“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ОФТОБИ ҲАМОН МЕНИ ИЛИТИБ ТУРАДИ...

Кристофор ФОРТ, 

америкалик

тадқиқотчи

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ОФТОБИ ҲАМОН МЕНИ ИЛИТИБ ТУРАДИ...

Қор. Бўрон. Совуқ. Ўзбекистон кўз олдимда булардан мустасно бўлиб гавдаланади. Серқуёш ўлканинг офтоби хотираларимда ҳамон мени илитиб туради. Мен АҚШнинг Мичиган штатига қайтиб шунчалар кўп қор кўрдимки, кўз юмганимда киприкларимда қор қотиб қолгандай туюлаверади. Совуқ ўлкаларнинг аёзини эслаганимда қовоғим Раззоқ сўфининг қовоғидай уюлади. Эрталаблари ўғлим билан ташқарига ўйнагани чиқишни истаймиз, бироқ ноқулай об-ҳаво туфайли кўчада сайр қилишнинг имконияти йўқлигидан Тошкентни соғина бошлаймиз. Ўзбекистон соғиниб, қўмсайдиган мамлакатдир.

Об-ҳаво борасида бироз муболаға қилаётгандай туюлишим мумкин, аммо Тошкентни соғинганим, у ерларда туйган ҳисларим муболаға эмас. Ўтган йил Ўзбекистонда ўн ой яшадим ва шу вақтда кўп адиблар, олиму санъаткорлар билан танишиш имкониятига эга бўлдим. Бу юрт одамларининг меҳмондўстлиги мени ҳамиша ҳайратга солади. Тез орада худди яқинларим билан яшаётгандай ўзимни ҳис қилардим, қалбимда
Ўзбекистонга нисбатан бегоналик туйғуси йўқ. Кетиш фурсати яқинлашганда, Ўзбекистон билан хайрлашиш лаҳзалари оғир кечди менда.

Ўн ой мобайнида диссертациям учун материал ва маълумотлар тўпладим. Илмий ишимда ХХ аср ўзбек адабиётини ўша вақтдаги рус адабиёти билан қиёслаб таҳлил қилишни кўзлагандим. Шунинг учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек, Пиримқул Қодиров, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов сингари ўзбек адабиёти дарғаларининг асарларини ўқидим.

Денис Фонвизин, Чернишевский, Наримон Наримонов, Мирзо Фатҳали Охундзода, Саид Нафисий, Александр Серафимович, Федор Гладков, Максим Горький, Чингиз Айтматов, Ўлжас Сулаймонов, Александр Солженицин, Валентин Распутин, Владимир Сорокин ва Виктор Пелевин билан қиёслаш асносида уларнинг ижодини муфассал ўргандим.

Бу борада менга ёрдам берган профессорлар, адиблар ва дўстлик қилган тенгқурларимни соғинганман. Наим Каримов, Раҳматулла Баракаев, Нигора Охундадаева ва Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтидаги бошқа олимлар тадқиқотимни амалга оширишим учун амалий ёрдамларини аяшмади. Сувон Мели, Зулхумор Мирзаева, Раъно Муллахўжаева, Санобар Тўлаганованинг суҳбатларини тинглашни соғинганман. Иқбол Мирзо, Исажон Султон, Нодир Жонузоқ, Азизбек Турдиев билан ўзбек, рус ва инглиз адабиёти тўғрисида мастона суҳбат қилиш, «Дўрмон» ижод уйининг ҳовлиси, ўша ерда жойлашган бассейнда чўмилганларимиз ҳеч ёдимдан чиқмайди. Шунингдек, «Китоб дунёси» газетаси ташкил этадиган семинарларга қатнашгим келяпти. Тажрибалию ёш таржимонлар билан фикр алмашганимни эсласам, тўлқинланиб кетаман. Энг яқин дўстларим Дилдора Исоқова, Соҳиба Султонова, Юлдуз Ўрмонова ва Мурувват Ғафуржонова билан фалсафа, шеърият, таржима тўғрисида баҳс этишни ҳали-ҳануз қўмсаяпман. Ўзбекистондан кетганимдан кейин ноябрь ойида Дилдоранинг никоҳ тўйи муносабати билан бир ҳафтага келиб дўстларимни кўрдим, лекин бу муддат камлик қиларди.

Telegram орқали улар билан гаплашяпман ва кейинги вақтларда бир неча лойиҳа устида иш бошладим. Юлдуз ва Мурувватнинг шеърларини таржима қилиб АҚШдаги журналларга топширдик. Зулхумор опа билан инглиз-ўзбек адабий атамалари луғати устида ишлай бошладик. Зулхумор опа билан яна аллақачон ўзи туза бошлаган ўзбек ҳикоялари антологияси инглиз тилига таржимаси лойиҳасида ҳам ҳамкормиз.

Ўзбекистон боғларида шираси тилни ёрадиган, мақтаса арзигулик мевалар бисёр экан, айниқса, хурмонинг мазасини унутолмайман. Ноябрь ва декабрь ойларида ҳар икки кунда аёлим билан бир челакдан хурмо сотиб олардик. Мичиганда хурмо еб кўрдим; мазаси ғалати, худди суви қочган сабзига ўхшайди. Дўстимнинг маслаҳатига риоя қилиб хурмони музлатиб қўйиб, сўнг иситиб еб кўрдим, бироқ бўлмади. Ўзбекистоннинг хурмосига етмас экан.

Ёзда Ўзбекистонга қайтаман деб умид қиламан. Совет-Афғон уруши фожеалари ҳақида ёзган муаллифлар ижоди устида тадқиқот ўтказиш мақсадида ҳар хил грантларга ариза беряпман. Қолаверса, Ўзбекистон ва АҚШ университетлари ўртасидаги дўстона алоқаларни ҳам мустаҳкамлаш ниятимиз бор.