“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎЗБЕКИСТОН — ҚАЛБИ ЁРУҒ ОДАМЛАР ЮРТИ

Даисукэ НАКАИ,

«Kyodo News» Ахборот агентлигининг

Москва бюроси мухбири, (Япония)

 

ЎЗБЕКИСТОН — ҚАЛБИ ЁРУҒ ОДАМЛАР ЮРТИ

Мен Ўзбекистонда бундай ажойиб манзара-воқеалар гувоҳи бўламан, деб сира ўйламаган эдим. Ўзбекистон ҳақида ўқиб, эшитиш бошқа, бу жойни ўз кўзинг билан кўрганинг бошқа экан.

Сафаримнинг биринчи куни Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида бўлдим. Бу бино қурилишида урушдан кейин менинг миллатдошларим ҳам иштирок этган. Ўзбек халқи уларга меҳрибончилик қилгани, ҳатто кийим-кечаклар олиб келиб беришгани, оқибат-саховат кўрсатгани, раҳм-шафқат тимсолида жуда яхши муносабатда бўлганини эшитиб юрагим тўлиб, кўзимга ёш келди. Тақдири чилпарчин бўлган ўзга бир халқ вакилларига меҳр кўрсатган бундай олижаноб халқ олдида таъзим қиламан.

Мени яна бир манзара қаттиқ ҳаяжонга солди: Япон асирлари кўмилган қабристонда бўлдим. Ёнимдаги ўзбек ҳамкасбим қабристонда ўрнатилган лавҳ олдида қайғуга чўмиб таъзим қилди. У худди ўз биродарларининг қабри ёнида тургандай эди, бўғзимни изтиробли йиғи ўртади, бунчалар инсонпарвар, меҳр-муҳаббатли бўлмаса бу халқ, деган ўй-тасаввуримни тилкалаб ўтди. Қабристонга қараб турадиган чол келди. Исми Оқил ота. Оқил ота Жалилов. 1942 йилда туғилган экан бу киши.

— Японлар анови ерда, темир йўл қурилишида ҳам ишлашган, — деди чол. — Қабристон ҳудудидан ташқари, кунботар томонни кўрсатиб. — Бизнинг ҳовлимиз анави ерда эди. Мен олти яшар бола эдим. Онам боғимиздаги мева-чеваларни териб, челакни тўлдириб ишлаётган японларга бериб юборардилар. Улар ҳам Худонинг бандаси, савоб бўлади, дердилар. Отам шу қабристонга қараб турардилар. Бу ерда ётган японларнинг кўпини отам ерга қўйганлар. Мана, энди мен қараб турибман.

Чолнинг чеҳраси самимий, жуда чиройли эди. Қалби ёруғ инсон эди чол.

Қабристон атрофи тоза, озода. Сакуралар бўй чўзган. Улуғ ўзбек халқининг меҳри олдида яна бир бор таъзим қилдим.

Қайтаётганимизда ўзбек ҳамкасбим кўнглимни кўтарди: «Дунёда бегона халқ, бегона одам йўқ. Фақат бегона тушунчалар бор. Урушни халқлар эмас, бегона тушунчалар қилади. Шунинг учун ҳам ҳеч бир урушда халқ ғалаба қозонмайди, ғолиблардан ҳам, мағлубларда ҳам халқ азоб чекади, халқ қирилади...» деди. Мени унинг фикрлари довдиратиб қўйди. Тилмоч қизга айтдим: «Дунёда бегона халқ йўқ, бегона тушунчалар бор...» деган фикрларини мақоламга сарлавҳа қилсам майлими, сўраб беринг, дедим. Ҳамкасбим кулди, бундай фикрни ҳар бир ўзбек айтади, деди.

Дарвоқе, яна ўзбеклар ҳақида, ўзбек ёшлари ҳақида... Сафар давомида бир нарсага амин бўлдим, Ўзбекистонда тўқсон саккиз фоиз аҳоли, айниқса, ёшлар Ўзбекистоннинг келажагига ишонади. Бу жуда юксак туйғу. Бу келажак сари қатъиятли қадам. Дунё ҳавас қилса арзийди, бунга!

Яна бир гап, кечки нонушта пайти, ҳашаматли меҳмонхонанинг ойнаванд ресторанида овқатланиб ўтирардик. Суҳбатдошим: «Японияда ўсаётган дарахтнинг бир илдизи бизнинг еримизгача келганини биласизми?», деб сўраб қолди. Мен ҳам ҳайратландим: «Қанақасига? Шунча минг километр масофага қандай қилиб илдиз чўзилиб келиши мумкин?» дедим.

— Ана қаранг, — деди у ташқарига ишора қилиб.

Мен ойна ортига чироқлар ёритиб турган қиш оқшоми бағридаги боққа қарадим.

— Япон боғи бу. Анави қорайиб бўй чўзган дарахтлар — сакуралар, япон сакуралари. Ҳа шундай. Ер шари жудаям кичкина, дарахтлар ҳам бир-бири билан илдизлашиб туради, — деди.

Уни жуда яхши кўриб кетдим.

 

ТошДШИ талабаси

Зулайҳо ИБРОҲИМОВА