“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Синоатлар калити

Кейинги пайтларда юртимизда амалга оширилаётган кўпгина ишларни халқимиз маънавиятини шакл­лантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар билан изоҳлаш мумкин. Мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳоли, айниқса, ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишини оширишга, мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши, 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётганлигини таъкидлаш лозим. Ўйлайманки, ушбу меъёрий ҳужжатлар юксак маънавиятли ва баркамол авлодни вояга етказиш, кечаги куни ва бугуни билан фахрланадиган фарзандларимизнинг маънавий дунёсини янада бойитишга муносиб даражада хизмат қилади.

Дарҳақиқат, инсоннинг маънавий олами ривожида китобнинг ўрни беқиёс. Инсонни инсон қиладиган, унинг қалбини маърифат нури билан ёруғлантирадиган сеҳрли куч ҳам китобда мужассам. Умуман олганда, ҳаётнинг ўзи улкан бир китоб, инсон умри-ю, унинг босган йўллари, қалбининг оғриқлари-ю, туйғулари китобдир. Шунинг учун бўлса керак, инсоният учун Танг­ри томонидан туширилган энг қимматли туҳфа ҳам, унинг номайи аъмоли, тақдири, эътиқоди-ю маслаги ёзиладигани ҳам китобдир. Шунинг учун одамзот китобга интилади, барча эҳтиёжлари учун унга талпинади, ўз ҳаётини шу орқали қуради. Китоб орқали оламни, одам дунёсини, ўзини англашга ҳаракат қилади. Шу маънода, дунёда мавжуд неки воқелик бор экан, барчасининг замирида қанча ҳикмат, китоблар орқали англанадиган сирлар мавжуд. Инсон ҳаётининг асосий моҳияти эса, мана шу сиру синоатлар маъносини тушунишдан иборатдир.

Бизнинг ҳам болалик ҳайратларимиз бедорликда тонггача ютоқиб ўқилган, навбатда туриб, кутиб, бир-биримиздан қизғониб мутолаа қилган китоблар билан боғлиқ. Мана шу ҳайратлар, китобдан олинган билимлар эса бугунги камолотимиз, элу юрт маънавияти йўлида нимадир хайрли иш қилишда куч бермоқда.

Юртимизда китоб ўқиш, китобхонлик маданияти учун кенг имкониятлар, шарт-шароитлар яратиб берилаётганлигини ёшларимиз эришаётган кўпдан-кўп ютуқлар тимсолида кўриш мумкин. Мен бугун фахр билан айта оламанки, Қумқўрғон туманида кейинги йилларда маънавий-маърифий соҳада кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз томонидан китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган қарор қабул қилиниши билан туман ҳокимияти бошчилигида “Оилаларга меҳр улашиб” номи остида кенг миқёсда тадбир ташкил этилди. Ушбу тадбир доирасида туманимиздаги кам таъминланган оила фарзандларига Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари, буюк адибимиз Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Ойбекнинг “Навоий” романлари, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, “Тушда кечган умрлар” асарлари, Эркин Аъзамовнинг “Эртак билан хайрлашув” асари, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари, севимли адибларимиз Чингиз Айтматов, Тоҳир Малик, Худойберди Тўхтабоев, Ғафур Ғулом, Пиримқул Қодиров асарлари туҳфа этилди. Ушбу китоблар қанчалаб хонадон фарзандлари учун ҳақиқий маънода зиё манбаи бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Туманимизда ўқувчи ёшларни мутолаага жалб этиш, уларнинг китобга бўлган муҳаббатини янада юксалтириш мақсадида “Китобсиз келажак йўқ”, “Китоб ўқишни бугундан бошлайлик”, “Китоб – билим манбаи”, “Ёш китобхонлар билан учрашув”, “Биттагина китоб олинг”, “Китобдан зиё таралади”, “Адабиётга эътибор – келажак ва маънавиятга эътибор” каби маънавий-маърифий мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга туман халқ таълими бўлимига қарашли мактаблар ҳамда коллежларда ҳам бир қатор тадбирлар ўтказиб келинаяпти.

Ушбу тарғибот тадбирларида “Маънавият – энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз”, деган тамойилга асосланмоқдамиз. Аҳолининг савиясини юксалтириш, ёшлар ўртасидаги китобхонлик, жумладан, электрон китобхонликни ривожлантириш, ижодкор-зиёлиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва уларнинг ютуқларини тарғиб этиш борасидаги ишларни оммалаштириш мақсадида “Ёш китобхонлар” учрашувлари ташкил этилмоқда.

Албатта, бугун мамлакатимизнинг ҳар жабҳасида ёшларни китобхонликка чорлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни юқори даражада баҳолаш мумкин. Аммо унутмаслигимиз керакки, қанчалаб хонадонларда ҳеч қаерда меҳнат фаолиятини юритмайдиган, ўз хоҳиш-истаги билан китоб ёки газета, журнал варақлашни батамом унутиб қўйган инсонлар ҳам истиқомат қилади. Уларнинг-да маънавиятини юксалтириш шуниси билан муҳимки, келажак авлоднинг анчагина қисми айни дамда ана шундай инсонларнинг қўл остида вояга етаяпти. Шу сабабли туманимиздаги бир қанча маҳаллаларда илм ва зиё, эзгуликка чорловчи анжуманлар ташкил этишни канда қилмаяпмиз. Туманимиздаги “Арпапоя” МФЙ ҳудудида истиқомат қилаётган бир қанча оила вакилларининг ҳолларидан хабар олиб, яшаш тарзи, моддий ва маънавий аҳволи билан яқиндан танишдик. “Жалойир” МФЙ ҳудудида жойлашган нефт ва газ касб-ҳунар коллежида ўтказилган “Китоб ўқишни бугундан бош­лайлик” номли акция эса барча ўқувчи-ёшларда ва маҳалладан ташриф буюрган оқсоқоллар ва фуқароларда қизиқиш уйғотди. Фикримизча, шу тадбирдан чиқаётган ҳар бир инсон ўзи учун ниманидир кашф этди ва маънавий дунёсида заррача бўлса-да нур таралди.

Ҳар бир миллатнинг маънавий қиёфаси халқининг қанчалар саводли эканлигида, қанчалар теран фикрлашида, илм аҳли, адабиёт аҳлининг эса ўткир ва сўнмас ижодида ёрқин намоён бўлади. Ушбу жараёнда бизнинг вазифамиз халқни, миллатни ҳамиша зиёга чорлашдир.

Нормўмин ЧАРИЕВ,

Қумқўрғон тумани ҳокими