“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“ҲАММАСИ УЧУН ТАШАККУР, ЎЗБЕК ХАЛҚИ!”

Даян Дель Розарио,

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси
маданият ва  таълим масалалари атташеси

ҲАММАСИ УЧУН ТАШАККУР, ЎЗБЕК ХАЛҚИ!”

Ўзбекистон бой маданий меросга эга. Буюк Ипак йўлидаги шаҳарларнинг бетакрор ва қадимий меъморчилиги мени ҳар доим ҳайратга солади. Мен кўп вақтимни сайёҳларнинг қадами аримайдиган Самарқанд, Бухоро ва Хива каби машҳур шаҳарларни бориб кўришга ва уларнинг тарихини ўрганишга сарфладим. Шунингдек, Ўзбекистонга саёҳатим давомида мен Марғилоннинг тўқувчилик санъати, Чуст ҳунармандларининг пичоқчилик маҳорати ва Риштон кулолчилиги билан ҳам танишдим. Таассуротларимнинг бари қалбимда чуқур жой эгаллади.

Менга сизнинг миллий таомларингиз ҳам ёқади. Машҳур таомлардан Хоразмнинг тухумбараги, Термизнинг тандиргўшти ҳамда Тошкент норинининг мазасини унутиш амримаҳол. Сомса, шўрва, кабобни хуш кўраман ва кунора тановул қилиб тураман. Бу ерда қилинадиган сузмаю қатиқнинг ёқимли таъмини дунёнинг
бошқа гўшасидан тополмайсиз. Баҳорда тайёрланадиган сумалак каби қадимий ва нодир таомни шу мамлакатда учратдим. Дарвоқе, Ўзбекистоннинг қайси шаҳрига бормайин, албатта, ош буюртираман.

Хуллас, менга Ўзбекистондаги ҳамма нарса ёқди, айниқса, бу ғаройиб мамлакатнинг самимий одамлари билан суҳбатлашиш менга олам-олам завқ бағишлайди. Халқингиз билан мулоқотим давомида бирталай медалларни қўлга киритиб, жаҳон чемпионларига айланаётган, тинимсиз меҳнатию ҳаракати ила кучли спортчи бўлишга талпинаётган ўзбекистонликларнинг ғурури саналган бир қатор иқтидорли ёшларнинг, орзу-интилишлари билан яқиндан танишдим.

Ўзбекистонликларнинг санъатга чуқур эҳтироми ҳам мени тўлқинлантирди. Бу мамлакатда менга машҳур ўзбек хонандаю созандаларининг ижросини тинглаш бахти насиб этди. Таниқли бўлмаса-да, санъатга иштиёқи баланд ҳаваскор ёшларнинг ижодини кузатиб, уларнинг маҳоратига тан бердим. Раққоса ва саҳна артистларининг чиқишлари қалбимдан жой олди. Айтиш жоизки, уларнинг истеъдоди чинданам эътирофу эътиборга арзийди. Ўзбек ёзувчилари, фильм ижодкорлари, актёр ва актрисалар билан кино санъати борасида кечган ғаройиб суҳбатларимни асло унутмасам керак. Ўз ишига садоқат билан ёндашадиган ўқитувчиларга ўқувчиларининг инглиз тилини чуқур ўрганишларига кўмаклашиб, олган таассуротларим ҳам қалбим ардоғида қолади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонликларга меҳмондўстлиги учун уларга ўз миннатдорлигимни етказмоқчиман. Мен ўзбекларнинг анъанаю қадриятлари хусусида америкаликларга сўзлаб бераман, ўйлайманки, бу юртда кўрган-кечирганларим уларга ҳам ёқади. Ҳаммаси учун ташаккур, ўзбек халқи!