- Рукн: Адабий жараён
- 138 марта кўрилган.
МУКОФОТ МУБОРАК
Моҳир таржимон, Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги адабий алоқалар ривожига беқиёс ҳисса қўшаётган устозимиз Бобохон Муҳаммад Шариф Озарбайжон Ёзувчилар бирлигида янги таъсис этилган Расул Ризо номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Шу муносабат билан устоз Бобохон Муҳаммад Шарифни таҳририятимиз ва барча адабиёт ихлосмандлари номидан муборакбод этамиз. Ўзбек ва Озар халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, таржимачилик борасидаги эзгу ишлар ҳамда адабиётга қилаётган беминнат хизматларида куч-ғайрат ва муваффақият тилаймиз. Қардош озарбойжонликларга эътибор ва эътироф учун самимий миннатдорлик билдирамиз.
ТАҲРИРИЯТ
20 май куни Бокудаги Озарбойжон Ёзувчилар бирлигида янги таъсис этилган Расул Ризо давлат мукофоти ўз эгаларига топширилди.
Озарбойжон Халқ шоири, атоқли сўз устаси Расул Ризо номини абадийлаштириш учун таъсис этилган мазкур мукофот миллатнинг адабий-маданий ҳаётида муҳим рол ўйнаган, маънавият ривожига ҳисса қўшган шоир, ёзувчи ва маданий ходимларга берилиши кўзда тутилган.
Бу йилги мукофот Озарбойжон Халқ рассоми Ориф Ҳусайнов, танқидчи Рустам Камол, Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги котиби, «525 газета»нинг Бош муҳаррири Озар Турон, АЁБ Қорабоғ бўлинмаси раҳбари, шоир Анвар Аҳмад, шоирлар Машаллоҳ Мафтун, Тоҳир Тоисўғли, Эътибор Валиев Расул Ризо мукофотига лойиқ деб топилди.
Шунингдек, қардош Ўзбекистонда Озарбойжон адабиётининг энг фаол тарғиботчиларидан бири, атоқли таржимон, устозимиз Бобоҳон Муҳаммад Шариф ҳам Озарбойжон адабиёти учун қилган фидокорона хизматлари учун Расул Ризо мукофотига муносиб деб топилди.
Шу фурсатдан фойдаланиб, ҳассос таржимонни мукофот ва эътироф билан чин қалбдан табриклаймиз. Хайрли ва давомли бўлсин!
Акбар ҚЎШАЛИ,
шоир, Бокудаги Отатурк маркази бўлим бошлиғи,
“Kitob dunyosi” газетасининг Озарбойжондаги вакили