роллан, Эмиль Золя ва ҳ.

1940-йилларда яна Мольер асарларига мурожаат қилинади. Унинг “Тартюф”, “Зўраки табиб”, “Скапеннинг найранглари” комедиялари саҳналаштирилади. Бугунги кунда ҳам Ўзбек Миллий академик драма театрида “Тартюф” саҳналаштирилиб, ўзбек театр ихлосмандларига ҳавола этиляпти. 

Жюль Верннинг “Сирли орол” романи, Виктор Гюго, Эжен Потье, Пьер-Жан Беранже шеърлари, Ги де Мопассан, Анатоль Франс, Виктор Маргарет ҳикоялари, Дени Дидро, Альфонс Доде, Эмиль Золянинг публицистик асарлари таржимасини тилга олиб ўтишим лозим.

Урушдан кейинги, 1950 йилларда француз насридан янада кўпроқ таржималар амалга оширилган. Улар қаторида Шарль Перро эртаклари, Ги де Мопассаннинг 30 новелласини ўз ичига олган “Танланган ҳикоялар” китоби, Андре Стилнинг “Биринчи зарба” романидан боблар, Жорж Санд, Эдуард Лабуле, Поль Вайян-Кутюрье ҳикоялари, Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” асари, Жюль Верннинг “Ўн беш ёшли капитан”, “Капитан Грант болалари”, “Остин-устин” романларини санаб ўтиш мумкин. Айниқса, “Ўн беш ёшли капитан” романи ўзбек китобхонлари ўртасида катта муваффақият қозонган ва қайта-қайта нашр этилган. “Кичкина шаҳзода” ҳам худди шундай.

1960—80-йилларда Стендал, Прос­пер Мериме, Альфред де Муссе, Мопассан, Барбюс ҳикоялари, Александр Дюманинг “Қора лола”, “Уч мушкетёр”, “Граф Монте-Крис­то”, Оноре де Бальзакнинг “Евгения Гранде”, “Горио ота”, “Сағри тери тилсими”, Виктор Гюгонинг “Бюг Жаргал”, Стендалнинг “Қизил ва қора”, “Парма ибодатхонаси”, Мопассаннинг “Азизим”, Флобернинг “Бовари хоним”, Эмиль Золянинг “Ҳамал”, Ф. Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэл” романлари ўзбек китобхонларига ҳавола қилинди. Пол Элуар, Луи Арагон, Аполлинер, Жак Превер каби француз шоирлари асарлари, шунингдек, театр учун В. Гюгонинг “Қиролнинг дилхуши” шеърий драмаси, таржима қилинди.

Мустақилликдан кейин асос солинган “Жаҳон адабиёти” журнали ўзбек китобхонларига жаҳон адабиёти, жумладан, француз адабиёти намуналарини таништиришда катта ҳисса қўшиб келмоқда: Андре Моруа, Морис Леблан, Франсуаза Саган (“Кўлмак сувда қуёш парчаси”), Лафонтен, Альбер Камю (“Бегона” қиссаси ва “Вабо” романи), Жорж Сименон (“Мегрэ министр ҳузурида”), Аббат Прево (“Кавалер Дегрио ва Манон Леско қиссаси”), Габриел Руа (“Умр — оқар дарё”), Морис Дрюон, Амин Маалуф (“Самарқанд” романи), Пьер Бул (“Маймунлар сайёраси”), Виктор Гюго (“Шоҳона ишрат” драмаси).

Француз тилидан таржималар асосан рус тили орқали қилиб келинган. 1980-йиллар охири, 1990-йиллар бошларига келибгина аслиятдан таржима қилишлар бошланган, масалан, Шарль Перро эртаклари, Монтескьенинг “Форс номалари” асари каби. Франция элчихонаси кўмаги билан француз адабиётининг икки ёрқин намояндалари Вольтернинг “Задиг ёки тақдир”, Мориакнинг “Илонлар чангалида” асарлари (таржимонлар Ш. Миноваров, М. Холбеков, Р. Қиличев), шунингдек, Ле Клезионинг “Мондо ва бошқа ҳикоялар” китоби (таржимон Ш. Миноваров) аслиятдан таржима қилиниб, ўзбек китобхонларига ҳавола этилди.

2. Ўқиш зарурлиги бугунги кунда ахборот билан боғлиқ. Бу иш учун зарур ва француз тилида ёзилган турли соҳалар бўйича китоблар жуда ҳам кўп. Муаллиф ва китобхонларнинг ўртасидаги муносабат жамиятни билишдан иборатдир.

3. Адабиёт муҳим муносабатга эга: у бошқа одамлар ҳаёти тўғрисида маълумот беради ва катта хато қилмай тушунчалар билан ўйлаш имкониятини яратади. Бошқа одамлар тажрибасини ўрганиш (жумладан, бу воқеа сиз билан ҳам бўлиши мумкин) ва бошқа инсонни тушуниш учун китоб ўқиш лозим. Глобаллашув ўзга муаллифлар, давлатлар, миллатлар тўғрисида билиш имкониятини беради. Чегара йўқлиги ўз бойликларни, ўз урф-одатларни йўқотишга олиб келмайди. Аксинча, глобаллашув уларни қиёс этиб ва яхши кузатиш имкониятини яратади, бундан ташқари, одамлар бир-бирини тушуниш имкониятини беради.

4. Авваламбор, Франция тил ҳамда адабиёт соҳасида, таржима борасида фаол ҳамкорлик олиб бормоқда.

Ўзбекистонда франкофон (француз тилини биладиган одамлар) жуда ҳам кўп. Бу эса катта устунлик, чунки шу авлод бошқа хорижий тиллар ўқитувчиларини етарли даражада тил билишида ёрдам беради, ва улар, ўз навбатида, мактабларда дарс беришади ҳамда ўз мойиллигини кўрсатади. Шунинг учун, университетларда бўш ўринларни кўпайтириш зарур.

Француз альянси ўз навбатида талабалар ва катта одамлар учун француз тили дарсларини ташкил қилади. Битта тил бошқа тилдан устун эмас эканлигини ёддан чиқазмаслик лозим: Ўзбекистон каби давлатларда одамлар кўп тилларда, жумладан, ўзбек ва рус тилларда, гапира олишади. Бу қобилият эса бошқа хорижий тилни ўрганишда ёрдам беради ва бошқа мамлакатларнинг ёзма адабиётидан эркин фойдаланишни осонлаштиради. Энг истеъдодли инсонлар учун эса бу уларнинг касб ва шахсий ҳаётида катта аҳамиятга эгадир.

 

Шавкат ОДИЛЖОН ёзиб олди