“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎЗБЕКИСТОНГА ҲУРМАТИМ САБАБ СУРАТГА ТУШАМАН...

Яқинда Бокуда бўлиб ўтган Халқаро гуманитар форумда бир гуруҳ ҳамкасблар билан қатнашдик.

Бу йилги форумда 17 нафар Нобель мукофоти соҳибининг иштирок этиши унинг нақадар улуғворлик касб этганининг далолати эди. Кимё, физика, тиббиёт, адабиёт, иқтисодиёт сингари йўналишларда мазкур юксак мукофотга сазовор бўлган ёзувчи ва олимлар ўз йўналишларида сўнгги йилларда эришилаётган ютуқлар ҳақида маъруза қилишди. Ушбу маърузаларда асосий эътибор фақат бир нарсага – инсониятнинг фаровон, тинч, бар­қарор ҳаёт кечиришига қаратилди.

Улар орасида Адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори, нигериялик адиб Воле Шойинка ҳам бор эди. Очиғи, бу ёзувчининг номини эшитган бўлсам-да, бирор асарини ўқимаган эканман. Дар­ҳол тадбир ўтаётган саройдаги Wi-Fi имкониятларидан унумли фойдаланиб, “Google” қидирув тизимидан у ҳақидаги маълумотларни излашга тушдим.

Маълумотларга кўра, унинг тўлиқ исми Акинванде Воле Бабатунде Шойинка бўлиб, 1932 йилда Нигериянинг Адеокуте вилоятида таваллуд топган экан.

Воле Шойинка 22 ёшида Буюк Британияга бориб, Лидс университетига ўқишга кирган. 1957 йилда университетни битириб, санъат ва маданият бакалаври даражасини эгаллаган. Шу ерда ўзининг илк драматик асарлари — “Бот­қоқда яшовчилар”, “Шер ва марварид” пьесаларини ёзган. Ушбу асарлар Лондонда сахналаштирилган.

1960 йилда ватани — Нигерияга қайтган адиб, ўзининг ҳаваскор театр труппаси “Ниқоблар-1960”ни ташкил этган. Шунинг баробарида университетда инглиз тилида сабоқ бера бошлаган. Тақдир тақозоси билан адиб Африка ва Европанинг бир қатор шаҳарларида яшаб, фаолият кўрсатган. Ўзининг ҳурфикр­лилик ғоялари билан суғорилган асарлари сабабли кўпгина ўлкаларда тақиққа учраган. Шунга қарамай баракали ижод қилиб, ўнлаб шеърий, насрий, публицистик тўпламларни нашр қилдирган.

Воле Шойинка ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йилларида ўзининг инглиз ва йоруба тилидаги шеърий, насрий ва драматургик асарлари билан довруғ таратган. 1986 йилда “Йирик маданий истиқболларга эга драматик ва шеърий асарлар яратгани учун” Нобель мукофотига лойиқ топилган.

Лекин мени энг ҳайратга солгани адибнинг лирик тўпламларидан бири “Самарқанд ва мен билган бошқа бозорлар” (Samarkand and other markets i have known) деб номланар ва адибнинг ушбу жаҳоншумул мукофотни олишида мазкур тўплами катта аҳамиятга эга.

Хуллас, тадбир сўнгида адиб билан суратга тушиш мақсадида ортидан қолмадим. Аммо ҳар қанча уринмай, уни “тутиш” қийин кечди. Менга ўхшаб у билан суратга тушмоқчи бўлганлар кўп эди. Бироқ у “Мени кечирасизлар, мен одатда ҳеч кимга интервью ҳам, дастхат ҳам бермайман, суратга ҳам тушмайман” деб узр сўради ва биздан узоқлашди.

Эртаси куни кечки пайт “Гулистон” саройида ўтган расмий қабул пайтидагина ўзбекистонлик ҳамроҳлар Мақсуджон Асқаров, Шуҳрат Саломов ва мен “инжиқ” ёзувчини “қўлга туширдик”. Унга Ўзбекистондан келганимизни айтиб, Самарқанд ҳақида китоб ёзгани учун миннатдорчилик билдирган бўлдик ва биз билан суратга тушишини сўрадик.

— О, Самарқанд! Амир Темурнинг муаззам пойтахти! Мен бу гўзал шаҳарни жуда яхши кўраман. Бориш ниятим бор, — деди жаноб Шойинка табассум билан. — Одатда мен ҳеч ким билан суратга тушмасдим. Лекин Ўзбекистонга, Самарқандга бўлган ҳурматим сабабли сизлар билан истисно тариқасида суратга тушаман.

Ҳа, биргина ана шу “истисно” ҳам қалбимизда ўзбеклигимиз, Ўзбе­кис­тон фарзанди эканлигимиз учун ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотди.

Хуллас, мана ўша – катта машаққат эвазига қўлга киритилган сурат: чапдан ўнгга томон санаб борсангиз, kun.uz сайтининг бош муҳаррири Мақсуд Асқаров, камина, жаноб Шойинка ва шу суратни “ундириб” берган тарихчи ва публицист Шуҳрат Саломов.

 

Рустам ЖАББОРОВ