“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“БИР ЎЛКАКИ, МЕҲМОН БЎЛИШ ШАРАФ...”

 

Давид Соса Маёр, Испания, ЎзДЖТУ  испан тили фани  ўқитувчиси:

 

Ўзбекистонга икки ярим йил муқаддам келганман. Сафаримга сабаб шу юртда яшаб унинг тарихи ва маданиятини ўрганиш истаги эди. 2010-йилда сайёҳ сифатида келмоқчи бўлганман, аммо баъзи сабаблар туфайли бу хоҳиш амалга ошмаган. Ахийри 2003-йилда орзум ушалди. Ҳозирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида испан тили ўқитувчиси сифатида фаолият юритмоқдаман.

Бу ерга келишимдан аввал Ўзбекистоннинг тарихи, бу ерда гуллаб-яшнаган тамаддун ўчоқлари ҳақида ўқиган эдим, суратлар орқали Хива, Бухоро ва Самарқанднинг гўзаллиги билан танишгандим. Ўзбек миллий таомларидан ҳам бироз хабарим бор эди, чунки Қозоғистонда яшаган кезларимда доим ўзбек ресторанларида овқатланардим.

Юртингизга келганимдан сўнг билдимки, Тошкент мен тасаввур қилгандан каттароқ ва савлатлироқ экан. Сайёҳ сифатида Европа ва Осиёнинг бир қанча мамлакатларида бўлганман. Ўзбекистонга келишимдан олдин Италия, Франция, Ирландия, Руминия, Қозоғистон ва Туркия каби бир қатор давлатларда яшаганман. Юртингизда бошқа давлатларда мавжуд бўлмаган ҳамжиҳатлик руҳи таҳсинга лойиқ. Тошкент, Самарқанд, Хива, Нукус, Навоий, Қарши, Қўқон, Фарғона шаҳарларини зиёрат қилдим. Ҳар бир гўшанинг ўзига хос жозибаси бор. Хусусан, ўзининг бетакрор меъморий обидалари, оромбахш ва маънавий муҳити билан менинг қалбимни эгаллади.

Мамлакатга келишимдан аввал ўзбек халқи ҳақида жуда илиқ фикрлар эшитгандим. Айтганларича бор экан. Ўзбекистон шундай ўлка эканки, бу ерда меҳмон бўлиш бир шараф. Мени ҳамма жойда жуда илиқ кутиб олишади. Ёшларга келсак, улар билан университетда бирга ишлашга мушарраф бўляпман. Талабаларнинг ўқиш ва ўрганишдаги ғайратидан қувват оламан.

Урф-одатлар борасида баъзи маросимларнинг ўтказилиши менга жуда маъқул бўлди. Хусусан, Наврўз байрами тантаналари ва сумалак тайёрлаш жараёни мени ўзига мафтун этди. Тўй маросимларини ўтказишда одамларнинг ҳамжиҳатлик даражаси жуда ёқади. Ўзбекистонда Европада анчагина йўқолган умумийлик, тегишлилик ва бағрикенглик туйғусининг юқорилиги менда улкан таассурот қолдиради.

Ўзбекистонга келишимдан аввал Тошкент мен учун қадимий мамлакатнинг замонавий пойтахти эди. Энди эса Тошкент ҳақида ўйласам, кўз олдимда яшил кенгликлар, ғаройиб метро бекатлари, шаҳар марказидаги тартиб кўз олдимга келади.

Бу ерда ўтгазган вақтим давомида ўзбек тилини ўрганишга муваффақ бўлдим. Ундан кундалик ҳаётда, дўконларга, бозорга борганимда, автобусда, баъзан университетда фойдаланаман. Умуман олганда, одамларга бир хорижлик уларнинг она тилисида мурожаат этса жуда миннатдор бўлишади.

Мен учун адабиёт ҳаётнинг ўзи. Китобларнинг саҳифалари афсунланган маконки, болалигимдан у ерда ўйнайман ва орзу қиламан. Ўзининг бутун сеҳри ва ҳайратларига қарамай у бизни реал дунё қандай эканлиги ва унда бизнинг ўрнимизни билиб олишимизга ёрдам беради.

Ўзбек ва испан халқи, маданияти ўртасида жуда кўп фарқ бор, аммо мен чет эллик сифатида, турли жойларда яшаган одам сифатида, аввало, фарқлар эмас, ўхшашликларга эътибор қаратишни хуш кўраман. Ва кўряпманки, Ўзбекистон ва Испания шундай мамлакатларки, уларнинг иккисига ҳам қувонч ёр, оилавий ришталар жуда қадрланади ва ҳар иккисида ҳам дастурхон атрофида нишонланадиган маросимлар одамлар ижтимоий ҳаётида етакчи ўрин эгаллайди.

Ҳилола РЎЗИЕВА ёзиб олди.