“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Ҳар биримизнинг зиммамизда вазифа бор

Барча ривожланган мамлакатларда тараққиёт омили юксак билим, олий тафаккурда деб қаралган. Маданияти ривож топган, маънавияти баланд эл жаҳон ичра ўз мавқеига эга миллат сифатида ҳамиша қадрланган. Бугун мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти давлатни тараққий эттириш, уни жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга кўтариш, бу орқали эса халқимизга фаровон турмуш яратишдир. Алоҳида эътироф этиш керакки, бу йўлда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида олиб борилаётган қатор ижобий ишлар таҳсинга лойиқ. Халқнинг ҳар битта сўзини эшитиш, дардига шерик бўлиш, уларга шароит – яхши турмуш тарзи ҳамда муносиб иш ўрни ташкил этиш энг муҳим ва асосий вазифа этиб белгиланди. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар бежизга бўлаётгани йўқ. Олий тафаккур соҳиблари бўлган аждодларнинг ворислари сифатида биз бу тараққиётни олға силжитиб боришимиз, фаровонликнинг давомийлигини таъминлашимиз зарур. Бунга эса фақат юксак маънавият орқали эришишимиз мумкин. Шу сабабли тараққиётнинг йўли кўп жиҳатдан кучли билим ва иқтидорга эга авлодни тарбиялашда, аҳоли саводхонлигини оширишда кўринмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг китобхонликка қаратган эътибори туфайли мамлакатимиз бўйлаб айнан китоб савдоси билан шуғулланадиган дўконлар, савдо мажмуалари кўпайиб бораяпти. Бундай масканлар тобора одамларнинг, айниқса, ёшларнинг кўнгли осойишталик ва маънолар маҳзанини тусаб борадиган манзилга айланмоқда. Учқўрғон туманида ҳам бу каби жойларни кўплаб мисол қилиб келтириш мумкин. Туман марказида ҳозирги кунда учта китоб дўкони фаолият олиб бораяпти. Бу савдо мажмуаларида китоб фондини имкон қадар нодир адабиётлар билан, ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари билан бойитишга ҳаракат қилаяпмиз. Энг муҳими, маънавият зиёси тараладиган китоб дўконлари шундай бўлиши кераклиги учун эмас, халқнинг эҳтиёжи учун, улардаги, айтиш жоиз бўлса, илмга ташналик натижасида барпо этилди. Бугун бундай савдо масканларидан одамларнинг қадами узилмаяпти.

Аммо ёшлардаги интилиш, куч-ғайратни кўриб шундай фикрга келаманки, уларнинг тўлақонли илм олиши учун ҳали бу каби шарт-шароитлар етарли эмас. Уларга замон талабларига жавоб берадиган, иқтидорини намоён этиш чоғида ҳар жиҳатдан кўмак берадиган, бир вақтда, бир жойнинг ўзида фикр алмашувлари ва мулоҳаза юритишлари учун имконият яратиб берадиган уникал тизим керак. Бугун биз шу масала устида жиддий бош қотирмоқдамиз. Ва бу йўлда маълум бир қадамларни ташлаб, дастлабки натижаларга эришдик ҳам. Ҳозирги кунда Учқўрғон туманида Ёшлар маркази биносининг қурилиш ишлари олиб борилаяпти. Энг муҳим ва ҳозирча ҳеч кимнинг хаёлига келмаган янгиликлардан бири шуки, ушбу марказ ичида туманимизнинг Марказий кутубхонаси жойлашади. Бу ғояни Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда амалга ошираяпмиз. Ёшлар маркази биносида Марказий кутубхона ва китобхонлар учун ўқув зали бўлади. Кутубхона барча замонавий техника анжомлари билан жиҳозланади, ўқув залида китобхонлар учун барча шароитлар яратилади. Кутубхонанинг асосий китоб фондини эса маҳаллий бюджет ҳисобидан ва Ёшлар иттифоқи билан ҳамжиҳатликда тўлдиришни режалаштираяпмиз. Бундан ташқари бир гуруҳ тадбиркорлардан иборат ҳомий ташкилотлари ҳам борки, улар кутубхонамизни нодир адабиётлар билан бойитиш учун ўз ҳиссаларини қўшишга астойдил бел боғлашган. Бундай қулай тизимнинг яратилиши бир томондан қанчадан-қанча ёшларни илм олиш йўлида бирлаштирса, яна бир жиҳатдан кўплаб талантларни юзага чиқаради, деб ўйлайман. Ўқув даргоҳларида биз билган ва билмаган иқтидор эгалари бор. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўз истеъдодини намойиш этавермайди. Аммо шуниси аниқки, илмга интилган ҳар қандай истеъдод соҳиби китоб излаб, унинг дарагини эшитиб, албатта, кутубхона томон йўл солади. Ёшлар маркази ва кутубхонанинг ҳамжиҳатликдаги фаолияти ана шундай иқтидорларни рўёбга чиқаради, назаримда.

Юқорида таъкидлаганимдек, кўпгина ёшларнинг бугун илм олишга иштиёқи чексиз. Бироқ афсус билан айтишга тўғри келадики, баъзан китобхонлик маданиятидан умуман йироқда бўлган одамларга ҳам дуч келамиз. Туман ҳокимлиги томонидан ҳафтада бир марта доимий равишда “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилади. Ана шундай тадбирларда кўпгина ёшлар билан мулоқотда бўламиз. “Қайси китобларни ўқигансиз?” ёки “Охирги марта қайси адабиётни мутолаа қилдингиз?” каби саволларга нисбатан айрим ёшларнинг бефарқ нигоҳлари ва ҳеч қандай жавобсиз совуқ қарашларига рўпара келамиз. Шундай пайтларда ўқувчилик даврларимиз ёдга тушади. У пайтларда адабиёт ўқитувчиларининг тазйиқи остида бўлса ҳамки, дарсликда берилган бир қанча асарларни тўлиқ топиб, мажбурий ўқиб чиққанмиз. Балки вазият тақозо қилганда мутолаага ҳам мажбурлаш керакдир, ўша ўқитувчиларимизнинг услуби тўғри бўлган экан, деган фикрларга ҳам борамиз. Ҳартугул мактаб даврида ўқиган ўша асарларимизнинг қаҳрамонлари, уларнинг гап-сўзлари, хатти-ҳаракатлари ҳали-ҳануз кўз ўнгимизда турибди. Ёшлар билан бўладиган учрашувларда уларни чуқур билим эгаллашга, китоб мутолаасига чорлаяпмиз. Бундай тадбирларда тажрибали педагоглар, ижодкорлар, санъат намояндалари иштирок этиб, уларга керакли ва қимматли тавсияларини бермоқдалар. Бу каби тадбирларда ёшларнинг муаммоларини, уларни қийнаётган масалаларни тинглашга алоҳида эътибор қаратамиз. Ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш, олий ўқув даргоҳларида таълим олиш каби бир қанча масалаларда ёшларнинг дуч келган айрим муаммо ва қийинчиликлари атрофлича ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди ҳамда тушунтиришлар бериб борилаяпти.

Мамлакатни ривожлантириш, халқ маънавиятини бойитиш, одамлар қалбига эзгулик нурларини сочиш шу юртнинг фарзандиман, деган ҳар бир инсоннинг саъй-ҳаракатларига бевосита боғлиқ. Хоҳ у ёш бўлсин, хоҳ қари, хоҳ мансаб эгаси бўлсин, хоҳ оддий ишчи бу жамиятда, рўйи заминда барининг елкасига вазифа қилиб берилган ўз юкламаси бор, назаримда. Ҳар бир тирик жон ўз вазифаси ва шундан келиб чиқиб ўзи англаган мақсадидан оғишмай ҳаракат қилса, юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги ҳамжиҳатликда олиб борилади.