“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“Тийрамоҳ”

Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Нобель мукофоти совриндори Иван Буниннинг “Тийрамоҳ” номли таржималар тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг август ойида Тошкент шаҳрида «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзусида ташкил этилган халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган таб­ригида «Биз Ўзбекистонда “Адабий дўстлик – абадий дўстлик» деган чуқур маъноли тамойилга амал қилган ҳолда, жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш масаласига ғоят жиддий эътибор қаратмоқдамиз», дея таъкидланган эди. Чиндан ҳам бугун матбуот ва нашриётлар орқали жаҳон адабиётининг сара намуналари эълон қилиниб, китобхон халқимизнинг кўнгил мулкига айланмоқда. Бу эса Ўзбекистонда бадиий таржима ва таржимашунослик бўйича янгича руҳдаги ижодий мактаб шаклланаётганидан даракдир.

Тақдимот маросимида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессор-ўқитувчилари, ёзувчи ва шоирлар, таржимонлар, адабиётшунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, пойтахтимиздаги олий ўқув юртларида рус тили ва адабиёти йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.

Айтиш лозимки, Иван Бунин қаламига мансуб ўттизга яқин ҳикоя ва юздан ортиқ шеърлар илк бора тўплам ҳолида ўзбек китобхонлари эътиборига ҳавола этилмоқда. Ушбу тўпламга инсоният маънавий оламини бойитишга муносиб ҳисса қўшган адибнинг “Хазонрезги» (“Листопад”) достони сарлавҳасининг ўзбекона талқини – “Тийрамоҳ” деган ном берилган.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо томонидан тузилган ушбу тўпламга академик Бахтиёр Назаров масъул муҳаррирлик қилган. Академик Акмал Саидов китобга сўзбоши ёзиб, Иван Буниннинг ҳаёти ва ижодига муфассал тўхталган.

Ушбу тўплам шуниси билан ҳам аҳамиятлики, унда Иван Бунининг улуғ аждодимиз Амир Темур ҳақида яратган ҳикояси ҳам ўрин олган. Қолаверса, мазкур тўпламга газетамизда бериб борилган муаллифнинг қатор ҳикоялари ва унинг ижодига оид мақолалар ҳам киритилган.

Иван Буниннинг тўпламдан жой олган ҳикояларини Абдулла Шер, Тоҳир Қаҳҳор, Ортиқбой Абдуллаев, Дилдорхон Алиева, Ориф Толиб каби таниқли таржимон ва ижодкорлар ўзбек тилига таржима қилган. Шеърлар таржимаси эса шоирлар Ғулом Мирзо, Турсун Али ва Сирожиддин Рауфга тегиш­ли. Шунингдек, китобда академик Бахтиёр Назаровнинг “Фитрат ва Бунин», адабиётшунос олим Мустафо Бойэшоновнинг “Қуёш Шарқдан чиқади» мақоласи, Иван Бунин ҳаёт ва ижод йўли билан боғлиқ муҳим маълумотлар берилган.

Ишонамизки, ушбу тўплам адабиёт ихлосмандларига манзур бўлиб, энг севимли китоблари қаторидан жой олади.

 

Ўз мухбиримиз