- Рукн: Адабий жараён
- 130 марта кўрилган.
ЭНДИ ҚЎЛИНГИЗДАГИ ОДДИЙ ҚАЛАМ ЭМАС!
Гекё МАРИНАЙ,
америкалик шоир, филология фанлари доктори,
Техас университети профессори
«Китоб дунёси» газетаси энди фақатгина сизнинг, ўзбек халқининг газетангиз эмас, балки у жаҳон адабиёти намояндалари, фикр-мулоҳазалари гупурган жаҳон афкор оммаси минбаридир. Тўғриси, газетангизнинг таҳрири ва ташқи кўриниши мени ҳайратга солди. У ўқувчини шу қадар ўзига ром этадики, мутолаа жараёнида инсон қалб денгизида кема мисол сузиб бораётганини ўзи сезмай қолади. Қаранг, мен буни ўзбек тилини билмай туриб ҳам ҳис қиляпман! Мана шуни адабиётнинг, сўзнинг қудрати, дейишади. Шундай газетангиз борлиги билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди. Газетангиз ҳақли равишда бугунги ўзбек адабиёти ва журналистикаси, маданиятининг кўзгусидир. Бу нафақат қадрдон газетамга бўлган ҳурмат ва эҳтиром, балки бир миллат матбуотига берилган ҳаққоний баҳодир!
Ҳар бир саҳифасидан профессионаллик кўриниб турган газетамизда кимнидир, хусусан, кўнглингга яқин ижодкорингни кўриш ажойиб эмасми?
“Китоб дунёси” энди жаҳоний газета эканини эътироф этиш тўғри бўлади. Мен шундай улуғ манбаа билан танишганим шарафига ўзимни, ўз яқинлариму бутун аҳли сўзни табриклайман. Қадрдон Ўзбек халқи! Қўлингизда турган газета нималардир ёзилган бир парча қоғоз эмаслигини ўзингиз мендан яхшироқ биласиз. Бундай газеталар сони қанча кўпайса, миллат маънавияти шу қадар ўсиб бораверади. Раҳмат Сизга!
Энди газетангиз фақат ўзингизники бўлмаганидек, қўлингиздаги қалам ҳам оддий қалам эмас. Сиз олган «Олтин қалам» мукофоти давлатингиз томонидан сизга берилган юксак эътибор, ҳам улуғ Адабиёт ва сўзнинг сизга топширган қутлуғ масъулиятидир! Муборак бўлсин, «Kitob dunyosi»!
Дилбар ИСМАТУЛЛАЕВА таржимаси