“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Муҳташамим, ҳаммадан мумтозим кетди...

Ҳалима Худойбердиева... Тилимга алладек таниш, дилимга онамдек яқин сўз ва чеҳра... Руҳим яралгандами ва йўргакда эканимдами, севилтирилган, нур каби қалбимга қуйилган ном...

 

Ҳалима Худойбердиева... Шоир бўлиб туғилган, шоир бўлиб яшаган ва шеъриятда улкан мактаб яратиб, кўпнинг саводини чиқариб, ўлмас асарлар қолдирган устоз...

Ҳалима Худойбердиева... Беш фарзандни тарбиялаб, “ҳар бирида Ватан отлиқ озод юрак ўстириб” кетган, “Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар”, деб яшаб ўтган туркийлар онаси...

 

 

 

Мен Ҳалима деган китобман

Ҳалима опа, жону жаҳоним, муҳтарамим, муҳташамим, мумтозим, виқорлим, салобати тоғ қадар юксагим, халқининг муносиб фарзанди, меҳрибон онаси бўлолганим, мардонам, байроқдорим! Жону жаҳонимга, руҳи равонимга айланиб кетганим! Қай бир чиройли сўзларни айтсам қайтасиз? Яхши кўрардингиз-ку гўзал сўзларни. Яхши сўз жону дилингиз эди-ку. Боқсам, дунёнинг тўрт тарафидаям дийдорингиз, кўз ёшимда чеҳрангиз жилваланиб турибди. Лекин Сизни тополмаяпман. Катта бозорда онасини йўқотиб қўйган қизалоққа ўхшайман. “Дўмбиробод”га бораман, йўқсиз, “Дугоналар”га келаман, йўқсиз. Чиқмайсиз жилмайиб, келдингми, деб қуёш тафтидек иссиқ лабингизни пешонамга босмайсиз.

Ўйлаб кўрсам, 20 йилдан ортиқ вақтки, Сизга соядек эргашиб юриб, Ҳалима деган китоб­га айланиб қолибман. “Ёдингда қолсин, сен ёзасан-да барини”, деб уқтириб айтган ҳар бир сўзингизни эсладим, минглаб хотиралар, оғир, қайғули, қувончли, сурурли, меҳрли ва ниҳоят, байроқдор кунлар бир-бир кўз ўнгимдан ўтмоқда. Ўзимни варақласам, бутун борлиғимдан Сизнинг ёдингиз тўкилаётир, Ҳалима опа! Мен бу китобни узоқ йиллар хотирам ва қалбимга ёздим, энди кўчирсам бас. Энди Худойим Сиздаги ижодга ихлос ва қора меҳнатдан қочмаслик фазилатини, қудратини берса бас!

 

Пойингиздан бошим кўтармам

Мен Сизнинг пойингизга келганим – 1996 йилларда жуда маҳзун ва ғамгин эдингиз. Салобат ва маҳзунлик... Шу эди ҳолатингиз. 1998 йили Зомин тоғларида ўтган ёш ижодкорлар семинарига мен шеър ўқиганимас, Сизни кўргани борганман. Шеър ўқитишганда ҳам Сизни ҳайратлантириш, мафтун этиш учун ўқиганман. Раҳмат, ўша Зомин тоғларига бизнинг юракларимизни, устоз-шогирдлик ришталаримизни янаям қаттиқ боғлагани учун! Раҳмат ўша кунларгаки, мени Сизнинг пойингизга мангу бош қўйдиргани учун! Бу сиғиниш эмас, бу руҳи биродар одамларнинг бирлиги эди, уйғунлиги, тақдирнинг саодати эди.

20 йил олдин уйингизга бориб, “Ҳалима опа, Сизга бағишлаб туркум тўртликлар ёздим”, дедим. (Меҳрини ичида сақлаб юриш менга тўғри келмас фазилат эди, умрбод баралла изҳор қилиш одатим бўлди.) Чеҳрангиз яшнаб кетди. Айниқса, мана бунисини яхши кўрардингиз:

 

Кўксимда ғам тошин кўтарсам,

Киприкда кўз ёшим кўтарсам.

Ўн саккиз минг олам бузилгай,

Пойингиздан бошим кўтарсам.

Яратганга шукрки, мен ўн саккиз минг оламни бузмадим ва ҳеч қачон бузмаяжакман!

 

Қани эди...

Ҳазрат Навоийнинг “Кўзим, кимдан айрилганингни билганингда, бундан ҳам кўп ёш тўкардинг” маъносидаги сатрларини эсладим. Сиздан ажралган дунёнинг ўзига қийин эмасми, Ҳалимаи давронсиз ҳам давом этаверадими ҳаёт, деб йиғлаяпман.

Бетобу бемор пайтларингиз дам онажонимнинг, дам Сизнинг ёнингизда қолиб термулиб ётардим, билдирмай йиғлардим. “Худо, мени шу азиз чеҳралардан, онаму устозимдан айирма”, деб нола қилардим, кўз ёшларим ичимга оқарди. Оғриқлардан зада бўлган жисмингизга қараб ўша 20 йил олдин икковимиз севиб бирга ўқиганимиз Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” асарида Ҳазратнинг умри охирларидаги ҳолатига берилган таърифни эслардим: “...Қарийб етмиш йилдирки, тиним нима, шафқат нима билмаган машаққат чекиш, ҳақиқат излашлар иродани тобласа-да, соғлиғини совурган, изтироблар ичра куйиб-қовжираган тани энди айтганига юрмасди.”...

Сизда ҳам шу ҳол эди. Жисмингиз айтганингизга юрмай бошлаганди. Ҳассага таянибгина, лекин оққуш каби енгил қадамлар билан юриб кириб келардингиз ишхонага. Ҳассага таянганингизга ҳайрон бўлганларга “Мен ҳассамни яхши кўраман”, деб қўярдингиз. Ҳар не зулматдан ҳам нур топа билган Сиздек оқилаю донишманд аёл яна бормикан бу дунёда? Яна Сиздек беназир, буюклик ва камтарлик уйғунлашган, мудом зиддиятлар ичра яшаб, барчасига бардош бериб ўтган одамни қайтиб кўрармикан бу дунё? Ўша чиройли ҳассангизга суянибгина бўлса ҳам эшигимиздан кириб келсангиз қани эди? Қани эди “Ўв, зоҳирга ўч болам, сиз аёнларни кўзлайсиз”, деб бизга айни аҳволимизни англатиб, огоҳлик қўнғироқларини чалиб турсангиз? Қанийди?

 

Исмингиз жасорат эди аслида

Ўзингиз айтганингиздек, 2017 йил 17 майдаги тантана, меҳнат ва машаққатларингизнинг муносиб баҳоси берилган кун, икковимиз тилимиз билан таърифлаганда илоҳий адолат қарор топган кундан олган ғайратингиз билан Сиз толиққан, хаста жисмингизни ҳам айтганингизга юрдира бошладингиз.

“Файзли оқшом” кўрсатувининг сувратга олиш жараёнлари, “Дугоналар” журналининг тақдимот маросими каби тадбирларга кучларингизни жамлаб, оғриб турган жисмингизни авайлабгина, лекин ўзингиз айтганингиздек, “минг оҳингиздан бир оҳни ҳам кўрсатмай” жасорат билан келганларингизни эслайман. “Ёнимда тур, узоқ кетма”, деб қаттиқ тайинлардингиз. Сизга дориларингизни узатиб, қоғозни очишга ҳам ҳоли келмаётган қўлларингизни авайлаш учун, ўқиётган шеър ёки маърузаларингиз бетларини очиб бериш учун доим шай турардим. Баъзан “Устозини қалқон қиляпти” деганга ўхшаш гапларни эшитиб кулардик. Ҳолимизни билмасдилар, аслиям билмасинлар, билолмасинлар, дердик-ку.

Ҳалима опа, иймон қадар покизам! Сизнинг исмингиз аслидаям жасорат эди, матонат эди! “Тиззамгача тупроққа ботиб, айтар дардим бор”, дейсиз, лекин шундаям бировга дийдиё қилмай, “ташингиз хиромону ичкарингиз дод” эканини намойиш этмай, мағрур яшаб ўтдингиз! Нақадар ҳавасли, нақадар ибратли умр бу! Мана, миллат аёлига тимсол, мана, аёл жасорати!

 

Баҳорда онам, ёзда Сиз....Фаслларга ихлосим қолмади...

 “Ҳар ҳолатга шеъримни айтасан-а, барини ёдлаганмисан нима?” деб кулардингиз. “Ўзингиз бари ҳолатга шеър ёзгансиз-да, ёдлаш шартмас, ўзи ёдланиб қолади”, дердим. Ҳамма эркаликларимни, кескинликларимни, аразларимни кўтарардингиз. Ўйлаб кўрсам, ўзингизнинг сатр­ларингиз билан айтганда, Сизнинг ёнингизда мен “энг шоҳ кунларимни” яшабман.

“Ёзда кўп ишларга мумкин улгурмоқ” деган сатрингизни ҳар ёзда так­рорлаб юрардим. Мен ёзда бизни ташлаб, ўша чин дунёга кетиб қолишга ҳам улгуришингизни билмасдим. Куздан қўрқардим. Бу йил куз 17 августнинг тунидан бошлангандек. Чунки хазонларнинг чирт-чирт узилиши мангу айрилиқни эслатади менга.

Баҳор ва ёзни севардим. Афсус, шу йил баҳорда 66 ёшида мени не кўйларга ташлаб онам, ёзда 71 ёшда яна бир чуқур қайғу қаърига ташлаб Сиз.... Бир йилда икки чиноримдан айрилиб, ҳолим ёмон бўлди. Бормикан мендек яна бир иложсиз, чорасиз одам? Мен энди ҳеч қайси фаслга қаттиқ ихлос боғламай қўйдим. Энди қайси фасл келмасин, оти айрилиқдек, оти фироқдек, исми ўлимдек, ҳижрондек назаримда. Фаслларга ихлосим ўлди. Айрилиқ азоби шу қадар жондан ўтяптики, ўлимни топиб ўлдиргим келяпти. Чорасизлик шу қадарми, Оллоҳим?!

 

Худойим бир ёмон кунига минг яхшиликни яширибди...

Кейинги 3 йиллик синовли умрим учун қанча азоб чекибман. Сизга бориб йиғлаб бераверибман. “Ернинг тагидан юргим келяпти, бу дунёда адолат йўқми?” деб дийдиё қилаверибман. Сизнинг гапингиз битта эди: Сен йиғлама, юрагим оғрийди, кўзингни ёшини биров кўрмасин! Бошингни баланд кўтариб юр! Худо бизни яхши кўради, болам, ҳали ҳаммаси яхши бўлади!”

Энди шу уч йилим учун беадад шукрлар айт­япман. Аввалгидек ишдан бош кўтармай, ишхона столларида ётиб ишлаб юрганимда на онамнинг, на Сизнинг дийдорингиздан баҳра ололган бўлардим. Дийдорга тўйиб бўлмайди, лекин ундан баҳра олишнинг ўзи ҳам бахт-ку. Ўзингиз айтганингиздек, ижодий лабораториянгизни саранжом қилиб, 30 дан ортиқ эски дафтарлардаги шеърларни бамаслаҳат кўчириш, паришон ётган барча асарларингизни 5 томга жамлашга қачон вақт топардик, агар Худонинг ўзи бир ёмон кунига минг яхшиликни яшириб бермаганида?! Шукр, шукр ўша кунларга! Ҳар бир хужайрам, томчи-томчи қонимга қадар Сизни англатган, Сизга яқин яшаган кунларга ташаккур!

 

Шукрки, умр ҳайф кетмади!

Ёдимда 2017 йил 17 майидан кейин “Гулжамол, агар Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг шарофати билан тақдиримга келган шу яхши кунларим бўлмаганида, бутун умрим ҳайф кетди-да, деган бўлардим, беадад шукрки, биз ғалаба қилдик болам!” дедингиз. Аслида Сиз қолдирган ижоднинг ўзи умрингизнинг ҳеч қачон ҳайф кетмаслигига кафолат экани аниқ, лекин шукр ва раҳматки, Сиз ҳамма маънода ғолиб кетдингиз!

 

Биз ёмон қолдик... вале Сиз яхши кетган бўлинг!

Яна ўша иккимиз севган асарда айтилгани каби “Дўстки, ҳижрон ихтиёр этмиш, демак, унинг машаққати ҳаддига етмиш...”. Машаққатингиз ҳаддига, умрингиз эса поёнига етган бўлса, бизнинг чорасизлигимизни чора қилишдан бошқа не чорамиз бор.

Ҳалима опа, устози жоним, онажоним ўзимнинг! Чеҳрангизни кўряпман нур ичра, бошимда турибсиз, тушларимда бўлса-да, йўқлаяпсиз. Мана, ҳозир ҳам узун-узун чиройли бармоқларингиз, ҳароратли қўлларингиз билан елкамни силаб қўяпсиз. Қанчалар иссиқ, меҳрли ва жаннатий ором бахш этади бу қўллар!

Ҳар гал хайрлашаётиб: “Бор, кийикчадек ўйнаб юравер”, дердингиз. Ҳалима опа, энди кийикчадек қайси тоғда ўйнай? Бу дунёнинг дийдорсиз бозорида юрибман-ку! Қайси манзилни макон тутай? Юмшоқ болишга бош қўйгим йўқ, Сизнинг азиз жисмингиз тупроқда-ку. Биз ёмон қолдик... вале Сиз яхши кетган бўлинг! Жаннат маъволарига ва Улуғ Дийдорга етган бўлинг! Руҳингиз, жисмингиз ором топсин, илоҳим! Ҳеч қачон ёдингиз, доғингиз бағримдан ўчмайди, ҳеч қачон унутмайман! Қиёматгача, дийдоргача хайр энди, маликам! Менинг руҳим бозор оралаб юрган қаландар янглиғ ушбу сатрларимни такрорлаб юрибди:

 

Онам кетди...

         Онамдай устозим кетди,

Муҳташамим, ҳаммадан

         мумтозим кетди,

Кўкка қараб ҳайқирдим...

         овозим кетди:

Ҳалимаи жаҳонни

         қайдан топаман?!

 

ГУЛЖАМОЛИНГИЗ,

2018 йил 10 сентябрь