“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ОДАМ ВА ИТ

Ҳикоя

Оғилхона томида ҳайвонларга бедаю макка пояларини аралаштириб жодида қирқаётган Аваз дарвоза томон қараб-қараб қўяди. У ўғлининг мактабдан келишини кутяпти. Келса, кўмакка чақиради. Ҳозир усиз иши унмаяпти. Бу ёқда ўтин арралаш, ёриш, қурумга тўлиб кетган печканинг карнайларини олиб тозалаш керак. Газ шундоғам йўқ, совуқ тушгандан бери чироқ ҳам ўчди. Қисқаси, иш кўп, ташвиш кўп. Авазнинг хонадони ҳам шулар қаторида. Бу ишларда ўғил қўлтиғига кирмаса, кечгача ўзи улгурмаслиги аниқ.

– Ўлмасхон! – овоз берди Аваз.

– Ҳа-а, дадаси! – Сас берди ошхонага ўтин олиб кираётган хотини тўхтаб, ортига буриларкан.

– Бери кел! Ўғлинг яна қолиб кетди, чамаси.

– Ҳозир! – ортиқча гап-сўзсиз ҳам вазиятни тушунган Ўлмасхон қучоғидаги ўтинларни ўчоқ пойига ташлаганча оғилхона томон йўрғалади.

Шу пайт оғилхонанинг нариги бурчагига ғарамлаб қўйилган пичанлар орасидан бир товуқ дунёларни бошига кўтарганча қақағлаб учиб чиқди. Унинг билан кетма кет худди шундай бир тезликда каттакон, суякдор малла ит ҳам чиқиб келди-да, эру хотиннинг шундоқ ўртасидан товуқни қувлаганча чопиб ўтиб кетди.

– Ҳа-а, яшшамагур! – қарғади Ўлмасхон. – Товуқларни шу Эргаш боғбоннинг ити олаётган экан-да! Мен тулкиларга тўнкаб ўтирибман-а!..

– Эргаш боғбондан кейин қаровсиз қолди чамаси бояқиш... Майли, кел, ўтни ушла, моллар оч қолмасин, – ишга тутинди Аваз.

– Қопқон қўйинг! Отажон овчини чақиринг. Отиб кетсин, тинчийлик. Шу кетишда бўлса, қолганиниям олдириб ўтираверамиз, – жавранди Ўлмасхон.

...Эртасига эрталабдан Аваз Солижон фермернинг кенг-мўл даласидан ўз ҳовлисига кириб келинадиган йўлакка, товуқхона атрофига, товуқлар тухум қўядиган оғилхона томига қопқон қўйиб чиқди. Хотини ҳақ. Чора кўрмаса, товуқларни сақлаб қолмаса бўлмайди. Ахир, ҳаммасини ит ё тулкига олдираверса, тирикчилик нима бўлади? Болаларга нима едиради? Буёқда қиличини қайраб қиш кириб келаётган бўлса...

Уч кун ўтгач, товуқларга дон сочгани саҳармардонга чиққан Ўлмасхон жонҳолатда қичқирди:

– Дадаси! Ҳой дадаси!..

– Нима дейсан? – овоз берди молхона томонда куймаланиб юрган Аваз.

– Чопинг тез буёққа! Анави яшамагур ит қопқонга тушибди!..

Аваз чопиб товуқкатак ёнига борди. Уни кўргач эса чорасиз итнинг кўзларидаги қўрқув чунон ортди. Ғингшиди. Ўрнидан турмоқчи бўлиб бир умтандию зум ўтмай ўзини яна қоп­қоннинг устига ташлади.

– Ҳа, товуқхўр ярамас! – деди Аваз ғижиниб. – Ўтган кунларни, сенга қилинган яхшилик­ларни, нону туз ҳақини унутибсан-да! – Аваз итнинг атрофида айланиб, унинг қопқонга қандай, қайси оёғи билан тушганини кўрмоқчи бўлди. – Раҳматли Эргаш аканинг ортидан эргашиб келардинг, биз, одамлар, у-бу пишириб еб-ичиб ўтирардик, сен эса шу ерда, шу ҳовлида Озод билан ўйнаб юрардинг... Биз сени сира оч қўймасдик, нима есак, шунинг бир чеккасидан сенга ҳам насиба айирардик. Эслайсанми шуларни, кўрнамак?!..

– Одам ҳам ит билан гаплашадими?! Уринг бошига, ўлсин яшшамагур!

– Ота! – чопиб кела бошлади уй томондан Озод. – Ота, урманг.

– Қоч! – деди ота.

– Ота, ундай қилманг! Қандай кўзиз қияди, ахир!.. – йиғламсиради бола.

– Унинг-чи, унинг қандай кўзи қийди, а, қандай қийди!?.. Ошиб-тошиб кетган жойимиз бўлмаса! Амалдор бўлмасак, амалдорнинг қариндоши бўлмасак, а, қишдан қандай чиқамиз, айт, қандай? Сендан ташқари яна бир уканг, икки синглинг бор. Ҳамманг баравар катта бўлиб, ейман, ичаман, кияман, деяпсизлар. Шуларниям ҳеч ўйладингми?..

– Барибирам уни урманг, ота, урманг!

– Ҳозир сенинг гапингга кириб, уни қўйворишим мумкин, лекин эртага бу ишимдан қаттиқ пушаймон ейман. Ана, бир ҳафта бурун Қундуз холанинг уйига ҳам тушиб, ғулғулини кўтариб кетибди Мўйноғинг!

– Мўйноқмасдир?

– Мўйноқ! Шу Мўйноқ! Ахир, у қишлоқда отнинг қашқасидек ҳаммага таниш ит бўлса, ким адаштиради? Бир ҳафтадан бери Отажон овчи қўлида милтиқ билан уни қидиради. Қорасини кўрсатмаётганди. Мана энди ғулғулни саранжомлаб, бизнинг товуққа кепти, очофат!.. Қоч йўлдан!.. – тараддудланди Аваз.

– Ота!.. Ота, Худодан қўрқмайсизми?!..

Худо сўзини эшитган ота чақмоқ ургандек таққа тўхтади. Шунда унинг кўзлари беихтиёр ўғлининг кўзларига тушиб, ерга михланган оёқлари каби қотди-қолди. Ота билан ўғил бир-бирининг кўзларига узоқ вақт синовчан қараб туришди. Сўнг ота кутилмаганда қўлидаги таёқни четга улоқтирди-да: “Майли, мен бўлмасам, Отажон овчи қилади бу ишни, у бўлмаса, Тўлқин акани бошлаб келаман!..” – деганча бурилиб, дарвоза томон ошиғич одимлади.

– Ўлмасхоннинг бояги шаштидан энди асар ҳам кўринмас, худди анави қопқонга тушган Мўйноқдек нажот илинжида атрофга жавдираб боқиб турарди.

– Қўйиб юбораман! Эшитяпсизми, ая, Мўйноқни қўйиб юбораман! – қопқонда типирчилаб ётган итга қараб юрди Озод.

– Вой! Отангга нима дейсан? Менга қарши иш қилдингми, деб аччиғи чиқмасмикан? Аччиғи чиқса ҳам майли, ота-бола тескари бўлиб қолманглар яна битта итни деб! Қўй, болам, ўртага тушма, қўрқаман...

– Мўйноқ ўлиб кетаверсинми, ая?! Ахир, унга ўзингиз ҳам сут пишириб берардиз, эсиздан чиқдими?! – тобора бўғриқиб, изтироб чека бошлади Озод.

– Эсимда... эсимдаю болам, нима қилай? Ўзи санғи, ўғри бўлиб кетмаганда бу ишлар ҳам йўқ эди. Кўрмайсанми бу кўргиликларни... – Ўлмасхон айвондаги тўсинга пешонасини босди. – Хаҳ, тилим куйсин менинг отанг итга қайрамай, тилимгина куйсин!.. – энди ўзини ўзи қарғарди чорасиз қолган Ўлмасхон.

Она пешонасини тўсиндан олганда мўйноқ чўлоқланиб ҳовли томонга чопиб кетаётган, ўғли бўлса, унинг изидан шахдам одимлар борарди.

– Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да бу ишни, охири бахайр бўлсин!..

Орадан бир пиёла чой ичгулик фурсат ўтди ё ўтмадиямки, Аваз елкасига милтиқ осган Тўлқинни эргаштириб дарвозадан кириб кепқолди етди.

– Юраверинг ортимдан, анов ерда! – отасининг овози ҳовли томонга ўтиб, Мўйноқ кетган томонга қараб турган Озоднинг қулоғига етди.

– Қани ит, Авазбек? – елкасидаги қўшотар милтиқни қўлига олди Тўлқин ака.

– Ия! Ҳозир шу ерда эди-ку!.. Ўлмасхон! Озод! Қанисизлар? Ит қани? Ҳой ким бор? – тутақиб бақирди Аваз.

– Ота, шу ердаман. Аям ичкарида, – юриб кела бошлади Озод. – Ит кетди. Уни қўйиб юбордим, ота. Кечиринг!..

– Нима?!.. Қўйиб юбординг?! Эсинг жойидами сен болани! – айбини бўйнига олганча юриб олдига келган ўғлининг қулоқ чаккасига қарсиллатиб туширди Аваз. – Мана сенга, аҳмоқ ҳимоячи!..

Озод орқаси билан шудгорнинг ичига йиқилди.

– Қўйинг, Авазбек, урманг, – ўртага тушди ҳафсаласи пир бўлганига қарамай, ўртани юмшатишга тиришиб Тўлқин. – Бўлар иш бўпти энди.

– Қандай урмай бўлади, Тўлқин ака? Қаранг, бу гарангни қилган ишини! Ўн еттита товуқдан ўнтачасини олдириб ўтирибмиз-у, бу ҳотамтойнинг қилганига қаранг!..

– Нима қиляпсиз, битта итни деб болани урадими?!.. – ичкаридан югургилаб чиққан Ўлмасхон келиб ўзини Озоднинг устига ташлади, – ёмон тегмадими, болам, оғримаяптими?!..

– Юринг, милтиқни олинг! Инида бўлса ҳам отиб келамиз, Тўлқин ака, юринг! – Олдинга тушиб йўрғалаб кета бошлади Аваз.

– Йўқ, борманг, Тўлқин тоға, борманг! – Йўлини тўсди ўрнидан тура солиб Озод. – Отманг уни. Ахир, у Мўйноқ-ку!

– Мўйноқ?!..

– Ҳа, Мўйноқ!

– Эргаш боғбоннинг Мўйноғими?

– Ҳа, ўша, Тўлқин тоға, ўша Мўйноқ! – умид билан боқди қўлида милтиқ тутиб турган эркакка Озод.

– Уни нима жин урди, маҳалласидан товуқ ўғирлайди? – тўхтаб қолди Тўлқин.

– Ҳой, нега туриб қолдиз қоққан қозиқдек, юрмайсизми? – ортига қараб янди уни Аваз.

– Ахир, ит Мўйноқ экан-ку!

– Нима бўпти Мўйноқ бўлса?.. – оғзидан кўпиги сачраб, баланд овозда деди Аваз.

– “Нима бўпти, нима бўпти!” Мен сенга отмоқчи бўлган кучугинг Мўйноқ экан деяпман, тушунмаяпсанми? – аччиғи келди Тўлқиннинг.

– Ҳа, Мўйноқ! Менинг бир катак товуғимни, Қундуз холанинг ғулғулини, Берди полвоннинг яна алланимасини олган ҳам мана шу ўзимизнинг Мўйноқ бўлади! Билдизми?!..

Тўлқин на қолишини, на кетишини билмай, турган ўрнида бешик тебратардек тебранарди:

– Қўй, Аваз, шу ишинг менга ёқмаяпти, қўй, шошилмай турайлик, – овозида илтижо оҳанги пайдо бўлди Тўлқиннинг.

– Юринг, Тўлқин ака, вақтида, оёғи яраланиб, қочолмай қолганда изига тушайлик, гум қилайлик шу қотил Мўйноқни!..

– Йўқ, жўра, менинг кўнглим чопмаяпти негадир. Маҳалланинг оқсоқолларидан мундоқ сўрайлик, кенгашайлик. Ҳозир бориб дапдурустдан отиб келсак, гуноҳ бўлар, Авазбек!..

– Нимаси гуноҳ, Тўлқин ака, мўйноқ айниган! У энди илгариги оппоқ Мўйноқ эмас, энди у маҳалланинг паррандаю даррандасини ўғирлаб ейдиган жинояткор Мўйноқ! Буни ҳамма билиб бўлган, бир сиз билмаганизга ҳайронман. Мўйноқни отсак, гуноҳга ботиш у ёқда турсин, савобга қоламиз, савобга! Қани, юринг тез!..

– Йўқ! – деди кескин ниҳоят, Тўлқин, - мени бу ишга аралаштирма, Аваз, кўнглим ғаш негадир. Хафа бўлсанг, бўл, лекин мен бормайман!..

– Унда милтиқни беринг бу ёққа! – Аваз келиб куч билан Тўлқиннинг қўлидаги милтиқни тортиб олди...

Аваз бу вақтда ҳовлидан чиқиб, Эркин фермернинг шудгорлаб қўйилган йигирма гектарли ерида чопиб борарди. Бораркан, “Итнинг ини боғбоннинг уйидамикан, ё қабристонда?..” деган савол хаёлидан тинмай ўтарди. Шу ўй билан Аваз йўлнинг ярмини босди ё босмадиямки, шудгорнинг қават-қават тилимланган бағрида қопқон яралаган олд оёғини ялаганча ғужанак бўлиб ётган Мўйноққа кўзи тушдию бирдан тўхтади. Сўнг шошиб қўлидаги қўшотарни итга тўғрилаб, очқичини туширди. Ит уни кўрди-да, ўрнидан тура солиб қочди. Ҳавода қўшотарнинг гумбурлаган овози янгради. Овоз билан деярли бир онда ит шудгорнинг ичига қулади. Аваз кўзларига ишонмай ўлжа томон ошиқди. Оёқлар товуши яқинлашиб қолганда Мўйноқ бир типирчилади-да, қаддини тиклади, мункиган кўйи жонҳолатда яна олдинга қараб югурди...

Аваз Эргаш боғбонникига жанозасида, сўнг қатор маросимларидагина келган, ўшандаям бўсағаданоқ қайтган, ҳовлига кирмаган, уни тузук билмасди. Қараса, ҳайҳотдек ҳовли-жой экан: иморати пачоқроқ – бир чеккада мунғайибгина турибди, лекин томорқаси Авазникига нақ учта келади.

– Ит қаерга яширинди экан? Мўйноқ! Мўйноқ!! Ба, ба, ба!!! – Чақирди итни ўлдиргани келган Аваз худди унга нон ташлайдигандек. – Мўйноқ!.. Қанисан?.. – одам овозини товлантириб, ундан меҳр-шафқат жўш ургувчи пардани топмоқчи, топиб жаранглатиб чертмоқчи бўлди. Зора, лақма ит лаққа тушса! – Ба, ба, Мўйноқ!.. – Оҳ, нақадар маккор бўлмаса бу инсон дегани, нақадар маккор!

Аваз боғни, уй атрофини гир айланиб чиқа бошлади. Лекин ҳеч қайда Мўйноқ йўқ эди. Хориб, айвонга келди. Оғир “уҳ” тортганча оёғини пастга осилтириб ўтирди, устунга суяниб кўзларини юмди. Шу лаҳза Эргаш боғбоннинг айни устунга суяниб ўлиб қолгани эсига тушиб кетдию шошиб кўзларини очди. Сурилиб нарироқ ўтирди. Ўтирган ўрнидан туриб боғни кузата бошлади. Мўл ўрик, яна олмаю ёнғоқ дарахтидан иборат қаровли боғ. Эргаш ўлгандан бери дарахтларнинг у ер-бу еридан шох синиб тушибдию, лекин, барибир, у парваришланган боғ эканлиги қараган кўзга дарҳол ташланади. Уй, супа, супа устини кўмилмай қолиб кетган ток дарахти қоплаб олган, супа тугаган жойда худди шундай қаровсиз қолган атиргулларнинг буталмаган шохлари шихшайиб турарди. Ундан кейин боғ бошланарди. Боғнинг этагида эса катта йўлга олиб борадиган йўлак. Ким билади, у фақат катта йўлдан олиб келадиган йўлак бўлгандир Эргаш боғбон учун. Ахир, у, маҳалла-кўйнинг айтишича, боғдан ортган дамлари айвондаги устунга суянганча ўғли Ёдгорбекни кутар экан. Кутганда ҳам бутун оламни унутиб кутар экан. Соатлаб, кунлаб қимир этмай кутар экан. Ўн йил кутган экан шу алфозда, ўн йил-а! Лекин йўлак отага болани олиб келмади. Олиб кетдию қайтариб олиб келиб бермади. Олдию бермади... Кейин... кейин Мўйноқ... Мўйноқ Эргашнинг боласига айланди... Шуларни ўйларкан, Авазнинг кўзи боғнинг бошқа бир томонида, қабристонга ёндош бурчагида ниманингдир оғзига менгзаган аллақандай қорайган жойни кўриб қолди-да, ўрнидан сакраб туриб ўша ёққа жадал юрди. Келиб қараса, чуқур – нақ икки одам бўйича келадиган ўра. Ўранинг ичида нимадир ғимирларди.

– А-ҳа! Қўлга тушдинг-ку, ярамас! – Жўшиб кетди Аваз. – Қўлга тушар экансан-ку! Сўнг шошиб елкасидаги милтиқни туширди-да, икки букилиб қаради: ўқдонда яна битта ўқ турганига гувоҳ бўлгач, кўнгли тўлиб, шақ-шуқ қилиб милтиқни отар ҳолатга келтдирди. Кунинг битди энди сен ўғрини! Кунинг битди!..

Ўрада ғимирлаб юрган жонзод чиндан Мўйноқ эди. Аваз унинг титраб турган қуйруғига кўзи тушгандаёқ таниганди. Итнинг ўра тубида нимадир қилаётгани унинг дам кўриниб, дам кўринмай қолаётган думию орқа оёқларидан, шитир-шитир қилишию ғингшувидан сезилиб турарди. Аваз милтиқни икки қўллаб маҳкам сиққанча ўранинг ичига тўғрилади: – Қораси кўриниши билан нақ асфаласофилинга жўнатаман!.. Шундай қилиб, ўғри итдан бутун қишлоқ қутулади, ҳамма келиб менга раҳмат айтади, адолат қарор топади. Ҳа-ҳа, шундай бўлади!..

Шуларни хаёлидан ўтказар экан, ўранинг оғзидан Мўйноқнинг тумшуғи кўриниб кетди.

– Қани, қани, сен яна бироз чиқ, мен эса нақ пешонангдан дарча очай! Яна бироз... кейин ҳаммаси тамом бўлади! Сўз бераман: қонингга беланиб ётмайсан, осонгина у дунёга равона бўласан-қўясан! Қани!..

“Мана тепкини босаман, ана тепкини босаман” деган лаҳзада Авазнинг кўзлари итнинг тумшуғида нимадир борлигини илғаб қолди. Ичкари ёруғ эмасди, фақат ўранинг қиш қуёшининг жонсиз нурлари тушиб турган бўлагигина кўзга яхшироқ ташланар, қолган жойлари ғира-шира илғанарди. Шунга қарамай, Аваз кутди. Нимадир содир бўлаётганини ички бир ҳис билан фаҳмлаган кўйи кутатурди. Ит бўлса бу вақтда оғзидагини ўранинг ёруғлик тушаётган жойига олиб келиб қўйди. Итнинг оғзидаги... итнинг оғзидаги... бу – кичкина, ҳали кўзлари очилмаган жиш кучукча эди!.. Аваз кўзларига ишонқирамади, эгилиброқ, яхшироқ, икки қовоғини йириброқ очиб қаради – шубҳа бўлиши мумкин эмас: у чинданам кучукча эди. Мўйноқ эса яна кўздан ғойиб бўлдию лаҳза ўтмай изига қайтиб келди: унинг оғзида яна бир кучукча бор эди. Мўйноқ уни ҳам наригисининг ёнига қўйди. Унинг ҳам кўзлари очилмаган эди. Кейин Мўйноқ яна ичкарига кириб кетди. Бу сафар хиёл ҳаяллади. Лекин қайтди. Итнинг тишларида яна бир кучукча бор эди. Мўйноқ уни алоҳида қўйди. Биринчи ва иккинчисини ёнма-ён қўйган бўлса, учинчисини уларнинг тепа томонига – алоҳида жойга қўйди. Аваз диққат билан қаради: учинчи кучукчанинг ҳам кўзлари юмуқ эди. Фақат қимир этмасди. Нариги иккитасининг кўзлари юмуқ бўлса-да, тана аъзолари қимирлар, ненидир излагансимон ҳаракатлар қилишар, турган ўринларида ғингшиб, у ёқ-бу ёққа тумшуқларини тиқмоқчи бўлиб искаланишар, афтидан, она сийнасини излашарди. Лекин учинчи кучукча қимир этмас, у ўлганди...

Озиб, эти устихонига ёпишиб қолган ит уч кучукчани ўранинг қуёш тушадиган саҳнасига тизиб қўйгандан кейин каттакон бошини кўтариб одамга тик қаради. Милтиқдан қўрқмай, одамдан ҳайиқмай, ўлимни бўйнига олиб қаради. Одамдек қаради: “Мана – мен, ўша, сенинг товуқларингни, Қундуз холанинг ғулғулини, Бердибойнинг алланимасини бўғизлаган ўғри ит! Бошқа ҳеч нима демайман. Ҳаммасини кўрдинг, ҳаммасини тушундинг! Нима қилсанг, ихтиёр ўзингда! Ғинг деган номард! Хоҳла, отиб ташла, хоҳла, болаларим билан бирга шу ўрага кўмиб кет! Тупурдим бундай тирикчилик қилишга, бундай тирикчилик орқасидан келадиган тирикликка ҳам! От!! Ооот!!!” деяётгандек қилиб қаради. Одамнинг тиззалари қалтираб, юраклари бошқача дукиллаб уриб кетди.

Аваз итнинг ўқдек кўзларига ортиқ қараб туролмади. Зеро, бу кўзларда нигоҳ бор эди, нигоҳ! Қанча одамларда йўқ нигоҳ, итнинг кўзларида бор эди! Аваз ана ўша қарашларга дош беролмади – нигоҳлари эгилди, синди... Аваз, итнинг нигоҳлари сўзлаганидек, ҳаммасини кўрди, кўрганларини эса тушунди. Аммо тушунганларини ҳазм қилолмай тош қотди...

 У итнинг Улкан Савол бўлиб қотиб қолган кўзларига жавоб тополмай типирчиларкан, кутилмаганда Мўйноқ ёнбошга, ўлик кучукчанинг қаторига йиқилди. Жонсиз... Унинг елкаси аралаш бўйнида ўқ изи бор бўлиб, тешилган теридан қон силқиб оқиб турарди. Ўқ малла итнинг чизиб қўйилгандек оқ бўйнига теккан, уни қип-қизил қонга бўяган эди. Аммо итнинг кўзлари – нигоҳли кўзлари Авазнинг ёдида қолди... бир умрга! Итнинг ўша лаҳзалардаги кўз қарашлари боягина танасини тешиб кирган одамнинг ўқидан-да чунон ўткир эди. Энди бу кўзлар одамнинг юрагини бутун умр – ҳар куни, ҳар он тешиб туриши муқаррар эди!..

Авазнинг бўлари бўлди, “Дод!” дея бақирганча милтиқни четга улоқтирди.

– Дод, минг дод, эй Парвардигор! Мен нималар қилиб қўйдим?! – Аваз бошини чангаллаган кўйи чўкка тушди, – Ўзинг айт, мен нодон нималар қилиб қўйдим!?.. – боғни, қабристонни бошига кўтарганча дод соларди Аваз. – Ўғлим “Худодан қўрқмайсизми, ота!?” деб, Тўлқин ака “Гуноҳ бўлади, Аваз!” дея огоҳлантиришганди. Энди билсам, улар мени тўхтатишган экан. Уларнинг гаплари “Тўхта!” деган ишора экан. Мен-чи, мен, хомсут эмган банда, уларга қулоқ солмадим. Меники тўғри дедим, ҳамманинг, бутун қишлоқнинг истаги шу дея, қайсарлик қилдим, Сени унутдим, эй қодир Эгам, ишорангни менсимай, гуноҳга ботдим!..

Теварак-атрофни тутиб кетган доду фарёдни эшитиб, бу томондан одамлар Эргаш боғбоннинг уйига ошиғич йўл солганда, у томондан кўзлари юмуқ икки кучукчани бағрига босганча “дир-дир” титраб Аваз қишлоққа келарди...

Улуғбек ҲАМДАМ