“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

СУМАЛАКНИНГ ТАЪМИ ЁДИМДА ҚОЛГАН...

Раҳул ПАНДЭ ЖИ,

ҳиндистонлик талаба

СУМАЛАКНИНГ ТАЪМИ ЁДИМДА ҚОЛГАН...

Фарғона вилоятига ташриф буюрганимизда миллий анъаналарингиз билан яқиндан танишишга муяссар бўлдим. Ўшанда баҳор, сумалаклар пишириладиган фасл эди. Халқингиз миллий байрам — “Наврўз”ни қанчалик шодиёна, хурсандчилик билан қарши олишининг гувоҳи бўлдим. Ўша куни тайёрланадиган сумалак, ҳалим, кўк сомса, манти каби миллий таомларингизнинг таъми бутун умр ёдимдан чиқмаса керак.

Исми шарифим — Раҳул Пандэ Жи. Мен 1989 йил Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида туғилганман. Аслида, мутахассислигим компьютер технологиялари соҳасида бўлса ҳам, гуманитар фанларга қизиқишим катта. Шу боис шаҳримизда қад ростлаган “Тожмаҳал” саройига ишга киришга қарор қилдим.

Ҳиндистон — гўзал мамлакат. Бунда унинг кўркига-кўрк қўшиб турган “Тожмаҳал”нинг ўрни беқиёсдир. Орадан кўп асрлар ўтган сари ҳаммани ўзига жалб қилаётган “Тожмаҳал”ни зиёрат қилиш учун борган сайёҳларга  биз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг она тили, яъни ўзбек тилида маълумот берсак янада яхши бўлишини англаган ҳолда, ўзбек тилини ўрганиш учун юртингизга ташриф буюрдик.

“Тожмаҳал” Ҳиндистоннинг ҳуснига ҳусн қўшаётган бўлса, унинг маънавий ривожланишига ҳали ҳамон “Бобурнома” қўл келмоқда. Асардаги табиат манзаралари дейсизми,  урф-одатларми, умуман илм-фан учун том маьнодаги хазина эканлигини билгани сари ҳар бир инсоннинг Ўзбекистонга келгиси келса керак.

Бир йил мобайнида Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети қошида ташкил этилган тил марказида  таҳсил олдим. Бунда ўзбек ёшларининг тилга, илмга бўлган  интилишлари  жуда кучли эканлиги, уларнинг бир-бирига ҳурмат билан муомала қилишлари, меҳрибонлиги бир умрга етгулик катта таассурот қолдирди. Бир сўз билан айтганда, ўзбек дўстларимдан жуда кўп нарса ўргандим. Ҳиндистонга борганимда улардан ўрганган билим ва тажрибаларимни муносиб тарғиб қиламан. Чунки, азалдан юртингиз ва халқингиз ҳақидаги фикрлар юртдошларимизни қизиқтириб келган.

Дунёнинг турли мамлакатларида бўлганман. Аммо ҳеч бири мени юртингизчалик ўзига тортмаган. Ўзбекистон — меҳрли мамлакат! Эҳтимол бу қариндошлигимизнинг исботидир... Баъзан Ватанингизда сайёҳ эканлигимни ҳам унутиб қўяман. Бу одамларингиз билан жуда тез чиқишиб кетганимдан  далолат бўлса керак.

Ўзбекистонда илм олиш билан биргаликда Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Наманган, Андижон каби вилоятларга сафар уюштирдик. Саёҳат давомида юртдошларингизнинг меҳмондўст ва самимий эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Шуни чуқур англадимки, Ўзбекистон ҳақидаги билимларим ҳали ҳеч нарса эмас экан. Қадим замонлардан  сўз очган тарихингиз жуда бой ва қизиқарли. Уни ўрганиш учун йиллар керак. Бу эса юртингизга яна келишим учун муносиб сабаб бўлади.

Келажакдаги мақсадларимдан бири — юртингизга яна қайта келиш. Барибир, Ўзбекистон юрагимга яқин мамлакат. ЎЗБЕКИСТОННИ бошқача яхши кўраман! Икки давлат ўртасидаги дўстлик ришталарини бардавом бўлишини тилайман.

Суҳбатдош Шоҳсанам НИШОНОВА

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси.