“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎЗБЕКИСТОН ЮРАГИМГА ЯҚИН ЎЛКА

ҲАНБИЯ,

кореялик журналист

 

ЎЗБЕКИСТОН ЮРАГИМГА ЯҚИН ЎЛКА

Марказий Осиё саёҳатчиларига ўтиладиган умумий семинарларда Марказий Осиёда энг гўзал ва кўрса арзигулик жойлари кўп мамлакат, дея Ўзбекистон эътироф этилади. Бир пайтлари бу юрт Буюк Ипак йўлидаги савдо маркази бўлган, Ислом дини тарқалгандан кейин эса дин ва илм марказига айланган, дейишади. Асосан Бухоро ва Самарқанд чиройи, табиатига ошуфта бўлган шоҳлар бу шаҳарни галма-галдан пойтахт қилдилар. Бор куч ва имкониятларини сарфлаб, мусобақалашгандек муҳташам масжиду мадрасалардан иборат осори атиқа бунёд этишди, бетакрор асарлар дунёга келди. Натижада бу икки шаҳар бамисоли осмон остидаги очиқ музейларга айланди.

Бухородаги қадимий бинолар қарийб бир юз қирқта, барчаси маданий бойликлар сифатида асрлар оша асраб келинаётир. Атрофни пиёда айлансангиз, 30 дақиқалик йўл, унча катта жой деб бўлмайди. Қадимги карвонсаройлар, муҳташам масжид, мадрасалар, сарой ва тарихий шахсларнинг мақбаралари бор. Энг эътиборлиси, Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган йўл кўрсатувчи минора ҳали ҳам қад ростлаб турибди. Баландлиги 47 метр бўлган бу минора ҳақида бухороликлар юз йилликларни кўрган, дунёдаги энг баланд минора, деб фахрланадилар.

У Чингизхон шаҳарни забт этиб, култепага айлантиргандан кейин ҳамомон қолган. Бу ҳақда шундай афсона бор. Эмишки, Чингизхон минора олдидан ўтаётганида шамол қалпоғини учириб юборади. У қалпоғини оламан деб эгилади ва буни кўриб қолган маҳаллий аҳоли Чингизхон ҳам минора олдида бошини эгди, демак, уни бузиб бўлмайди, шундайлигича қолдирилади, деб ишонадилар...

Бухоро кўркининг юксак намуналари минораларисиз ҳам табиатан гўзал шаҳар. Аммо шаҳарни янада чиройли қилган нарса қадимий шаҳар ичида бугуннинг яшаб, нафас олаётгани. Тўрт юз йил бурун қурилган тимлар остида ҳали ҳам одамлар савдо қилишмоқда. Либослари ота-боболари кийган либослар билан бир хил. Қадимда барпо этилган масжид ва мадрасаларда эса, ҳали ҳам одамлар кунда беш маҳал намоз ўқиб, толиби илмларнинг Қуръон тиловати овозлари аниқ-тиниқ эшитилиб туради.

Ҳаттоки, Х асрда қурилган ҳаммомдан ҳалигача одамлар фойдаланаётгани кишини ҳайратга солади. World City (Дунё шаҳри)га кираверишда кўзга бирдан ташланадиган улкан мадраса ва масжид олдида ҳовуз, қишлоқ одамлари ҳовуз бўйидаги сўрида суҳбат қуриб, чой ичиб, шахмат суришмоқда.

Мен ҳам сўрида ўтириб кўринишидан ўзимизнинг мандуга ўхшаб кетадиган мантининг бир косасини бир чойнак кўк чой билан еб маза қилдим.

Ўзбекистон — мен борган мамлакатлар ичида алоҳида ажралиб турадиган ва юрагимга яқин ўлкага айланган мамлакатдир. Қадимийлик ва замонавийликнинг ажойиб уй-ғунлашуви ҳамда мазали таомлар сабабли бу шаҳарда нақ тўрт кун қолиб кетдим.

Корейс тилидан Рахшона АҲМЕДОВА таржимаси