“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Етук аллома, мужаддид, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, мутафаккир, муршид, зоҳид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз замонасида ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, Ўрта Осиё ва Қозоғис­тон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, ўзбекзабон халқларнинг диний раҳнамоси бўлган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига қисқа назар.

Шайх Муҳаммад Содиқ ҳижрий 1371 йил 21-ражаб – милодий 1952 йил 15 апрел куни Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. 1960 йили Муҳаммад Юсуф домла диний хизмат юзасидан Андижоннинг Булоқбоши туманига имом бўлиб сайлангач, бу оила мазкур туманга кўчиб ўтди. Муҳаммад Юсуф домла мазкур Булоқбоши туманида 45 йил имом-хатиблик қилган ва ўз масжидида жума олдидаги мавъиза асносида вафот этган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ихлос ва тақво хонадонида дунёга келди. Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратганди. Шайх Муҳаммад Содиқнинг илк устози отаси бўлган. У бошланғич диний таълимни отасидан олди. Қуръони Карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмларни ўрганди. Шунингдек, Муҳаммад Юсуф домла ҳам кўплаб аҳли илмларнинг хизматини қилиб, фарзанди аржумандининг ҳаққига жуда кўп дуолар оларди. Шайх Муҳаммад Содиқ 1969 йили Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактабни тугатгач, 1970 йили Бухородаги Мир Араб мад­расасига ўқишга кирди. У 1973 йили мад­расадан Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (Олий Маъҳад)га таҳсил олишга киришиб, у ерни ҳам икки йилда тамомлади. У 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» журналида фаолият бош­лади. 1976 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг йўлланмаси билан Ливиянинг Триполи шаҳридаги “Исломий даъват факультети” номли дорулфунунга ўқишга кирди. Шайх Муҳаммад Содиқ Ливияда бутун дунёдан келган талабалар орасида ҳам энг тиришқоқ ва энг истеъдодли талаба сифатида намоён бўлди..

У 1980 йили Ливия олийгоҳини энг юқори балл билан имтиёзли тамомлаб, талабалар орасида биринчиликни қўлга киритди ва дорулфунун тарафидан моддий маблағ билан мукофотланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг талабалик паллалари мазкур йилларда ўтган бўлса-да, у илм талабини умрининг сўнгги онларигача тарк қилмади. У киши ишлари, машғулотлари ниҳоятда кўп бўлишига қарамай, илмий баҳслари, таълифларидан ташқари мустақил мутолаани ҳам умрининг охиригача тўхтатмади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1980 йилда ўқишни тамомлаб, Ливиядан Ўзбекистонга қайтиб келгач, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, ректор муовини ҳамда ректор вазифаларида ишлади.

У институтда 1981 – 1989 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, улуми Қуръон, ақида фанларидан дарс берди.

У ушбу Ислом институти барномасига талайгина ижобий янгиликлар киритди, бир қанча исломий фанлар ва қўлланмаларни илк жорий қилди. Масалан, “Қуръон илмлари”, “улумул-ҳадис”, ақида фанларини ҳамда ҳадис ва тафсир фанларидан Роваиъул-баян, Манҳалул-ҳадис каби бир қанча қўлланмаларни Олий Маъаҳадга у олиб кирган эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф минтақада унутилаёзган бир анъанани – исломий-илмий асарлардан ижоза беришни қайта жонлантирди. У Имом Абу Баракот Насафийнинг «Мадарикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил» номли машҳур тафсиридан, Имом Бухорийнинг оламга машҳур, Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли китоб дея эътироф этилган «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» асаридан бир қанча шогирдларига таълим берди.

У ўзининг муфтийлик даврида мусулмонлар учун улкан хизматларни бажарди. У Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ҳамда СССР Олий Кенгашининг халқ депутати сифатида СССР ҳукуматидан мусулмонларнинг кўп­лаб ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқди. Мусулмонлар учун минглаб масжид-мадрасалар очилишида ташаббус кўрсатди. СССР ҳудудидаги мусулмонлар учун асрий орзу бўлган муборак Ҳаж сафарининг очилишига сабаб бўлди. У кишининг муфтийлик даврида биринчи марта 1990 йилда Ўзбекистонлик ҳожилар Саудия Арабистони ҳукумати тарафидан «Подшоҳнинг меҳмонлари» сифатида қабул қилиндилар, алоҳида эътиборга мушарраф бўлдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илк мақолалари 1975 йили “Совет шарқи мусулмонлари” нашриётида ишлаган кезлари нашр қилина бошлаган.

1991 – 1993 йиллари “Тафсири Ҳилол” номли Қуръони Карим тафсирининг 28 – 30-жузлари ҳамда “Поклик иймондандир” китоби, 1992 йили “Иймон” ва “Шоядки тақводор бўлсак”, 1997 йили “Ислом мусаффолиги йўлида” асарлари чоп қилинди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бир ярим йил Маккаи Мукаррамада, 1994 йил ноябридан 2001 йилгача Ливияда истиқомат қилди. Бу саналар Шайх Муҳаммад Содиқ учун улкан ижодий ютуқларга бой бўлди. Қуръони Карим тафсирига бағишланган йирик олти жилддан иборат “Тафсири Ҳилол” ҳадиси шариф шарҳига бағишланган ўттиз тўққиз жилддан ташкил топган “Ҳадис ва Ҳаёт” асарларини айни ўша йилларда таълиф қилди. У “Тафсири Ҳилол” китобининг қолган 27 жузини Қуръони карим илк нозил бўлган Маккаи Мукаррамада, ҳарам олдида таълиф этди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2001 йили Ўзбекистонга қайтиб келди. Ўзбекистонликлар Шайхни жуда катта қувонч билан кутиб олишди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз юртида 2001 – 2015 йиллар орасида кенг миқёсда илмий фаолият олиб борди. Кўплаб китоб­лар, овозли ҳамда тасвирли ёзувларда илмий суҳбатлар, мавъизалар, туркум дарс­лар, маърака-йиғинлардаги маърузалари, халқаро интернет саҳифасидаги 25000 дан ортиқ турли мавзулардаги савол-жавоблари билан халқнинг диний саводи ошишига, кишиларнинг соф Исломни англашига улкан ҳисса қўшди.

Унинг раҳбарлигида халқаро интернет тармоғида ўзбек тилидаги соф исломий саҳифага илк бор асос солинди. Ушбу islom.uz сайти ўзбек тилидаги энг фаол ва аъзоси энг кўп саҳифа ҳисобланади. Islom.uz портали асосида турли йўналишлардаги йигирмадан ортиқ мустақил саҳифа яратилиб, уларнинг ҳар бири ўз мавзусида энг бой ва энг фаол сайтларга айланди. У тўққизта ҳадис тўплами таржимасидан иборат “Олтин силсила” ҳамда катта “Ислом қомуси” лойи­ҳалари асосчисидир.

У кишининг шиорлари қуйидагича эди: «Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини таратиш. Диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат хурофотларни йўқотиш».

Унинг асарлари, суҳбатлари кўплаб илм аҳлига илҳом бахш этди. У ўз асарларининг бошида берадиган юқорида кўрсатилган шиорига ҳар доим амал қилди. У соф Исломни ўрганиш ва ўргатиш йўлида янги бир мактабга асос солди. Юзлаб шогирдларни тарбиялади. Унга ғойибона шогирд бўлганларнинг эса сон-саноғи йўқ. Бир қанча асарлари рус, уйғур, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ каби бир мунча қардош тилларга ҳам таржима қилинган ва қилинмоқда. Марказий Осиёда бунчалик сермаҳсул, унумли ва таъсирли ижод қилган олимни ўтган икки-уч аср ичида ҳам топиш мушкул. Шайх Муҳаммад Содиқ 120 дан ортиқ китоблар ёзди.

Шайх Муҳаммад Содиқнинг ташқи суврати қандай кўркам бўлса, ички олами яна-да гўзал эди. У киши юраги тоза, кўнгли кенг, хушхулқ, адолатпарвар, ҳақгўй, бағоят самимий, ниҳоятда холис, қалби салим, руҳан улуғвор, пок ниятли инсон эди. Ўзига ёки оила аъзоларига яхшилик қилганларни ҳар доим қадрлар, яхшиликларига яраша уларга мурувват кўрсатарди. Бирор инсонга ёмонликни раво кўрмасди. Оилапарвар, болажон, халқпарвар, олийжаноб инсон эди. У киши покизаликни, тартиб-интизомни, гўзалликни яхши кўрарди. Ҳеч кимга нисбатан адоват қилмас, ҳеч ким билан душманлашмас эди. Ўзига нисбатан қилинган хиёнатлару хатоларни ҳам тезда кечириб юборарди. Доим буюк ишларнинг пайида бўларди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир иши илм асосида бўларди. Қуръону Суннатга имкон қадар тўла амал қиларди. Мазҳабга доим риоя қиларди. Исломга, илмга хиёнатни ҳеч қачон ёқламасди. Нимани ёзган, нимани айтган бўлса, аввало, ўзи унга амал қиларди.

Шайх Муҳаммад Содиқ ўзида улуғворлик билан камтарлик, ўткир билимдонлик билан соддалик, сиёсатдонлик билан оталардек меҳрибонлик, ҳайбат билан беғуборлик, бойлик билан зоҳидлик, устозлик билан толибликни жамлаган эди. У киши буюк арбоб бўлиш билан бирга оддий мусулмон бўлишни ҳам унутмади, юксак шон-шавкатга эга бўлиш билан бирга фит­рат софлигини ҳам сақлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йил 10 март куни шомдан кейин Тошкентда юрак хуружидан вафот этди. Эртаси куни пешинда Кўкча даҳасидаги Шайх Зайнуддин масжидида жанозаси ўқилди. Жанозага мамлакатнинг турли минтақаларидан 200 000 дан ортиқ киши қатнашди. У киши масжид ёнидаги Шайх Зайнуддин қабристонига дафн этилди.

Устознинг кишиларнинг ихлос-муҳаббатини нақадар қозонганига яна бир далолат шуки, унинг вафоти ортидан бутун халқ дуойи хайрлар қилди, кўпчилик ўз ихтиёри билан хатми Қуръонлар, хайру садақалар, турли маросимлар уюштирди. Бир қанча хорижий давлатлардаги мусулмонлар ҳам унинг ҳаққига тиловати ­Қуръон ҳамда ғойи­бона жаноза ўқишди. Жанубий ­Корея Рес­публикасидаги Кожедо шаҳрида янги очилган масжид ҳазратнинг номига қўйилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат сермаҳсул ижод қилиб, кишиларни тўғри йўлга бошлади, балки барча илм аҳлини, ҳамма мусулмонларни тўғри йўлга йўллаб, ана шу соф исломий ҳидоятда бир қанча шогирдлар ҳам қолдирди ҳамда илмий ижодкорлик, китоб нашри, халқаро тармоқларда диний таълим-тарбия ишларини олиб бориш каби бир мунча хайрли фаолиятларни ҳам изга солиб кетди.

Аллоҳ Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Ўзининг ҳузуридаги энг олий мақомларга етказсин!

 

Қудратуллоҳ Аҳмад