“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

У ЎЗБЕКИСТОННИНГ “АТИРГУЛИ” ЭДИ

Биплаб МАЖИ,

ҳинд шоири

У ЎЗБЕКИСТОННИНГ “АТИРГУЛИ” ЭДИ

“Китоб дунёси”нинг  бу галги меҳмони Ҳиндистонлик таниқли шоир, ёзувчи ва тан­қидчи Биплаб Мажи бўладилар.

Биплаб Мажи 1947 йил 30 майда Ҳиндис­тоннинг Бенгали шаҳрида туғилган. Ҳиндис­тондаги Манипур университетини тамомлаган. 1975 йилда Моквада таҳсил олган.Унинг 80 га яқин шеърий, насрий, публицистик жанрдаги китоблари чоп этилган.

— Ассалому алайкум, жаноб Биплаб Мажи! Сиз билан ғойибона бўлса-да, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганимдан беҳад хурсандман.

— Ассалому алайкум! Албатта мен ҳам мамнун бўлдим. Москвага кетаётганимда, юртингизга, аниқроғи, Тошкент шаҳрига йўлим тушганди. Сеҳрли шаҳрингизда атиги тўрт кунгина кечган саёҳатим Ўзбекистон ҳақида унутилмас таассурот билан қайтишимга етарли бўлганди.

— Раҳмат. Сизнинг анча йиллар аввал ўзбек шоираси Зулфияхоним билан юзма-юз кўришганингизни эшитдигу, сиз билан яқиндан суҳбатлашишга шошдик...

Очиғини айтсам, ёқимли ҳотираларимни уйғотиб юбордингиз. Бундан 46 йил аввал, яъни 1970 йилда Янги Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган 4-Африка-Осиё Ёзувчилари анжуманида мен энг ёш иштирокчи эдим. Ўша конференция ҳақида ҳали ҳануз фахрланиб гапираман. Чунки, биринчи бор жаҳоннинг машҳур шоир-ёзувчиларини айнан ўша анжуманда кўргандим. Уларнинг орасида ёш ва гўзал шоира Зулфияхоним ҳам бор эди. Гарчи, бу воқеага кўп йиллар бўлган бўлсада, аниқ-тиниқ эслайман, менинг назаримда Зулфия Ўзбекистоннинг атиргулига ўхшарди. Ҳа, у тонгги шабнам ўпган бокира гул эди гўё. Дунёнинг таниқли адиб ва шоирларининг самимий ҳурматига сазовор бўлган бу шоиранинг камтаринлигига чиндан ҳам ҳавасим келганди.

— Зулфияҳонимнинг фестивалда ўқиган шеърларининг мазмунини эслай оласизми?

      — Албатта. Ўшанда у дўстлик, тинчлик, таби­ат гўзаллиги ҳақидаги шеърларини ўзига хос ўктам овоз билан ўқиганди. У шеър ўқиётганда, бутун залга жимлик чўкканди. Жуссаси аёлларга хос нозик ва латиф бўлса-да, шижоати худди эркакларникидек эди. Шоиранинг шеъри якунлангач, гулдирос қарсаклар анча вақт давом этганди. Кейинчалик қизиқиб, Зулфияхонимнинг ҳинд ва инглиз тилига таржима қилинган шеърларини ҳам излаб топдим ва, англадимки, у бетакрор лирик шоир. Унинг, айниқса, табиатни асраш ҳақидаги шеърлари диққатимни тортган. Боиси, биз энди-энди “экошеърият” йўналишида ижод қила бошладик. Лекин Зулфия ўша пайтдаёқ бу изтиробни ҳис қилган – табиатни асраш ҳақида мардонавор шеър­лар ёза олган. Лекин афсуски, у пайтда фотокамералар оммалашмаганди. Ҳатто машҳур журналист Сумит Чакраборти ҳам Зулфияхонимдан олган интервьюни суратсиз чоп этганди. Бироқ сизнинг сувратингизга кўзим тушиб, аввалига Зулфияхоним, деб ўйладим. Қиёфангиз ўхшашлиги ҳам бежиз бўлмаса керак. Очиғи, барча ўзбек қизлари Зулфияхонимга ўхшармикин, деб иккиланганим ҳам рост.

— Ўзбек китобхонларига дил сўзларингиз...

— Китоб худди денгизга ўхшайди. Китобхонлар эса ана шу денгизнинг дур терувчи ғаввосларидир. Китобхонлар нафақат муллифнинг дунёсини кашф этишади, балки тасаввурларидаги алоҳида дунёни яратадилар. Демак, тинимсиз яхши китоб мутолаа қиладиган инсонларни ҳеч иккиланмай буюк ёзувчилар дейиш мумкин. Истайманки, китобхонларнинг қалбидаги ана шу буюклик ҳамиша бор бўлсин!

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси Меҳриноз Аббосова суҳбатлашди.