“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“ЎЗБЕКИСТОНГА МЕҲРИМ БЎЛАК, ҲУРМАТИМ ЮКСАК...”

Герҳард БИРКЛ,

Германиянинг “Silk Road Company”
маданий-жамоатчилик компанияси директори

“ЎЗБЕКИСТОНГА МЕҲРИМ БЎЛАК, ҲУРМАТИМ ЮКСАК...”

Ўзбекистонга биринчи ташрифимни ҳеч ёдимдан чиқармайман. Тун ярмида аэропортдан чиқарканман, бутун бир оиладаги каттаю кичик мени меҳр-ла қарши олди. Тошкентнинг ёруғ, кенг ва равон кўчаларидан борарканман, одамларнинг бир-бирига меҳрини  кўриб баҳри дилим очилди, чарчоқларимдан бир зумда халос бўлдим. Ўзбекистоннинг гўзал обидалари, баҳаво масканлари ҳайратимни оширди. Ватанимга қайтар чоғимда кўнглимга бу олийҳиммат, меҳмондўст, бағрикенг халққа қандай қилиб миннатдорлик билдиришим мумкинлиги тўғрисида ўйлаб қолдим. Қадим тарихи, улкан илмий салоҳияти, аҳил, бирдам ва хушфеъл халқи бор Ўзбекистон хаёлимдан кетмай қолди. Илк бор ташрифим 2011 йилнинг сентябрь ойида бўлган эди. Ўзбекистонда 2014 йил декабрь ойида ўтказилган Парламент сайловида, 2015 йил март ойида ҳамда 2016 йил декабрда бўлиб ўтган президентлик сайловларида Германия делегациясидан сайлов кузатувчиси сифатида иштирок этдим.

Камтар ва камсуқум ўзбек халқи мени мақтанчоқликда айбламас деган умиддаман. Фаолиятим ҳақида бироз тўхталгим, ушбу нашр орқали бохабар қилгим келяпти. Мен асли мюнхенликман. 1991 йилда тадбиркорларга яқиндан ёрдам бериш мақсадида ахборот технологиялари соҳасида фирма ташкил этдим. Айтиш мумкинки, ушбу мамлакатнинг ҳар қаричи осори атиқаларга бой. Юксак маданият, ўлмас ва бебаҳо қадриятлар, урф-одатлар, осмонўпар тарихий иншоотларга тўла. Бундай номоддий маданий меросга эга мамлакатлар дунёда камдан-кам топилади. Уларнинг барчасини замонавий ахборот технологиялари ёрдамида бирлаштиришга қарор қилдим. Қисқаси, мен уларни ахборот технологиялари орқали бутун дунёга илм-маърифатнинг, юксак меъморчилик ва одоб-ахлоқ, гўзал ва баҳаво табиатнинг намунаси эканини англашини истардим. Шу мақсадда бир қатор чиқишлар қилдим.

Ўзбекистон янгиликлари ҳамда Бухоро, Чорвоқ, Хива, Самарқанд, Тошкент саёҳатларидаги таассуротлар ҳақида “Тантана коллекцияси”, “Минг бир кеча эртагининг эсдан чиқмас сеҳри” номли ажойиб публикациялар ана шу интилишларнинг мевасидир. Қолаверса, ўзбек-немис деворий тақвимини ташкил этдим. Айни пайтда ушбу нашрнинг муҳаррири сифатида ҳам фаолият юритяпман.

2013 йили ташаббус билан чиқдик. Ўзбекистон галереяси, 2014 йили эса USBEKISTAN-ONLINE интернет портали ташкил этилди.

Ташаббусимиз ва ташкилотчилигимизда 2014, 2015 йилларда Мюнхен шаҳрида ўзбек Наврўз фестивали, “2016 NAWRUZ” галаконцерти ўтказилди. Ўзбекистон тўғрисида доимий тарзда маърузалар ва турли тадбирлар ўтказишни ўз зиммамга олганман. “Ўзбек адабиёти кечаси”, 2015 йил – кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан тадбирлар кўтаринки кайфиятда ўтказилди.

Бу ишларнинг барчасини ўзбек халқига бўлган юксак ҳурмат намунаси деб қабул қилгайсиз. Ўйлайманки, дадил ривожланаётган, дунёнинг манаман деган давлатлари қаторидан муносиб ўрин олиб бораётган Ватанингиз келажаги бунданда порлоқ бўлади. Бир фикримни дунё аҳли ҳеч қачон рад этмайди, деган умиддаман: Ўзбекистон – тарихи залворли, бугуни тинч ва фаровон, келажаги буюк мамлакат.

Яна уйга қайтиб келдим, лекин ўй-хаёлларим хали ҳам сеҳрли диёрда қолди. Ҳар сафар Ўзбекистонга ташриф буюрганимда янги-янги саргузаштларни бошдан кечираман. Бу унутилмас лаҳзалар мудом фикру ±димда қолади.

Наримонбек ЭЛЧИБЕКОВ ёзиб олди.