“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Мариалсира Матутэ: “КИТОБИ БОР УЙ — ТЎКИС КОШОНА”

Мариалсира Матутэ — венесуэлалик журналист. Китоб тар­ғиботига бағишланган теле ва радиодастурлар продюсери ва сухандони. Таржимонлик, Креативлик ва Коммуникация Институтининг кино, вақтли матбуот ва телевидение учун ижодкор-ёзувчилар Олий Дастури битирувчиси, адвокат ва Архитектура бўйича олий техник. 1998 йилдан бери бир қатор миллий мукофотларга сазовор бўлган “Медиатика китоб жавони” лойиҳасини бошқаради ва продюсерлик қилади.

— Аввало, Хорхе Луис Борхеснинг қуйидаги фикрига муносабатингизни билишни истардим: “Инсон томонидан яратилган турли ускуналар ичида энг ҳайратга сазовори китоб­дир. Қолган барчаси унинг тан кенг­ликларидир... фақат китобгина тасаввур ва хотира кенгликларидир”.

— Ҳа, чиндан ҳам ҳайратланарли. Қандай кўринишда бўлмасин, китоб мутолаа қилиш фақат инсон зотигагина инъом этилган имтиёздир. Қандай қилиб бу имтиёздан бош тортиш мумкин?

Илк бора қайси китобни мутолаа қилгансиз?

— Ҳарфларни доим газета ўқиб ўтирадиган отамдан сўраб таний бошлаганман, ўқишни эса муаллима онам билан ўрганганман. Илк китобларим сеҳр­ли эртаклар ва саргузаштлардан иборат эди. Секин-аста бошқа жанрларга қизиқа бошладим. 6 ёшимда Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода”сини ўқиганман. Табиийки, уни матн жиҳатидан тушунганман, асарнинг асл моҳиятини англамаганман. Кейинчалик, 20 ёшимда қайта ўқиб ушбу асарнинг поэтик сеҳрини туйганман.

Сизнингча қай бири муҳимроқ: анъанавий кутубхоналарми ёки уларнинг электрон варианти?

— Ҳозирги кунда иккаласи бир-бирини тўлдиради. Қоғоз китоблар ўрин олган анъанавий маконларнинг ўрнини ҳеч нима боса олмайди. Жамиятда уларнинг ўрни каттадир. Китоблар ўқувчилар ихтиёрига бепул топширилган ушбу катта-кичик майдонлар фақат китоб омбори эмас, балки кўпчилик учун таълим ва маданият паноҳ топган жойдир. Қоғозга битилган хабарлар асрлар ўтса ҳамки, электрон воситалар тезлиги билан алмаша олмайди. Ҳозирда эса электрон кутубхоналар таклиф этаётган яқинлик ва уйдан чиқмай китоб­дан фойдаланиш қулайлиги ўқувчилар учун улкан фойдадир.

— “ТВ-Мутолаалар”ни яратиш фикри қачон туғилди ва бу лойиҳа нимадан иборат?

— Йиллар мобайнида “Медиатика китоб жавони” кўрсатувидан ўтган китобхонларнинг кўпчилигини китобхонликни тарғиб қилиш бўйича ўз лойиҳаларини яратишга илҳомлантирдик. Венесуэлалик ёзувчи Густаво Перейра айтганидек, маданиятда ҳеч нима кўплик қилмайди, ортиқчалик яхшидир... биз Миллий Журналистика Мукофоти совриндори бўлган, ўз ривожига эга ло­йиҳани янада мустаҳкамлаш вақти келди, деб ўйладик. “ТВ-Мутолаалар” бу — мавзулаштирилган китоб канали. Бу лойиҳани www.tvlecturas.com сайтида кўриш мумкин. У ердан китоб ва китобхонлик тарғиботига қаратилган юзлаб видеолавҳалар ўрин олган.

Ҳар қандай даврда ва мамлакатда хаёлий, деб саналган бу лойиҳа китоб ва китобхонликка улкан аҳамият берилаётган Венесуэлада мутлақо амалга оширилиши мумкин ва у қўллаб-қувватланилмоқда. Бу шундай даврки, унда театр, рақс, симфоник ва халқ оркестрлари тараққий этган, Миллий Театр Фестивали, Жаҳон Шеърият Фестивали ўтказиляпти, опера, музейлар фаолияти ривожланяпти. Шундай улкан маданий тўлқинда китоб яхши шамол остида сузиб бормоқда.

Ўзимизнинг “Медиатика китоб жавонида”ги телекўрсатувларимиз орқали “Китоб учун бир дақиқа” кампаниясини таклиф қилдикки, ундан кўзланган мақсад — телевидение ва радиодаги барча дастурлар китоблар, китобхонлар ва мутолаага бироз вақт ажратишидир. Шу жумладан, барчани “ТВ-Мутоалаалар”, Китоблар Ойнаи жаҳони лойиҳасида интернет тармоғига жойлаштириладиган микровидеолари билан қатнашишга даъват қиламиз. Ўзбекистон халқини ҳам шу таклифга қўшамиз.

— Китоби бор уй...

— Китоб бор уй, бу — тўкис кошона. Кутубхонаси йўқ уйларга доим ишончсизлик билан қарайман. Биз китобхонлар ўзимизни китоблар қуршовида яхши ҳис қиламиз. Ҳаётимиз давомида барпо этган кутубхонамиз — тарихимизнинг, кечинмаларимизнинг бир бўлаги ҳамдир.

— Умберто Эконинг: “Дунё ҳеч ким ўқимайдиган ажойиб китобларга тўла”, деган фикрига муносабатингиз...

— Бу кутубхонасида 30 минг китоби бўлганларнинг доимий саволига нисбатан Эконинг мулоҳазасидир. У уларнинг барини ўқимаганлигини, уларни ўз яқинида кўриш — ўқиш, ўрганиш унга қанчалик зарурлигини эслатиб туришини айтарди. Бугунги кунда, аниқки, нашр этилган, нашр этилаётган ва нашр этилажак барча нарсани ўқиб чиқишнинг иложи йўқ. Мутолаа қилинмаган китоблар қолади. Бу Эко назарда тутган ўша ажойиб китоблардир.

— Ўзбек халқига тилакларингиз...

— Шундай узоқ мамлакатларда бўла туриб боғлана олишимиз, ўзимизни китоб юртининг ватандошлари каби ҳис қила олишимиз ажойиб, деб ўйлайман. Бу — адабиётнинг ҳиссасидан бири. Яна Ўзбекистонга, биз карибликларда ҳайрат ва сирлилик туйғуларини уйғотадиган мамлакатга, унинг бутун хал­қига тинчлик ва муҳаббат ёр бўлишини қардошларча тилаб қоламиз.

 

Ҳилола РЎЗИЕВА суҳбатлашди.