“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“ИНСОНИЯТ АТАЛМИШ ОИЛА бор...” Евгений ЕВТУШЕНКО, Рус шоири:

— Мен бир неча бор Республикангизда бўлганман ва ҳар сафар ўзбек меҳмондўстлигидан таъсирланаман. Собиқ Иттифоқ тарқаб кетганига қарамай, умид қиламанки, собиқ Иттифоқ халқлари ўртасида бир-бирига ўзаро эҳтиром ва қўллаб-қувватлаш тушунчалари ҳамон сақланиб қолган. Барча халқларни инсониятнинг энг хавфли душмани фашизм устидан қилган ғалабаси ва бу ғалаба учун жонини берганларнинг хотирасини ёддан чиқармаслик туйғуси бирлаштириши керак. Шунингдек, санъатимиз ва маданиятимиз, халқимизнинг классик эпослари билан бирга энг яхши замонавий асарларимизни қадрлаш ҳамда ўрганиш мақсади ҳам бирлаштириши шарт. Сталин давридаги ноҳақликлардан нафақат сизнинг халқингиз, балки рус халқи ҳам етарлича азият чекди. Бу ҳақдаги хотиралар ҳам яқинлаштириши керак. Миллий ғурурга эга бўлмаган миллатчиликдан ёмони йўқ. У тараққиётга ҳамиша тўғаноқ бўлади. Ҳар қандай халқ учун бу инсониятнинг юксалишига элтувчи ғоя эмас, балки тубсиз жарликдир. ХIX асрнинг бошларида бутун инсоният келажаги ҳақида Пушкин шундай ёзган эди:

«Когда народы, распри позабыв,

в великую семью соединятся».

Инсоният аталмиш оиланинг ватанпарвари бўлмай туриб, ўз юртининг ватанпарвари бўлиш мумкин эмас. Мен ҳар доим шу ғояни ёқлаб яшадим ва ҳаётимни унга бағишладим.

 

                                       РАШК

Жудаям севаман мени рашк қилсанг,

Рашкинг кўкда чақмоқ чаққандек худди.

Дарахту майсани куйдирар билсанг —

Ёқиб кул қилар уй, ҳатто булутни.

 

Янаям севаман мени қилсанг рашк,

Рашкдан нигоҳларинг очилар гул-гул.

Юргандай бўламан жаннатда яшаб,

Дўзаҳдек куйдириб қиласан кул-кул.

 

Мени рашк қилсанг Сен,

Яна севаман —

Майли, синса синар қанча буюмлар.

Қўлимдан отилиб чиқасан, қайга —

Жонингга теккандай бари ўйинлар.

 

Севаман — бетоқат рашк қилсанг мени,

Ҳамма-ҳаммасини буткул унутиб.

Ўзинг қофиялаб тургандай шеърни —

Гўёки юргандай қўлимдан тутиб.

 

Рашк қилсанг — янаям севаман кўпроқ,

Узун пошна туфли нозанинлардан.

Бириси озғину бири семизроқ —

Олмос тош кўзойнак таққанлардан ҳам.

Рашк қил мени — сочу тирноғинггача,

Ожизлигин сезсин бўрон, кўчки ҳам.

Агар рашк қилмасанг билгин, эртага —

Ўзим рашкдан аниқ портлаб ўламан.

 

                       ЎҚИЛМАГАН КИТОБ

Қўрқаман. Хаёлдан кетмас бу одат,

Ўқилмас Асрлар кундалиги ҳам.

Биз содир этамиз улкан жиноят —

Ўқиб чиқилмаган китоблар билан.

 

Гар қизиқ бўлмаса инсон қисмати,

Ва яна ўқилмай ўтилган боблар.

Кўз ёшлар... Кимнидир қони, қисқаси —

Ўч олар ўқилмай қолган китоблар.

 

Йўқотса китоблар хазинасини,

Бирма-бир ўчирса, йиртса қўйиб чек.

Қабул қил. Кечирма, яқинларингни —

Буюк Яратганни билмаганидек.

 

Ҳатто ўзимизга қилмаймиз шафқат,

Бандмиз. Қабоҳатга ташлаймиз қадам.

Биз қурбон этилган малъун нафақат —

Ўқиб чиқмаганмиз ўзимизни ҳам.

 

        “БУ — МЕНИНГ АЁЛИМ”

Жуда тез севаман — тез сўнар ишқим,

Кўзни мафтун этар ҳусн-жамоли.

Оллоҳ шивирлади: “Кўзни оч, жоним,

Бу — Сенинг аёлинг”.

 

Турасан — қўлингда китобим ёнар —

Фақат дастхат олиш Сенинг хаёлинг.

Боладек юрагим уйғониб қолар —

“Бу — менинг аёлим”.

 

Мен эса қўлингга қарайман синчков,

Бетизгин юрагим уради дук-дук.

Бўғинингда ёниб тургандай олов —

Бармоғингда бўртиб турарди узук.

 

Нафасим қайтади. Овозим титрар,

Шу пайтда ўзимга аён аҳволим.

Худди очлик каби ичимни тирнар —

“Бу — менинг аёлим!”.

 

Отга қамчи солар шону шуҳратим,

Уни севишимга ундар ҳар тараф.

Дер, фақат уники бўлсин қудратинг:

“Менинг аёлимга бўлсин шон-шараф”.

 

Йиллар ҳам оғриниб ўқийди ҳукм,

Ҳеч қандай мағрурлик келмас хаёлга.

Дунёдан бор фақат учта ўтинчим —

“Раҳм қил, меники бўлган аёлга”.

Менинг ёзғиришим кетмасин хато,

Безабон бармоқлар чиқарганда сас.

Ахир Неандертал* эркаклар ҳатто —

Шу учта сўз билан олганлар нафас.

“Бу — менинг аёлим!”.

 

Жумлаю жаҳонга қасдма-қасд туриб,

Пул ва мол-дунёга оғмай хаёлим.

Жар солгум — томоғим кетгунча қуриб —

“Бу — менинг аёлим”.

 

                                       * * *

Жуда кўп ҳаётда бахт-йўқотишлар,

Иккиси баробар ташларкан қадам.

Кулгули туюлар. Баъзи кишилар —

Айбини ўзига қўймайди ҳечам.

 

Баъзан бахт қийнайди ўлчаб қадамни,

Баъзида озорлар бағишлайди шаън.

Улкан йўқотишлар чархлар одамни,

Ҳаётинг кўринар тип-тиниқ, равшан.

 

Неандертал* — энг қадимги одам.

 

Рус тилидан Хосият РУСТАМОВА таржимаси.