“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Адабиёт касб эмас, тақдир...

Таниқли адиб Темур Пўлатов билан суҳбат

– Адабиётга кириб келишингиз ва ундаги биринчи қадамларингиз ҳақида “Китоб дунёси” мухлисларига қисқача гапириб берсангиз?

– Биринчи асаримни талабалик пайтимда ёзганман. Дарсхонада домлаларнинг кўзидан узоқроққа ўтириб ҳикоя ёзаман, деб бошлаган эдим, аммо қисса чиқиб қолди. Қалам ҳажмни ўзи билар экан, шекилли. Қалам қўлимнинг ҳаракатини ўрганган. Ўрта мактабни охирги синф­ларида ўқиётганимда Бухоро газеталарига мақола ва фельетонлар ёзар эдим. Қиссани номи “Йўл чегарасидан юрма”, деб номланарди. Ўн саккиз яшар йигит нима ҳақида ёзар экан? Албатта, севги, дўст-биродарлик, яна севимли Бухоронинг тор кўчалари, қадимий ёдгорликлар ҳақида ва ҳоказо... 1964 йилда илк асарим “Звезда Востока” журналида чоп этилгач, бухороликларни ҳаяжонга солди: “Буни ўша Темур ёзганми? Афандига ўхшаб кўчаларда ёлғиз юрган йигитми?... Ё, ажабо, ишониш қийин?!” Асарнинг баъзи жойлари мақолага ўхшаган бўлса ҳам, “катта фарзандим” менга анча ёрдам берди. Ўша йили Москвадаги киночилар Олий ўқув юрти конкурс эълон қилган эди. Таваккал, деб қиссани Москвага юбордим. 1965 йилнинг бошида Москвадан хушхабар келди – имтиҳонга чақиришди. Ҳар бир республикадан биттадан ёш муаллиф, яъни 15 нафар йигит-қизларни катта конкурсдан ўтказишди. Икки йил ўша ерда ўқидим. Бу икки йил агар ҳозир эсласам, умримда энг ажойиб йиллар бўлиб кўринади. Ётоқхонада яшаб юрган кезларим, “Мени ўрмонга чорла”, деган қисса ёздим. “Дружба народов” журналида чоп этилди. Ундан кейин “Булоқ манзилгоҳлари” қиссам журналда чиқиб матбуотда яхши баҳо олди. Энг муҳими, москвалик адиблар билан дўст бўлдим: Белла Ахмадулина, Евгений Евтушенко, Фозил Искандар, Булат Окуджава, Андрей Вознесенский шеърий кечаларига, баҳсларига қатнашиб, ҳозирги замон адабиётини қонун-қоидалари билан яқиндан ошно бўлдим. Бу авлодга адабиётшунослар “олтмишинчи йиллар авлоди”, деб ном қўйишди. Бу адабиёт авлоди Н.Хрушчев, Сталинни халққа қилган зулмини ошкор қилиб, адабиёт ва санъатда янги давр очди, мамлакат адабий муҳитини янгилади.

– Сизнинг ёзувчи бўлиб шакл­ланишингизга таъсир қилган омиллар, бу китобларми ё муайян ёзувчилар? Умуман, шу борада фикрларингиз?

– Бориб-бориб, мендан киночи чиқмади, афсус... Бир баҳсли сўз айтаман – кино касб, усталарнинг касби, ҳақиқий адабиёт эса тақдирдир. Томас Маннинг бир гапи бор: “Буюк асар сирини, мазмунини тез очмайди. Қалб, руҳни ишга солиб, дунёқарашни кенгайтиради”. Бундай асар эгалари миллий адабиётимизда Абдулла Қодирий, Садриддин Айний (“Бухоро” асари), русларда, Андрей Платонов, Михаил Булгаков, Анна Ахматова, Марина Цветаева, Белла Ахмадулина. Шуларни такрор ўқийман. Айтишга тўғри келади: Қодир ака Мирмуҳаммедов “Уста ва Маргарита”ни таржима қилган пайтда фикрдошим бўлган. Китобга сўзбоши ёзинг, деб илтимос қилган – “Булгаков асарида Шарқ фалсафаси” деган мақола ёздим қийинчилик билан.

Иттифоқ ёзувчилар уюшмасида ишлаганимда, Ленин-Сталин мукофотини эгалари – Анна Ахматова, Борис Пастернак, Корней Чуковский, Марина Цветаева, Солженицин, Белла Ахмадулина каби ҳақиқий ёзувчиларни қоралаб, совет ва коммунистлар фирқасини душмани, деб катта лавозимларга умрини бекор сарф қилган қанча ёзувчиларни биламан. Ўзимиздан ҳам битта-яримта “душман қидирувчилар” ҳар замонда бемалол чиқади. Бўлмаса, кимлар Абдулла Қодирий, Чўлпон, Беҳбудийларни, Саида Зуннунова, Шукрулло, Саид Аҳмадни зиндонгача олиб борган?

Ёшлигимдан қасам ичдим, Ленин-Сталин мукофотларига сазовор бўлганларнинг йўли анча ёруғ ва енгил бўлса ҳам: “Аллоҳ Таоло менга бошқа йўл кўрсат, қийин бўлса ҳам, чарчаб йиқилсам ҳам”, деганман.

– Устоз, Ленин-Сталин мукофоти олганлардан кўнглингиз қолган пайтлар бўлганми? Уларнинг кўпчилиги истеъдодли ёзувчилар бўлган. Бироқ истеъдодларини баъзан сиёсат учун қурбон қилишган.

– Москвада Ёзувчилар уюшмасида ишлаганимда архивлар билан танишиб чиққанман. Ҳатто, буюк ёзувчилар ҳам Борис Пастернак ва Солженицинни халқ душманлари, деб қоралаган экан. Мен буларни нега айтяпман? Айтишади-ку, Платон менинг дўстим, лекин ҳақиқат ундан устунроқ, деб. Мен совет адабиёти ёзувчилари ҳаракатларига қизиқар эдим. Бир куни кўзим “Правда” газетасининг 1973 йил 31 август­даги сонига тушиб қолди. Унда бир гуруҳ ёзувчиларнинг мактубини ўқидим. Мактубда Александр Солженицин ва Андрей Сахаровга айб қўйиб, ёзувчининг ижоди ва улуғ олим қораланиб, совет ҳокимияти душманлари, деб қаттиқ танқид қилинган ва уларга жазо сўралганди. Ундан кейин газеталарда, айниқса, “Литературная газета”га “оддий” халқнинг талаблари ҳам чоп этилиб, ишчи ва деҳқонлар, санъат арбоблари, ҳарбийлар жазо талаб қилиб, Солженицинни ватандан ҳайдаб, Сахаровни Москвадан Горький шаҳрига юборишди... Адабиёт ўша пайтда партиянинг қуроли бўлган.

– Темур оға, шахсан мен ёш ёзувчи сифатида Сизни ва Шукур Холмирзаевни ўзимнинг устозим, деб биламан. Бразилиялик адиб Пауло Коэло Борхесни кўргани борганда, унинг ҳузурида тилдан қолганини эшитганман. Бир оғиз ҳам гапиролмаган экан. Ўзим Рауф Парфини илк бор кўрганимда худди шундай ҳолатга тушганман. Шукур акани олдида ҳам довдираб, ўзимни анча йўқотиб қўйгандим. У киши менга сиз бир пайтлар Шевелёв деган бир таржимонни Тошкентга олиб келганингиз ҳақида айтиб берганди. Хуллас, воқеликдан бироз чалғиб кетганимга қарамай, сиз мен учун бугунги ўзбек адабиётида бир ғаройиб ёзувчи сифатида гавдаланасиз. Сизда ҳам ўз даврида улуғ ёзувчилар олдида, устозларингиз олдида шундай кечинмалар бўлганми?

– Шукур Холмирзаев билан нафақат беш қаватли уйда қўшни турар эдик, балки дўст бўлиб бир-биримизни ёзган асарларимизга баъзи пайтлар хафа қиладиган даражада баҳо ҳам берар эдик. Сиз тилга олган Сергей Шевелёв Москвадаги “Молодая гвардия” нашриётининг муҳаррири сифатида биринчи китобимга оқ йўл берган. Бир кун Шевелёв билан ўзбек адабиётининг келажак авлоди ҳақида гурунг қилдик, Мен Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов каби қатор номларни тилга олдим. Сергейни меҳмондорчиликка чақирдим. Тошкентга учиб келди. Ёш ижодкорлар билан танишди. Биламизки, баъзи ёзувчилар феъли ўзига хос, улар билан тил топишиш осон эмас. Шукурни билмадим, лекин фурсатдан фойдаланиб, Ўткир Ҳошимов Шевелёв билан тил топишди ва тез орада китобини рус тилида Шевелёв нашр қилди.

Бундан ташқари, Абдулла Орипов билан ҳам яқин эдик. Бир куни шоир айтди:

– Шеърларим Москвада чиқса, йўл топиб тез хорижга чиқарди. – Хўп, оқсоқол, бўлади, – дедим. (Бир-биримизга оқсоқол, деб мурожаат қилар эдик). Белла Ахмадулинани меҳмонга чақирдим. Келди. Шоира Абдулла билан ҳамкорликка тайёр эди. Лекин бўлмади. Шоир шоира билан ҳам тил топишолмади. Кейинроқ, Омон Матжоннинг Ахмадулина таржимасидаги шеърлари Москвада чоп этилди. Хурсанд бўлдим. Омон Матжон бунга арзийдиган забардаст шоир эди. У пайтлар Рауф Парфининг овози шеъриятимизда ўз ўрнини эгаллаган эди. Рауф Парфи, Шароф Бошбеков, Аҳмад Аъзамларни “Ўзбекфильм”да янги сценарий устахонасига таклиф қилдим. Билмадим, ҳозир қандай, лекин ўша пайтда миллий сценарийларга киноимиз жуда ҳам муҳтож эди. Москвадан келган сифати жуда паст, миллий ҳаётимиздан узоқ сценарийлар устида ишлашга мажбур эдик. Қабул қилганларга биринчи дарсда мурожаат қилдим: “Оғайнилар, уйда ўтириб, бемалол ижод қилинглар, шеър ёзасизларми, ҳикоями ўзларингнинг ишларинг, лекин йилда битта сценарий олиб келинглар, бундан ташқари, ҳар ой киностудия кассасига пул олишга келинглар. Маош эсингиздан чиқмасин. Ҳовва?”. Яқинда Шароф кулиб шу мурожаатни эслаб қўйди. Аммо бир йилга ҳам бормасдан, устахонани беркитиш ҳақида қарор келди. Директоримиз Шуҳрат Аббосов секин қулоғимга шивирлади: “Миллатчи талабаларни танлаб олган экансиз”.

Таржимонлар ҳақида гапни якунлаб олганимизда, яна бир иш эсимга тушди. Устоз Одил Ёқубов билан ҳам яқин эдик. Одил ака билан забардаст рус ёзувчиси Александр Дудинцев орасида воситачи бўлиб, яхши таржимага йўл очдик. У пайтлар мен “Советский писатель” нашриётида Ўзбекистондан правления аъзоси эдим. Шу баҳона билан Одил ака Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов ва бошқаларнинг китоблари таржима бўлиб чиқишига кўмак бердим.

– Сиз анчадан буён чет элдасиз. Қандай кетиб қолгансиз? Нега? Ёзувчи учун Ватан соғинчи нима? Ўзбекистонни соғинасизми?

– Мен Ватанимдан норози бўлиб кетганим йўқ, Аллоҳ сақласин бундан! Москвага кетишимнинг тарихи шундай: 1991 йилнинг ёз ойларида, табиблар маслаҳатига суяниб, хасталикка чалинган боламни иссиқ ҳаводан, салқин Россияга хотиним билан олиб кетдик. Москвада “Переделкино”, деган ижод уйига жойлашдик. Август ойининг охирига яқин телевизор орқали эшитдик: Москвада тўполон, ГКЧП деган бир гуруҳ фирқа котиблари ва ҳарбийлар ҳокимиятни қўлига олибди. КГБ ва кўчалардаги аскарлар йўлларга тўсиқ қўйилган ижод уйидан бизни чиқаришмасди. Билдимки, тўполончилар, Горбачевга қаршилик қилиб, ошкоралик ва демократияни йўлидан кетиб, яна аввалги тоталитар СССРга қайтиш билан оввора. Хотиним қўрқиб, энди қандай Тошкентга қайтамиз, деб хавотирланарди... Қизларим ҳар соатда уйдан қўнғироқ қилиб туришди. Яхшики, бу тўполон икки кун давом этди. Мос­квадан аскарлар чақирилди. Шоир Евтушенко ижод уйига келди, хурсанд. “Темур, – деб менга мурожаат қилди: – Кетдик. Ёзувчилар уюшмасини дабдаласини чиқарамиз. Унинг ҳамма котиблари ГКЧПни қувватлаган. Сен ахир, правлениянинг аъзосисан. КГБ идорасининг шармандасини чиқарамиз... Асарларингни беш-ўн йил чиқмаганига шулар айбдор”, деб юрагимга аланга солди. БМВ машинасига туркман ёзувчиси Бердиназар Худойназаров билан ўтириб олдик. (У пайт ёзувчилардан фақат Евтушенко БМВга эга эди). Уюшма биносига эсон-омон келдик. Бизлардан олдин бир гуруҳ Евтушенко мухлислари бино олдида митинг қилишаётган экан. Евтушенко чақирган бўлса керак уларни. Эски КГБчи котиблар идорани ташлаб қочганга ўхшайди. Евтушенко ўз фикрини дадил айтадиган фавқулодда бир шахс бўлиб, тезда омма эътиборини ўзига қарата олди. У минбарга чиқиб, мажлисни эълон қилди. СССР Олий кенгаши депутатлари – Чингиз Айтматов, Ўлжас Сулаймонов, Мўмин Қаноат, Расул Ҳамзатов залда пайдо бўлдилар. Кун тартиби: Уюшманинг янги раҳбариятини сайлаш. Бирдан мен билан келган Бердиназар Худойназаров сўзга чиқиб, дангал айтди: “Бир гап айтаман. Эски котиблар миллий адабиётдан узоқ... Китобларимизни ўқимас эдилар. Фақат жумҳуриятимизга меҳмон бўлиб келганда, ўзига, хотинларига, бола-чақаларига қимматбаҳо совға талаб қилар эдилар. Уларга ахалтекин отини совға қилсак ҳам норози, яна бир нарса бериш керак эди. Суровцев деган котиб Ашхободга сафар қилиб: “Ассалому алейкум, қардош қирғиз ёзувчилар”, деб бизни ҳая­жонга солди. Маст эдими билмадик”. Зал кулди. “Менинг таклифим: уюшмамизни бошида туриш учун ўрта осиёлик ёзувчини сайлаш керак. Масалан, Темур Пўлатов. Иттифоқда номи чиққан, тилларимизни билади. Китобларимизни Берди Кербобоевдан бошлаб Анна Қобусовагача ўқиган. Бир неча кун Темур билан “Переделкино”да гурунг қилдик. Москвалик уюшма аъзолари билан ҳуқуқларимиз бир эмасми? Уларга ёзувчилар шаҳарчасида бўлган дачаларни беришади. Бизга эса, миллий арбобларга дарвозалар берк. Нега бундай? Мен аминманки, бу масалани Темур тез ҳал қила олади”.

“Оббо”, шайтон, мен билан “Переделкино”да суҳбат қилганда дача олишни ўйлаган экан. Дарров жо­йимдан тик турдим:

– Мен норозиман! Олтмишга қадам қўйдим. Ўзбекистондан бошқа жойда хизмат қилмаганман. Миллий ҳаётни кўриб, ёзиб юрган ватандошларимнинг даврасидан кетсам, қандай ижод қиламан? – деб болага ўхшаб нола қилдим.

– Содда экансан?! – овоз берди Евтушенко. – Гоголь Италияда туриб ижод қилган. Тургенев ва Бунин – Парижда. Рўйхат катта. Ўрганасан, оғайни. Биз ҳаммамиз ёрдамга тайёрмиз.

– Мен Гоголь эмасман, Тургенев даражасига борганманми-йўқми билмайман.

Баҳсга тайёр эдим, лекин билдимки, биронтаси бу уюшмани кўтариб юришга тайёр эмас: советлар иттифоқи якунига келган кунларда, ҳокимият ўз идораларини ҳам олиб кетади тарихга...

– Овозга қўямиз! – телбалик билан бақирди раис.

Овоз берганларни мажлисда қатнашган шоир Тўра Мирзо санаб турди.

– Юз фоиз! – бақирди хурсандлик билан Евтушенко – Табриклаймиз, Темур дўстим. Уй-жой билан таъминлаймиз.

Менинг хафалигимни кўриб, Ўлжас Сулаймон айтди:

– Ҳеч бўлмаса, бир йил ишлаб бер. Уюшмани тозалаш лозим. Янги давр. – Бирдан Худойназаровга қараб: – Ҳеч бўлмаса, Бердиназарга дача олиб берсанг “Переделкино”да бу ҳам савобли иш.

Бир йил ўн йилга чўзилди. Йўлимиз, касбимиз Оллоҳ қўлида экан. Эртасига нима бўлишни Танг­римдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳадисларда айтилган: одамзот ўйлайди, ишнинг натижасини фақат Оллоҳ билади.

Юкни зиммамга ташлаб, Евтушенко тез орада Америка томонга йўл олди. Фақат хотиним, болаларим қаттиқ норози бўлишди. Бир йил сабр қилишга ҳам тоқатлари йўқ эди. Тез-тез оиланинг олдига, Ватанга борар эдим. Ҳамма ўзгариш­лардан хабарим бор... Шу кунларда бўлган қувончли ишлардан ҳам хабарим бор... Гоҳо хафа бўламан, гоҳида хурсанд...

Бир нарсани чуқур сездим: Ижодкорнинг ватани доимо қалбида, руҳига аланга беради. Қайси заминга кетган бўлса ҳам. Кўрган-кечирганларимиз, урф-одатларимиз, мусулмон динимиз, ватандошларнинг дардини сезишга ёрдам беради.

– Устоз, сўнги саволим. Сиз асосан рус тилида ёзасиз. Шу ҳақда тўхталсангиз?

– Ижодкорнинг қуроли бўлган тил ҳақида икки оғиз сўз. Қадимий замон файласуфи Арасту шундай деган: “Тил чиройли, аммо инжиқ қизга ўхшайди”. Бориб-бориб, ўзига мос ижодкорни топади. Янги ижодий дунё­ни очиш учун. Вавилон минораси нега осмонгача бошини кўтармади? Сабаб: қурувчилар ўнлаб тилларда гапириб, аммо бир-бирини тушунмаган холос... Шунинг учун, минора осмонга бошини кўтармай, тошлари заминда қолди...

Бухорода ўсиб-яшаб, Тошкентда ишлаб, икки – ўзбек ва тожик тилининг эгаси бўлдим. Ўша Арасту айтган қизга ўхшаб, рус тили учинчи, аммо ижод тили бўлиб қолди мен учун. Кўча тили ва адабий тил анча фарқ қилади – буни мактаб ўқувчиси ҳам сезади... Жаҳон адабиёти тиллари жуда кенг дарё. Бу дарёга ҳамма кирмайди – жинни сув олиб кетиши мумкин. Ирландиялик улуғ адиб Жеймс Жойс инглиз тилида ижод қилишининг сабабини шундай айтган: “ – Мен ўз миллий тилимда ижодни бошлагач, бир-икки ҳикоя ёзиб билдимки, халқимнинг дарди шундай бепоёнки, уни инглиз тили билан дунёга дод деб тарқатиш лозим”. Менимча, шу сўзларга Чехияда истиқомат қилган немис тилини ижодий тил қилиб танлаган – Франц Кафка, инглиз тилида бевосита ижод қилган улуғ Рабиндранат Тагор ва ҳоказолар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Рўйхатни ўнлаб ажойиб ёзувчилар билан давом эттириш мумкин...

Бугун катта адабиётни эгаллаб олган қирғиз Чингиз Айтматов, қозоқ Ўлжас Сулаймонов, грузин Булат Окуджава, белорус Василь Биков, Светлана Алексиевич, абхаз ўғлони Фозил Искандар, татар миллати вакиласи бўлган – Белла Ахмадулина каби истеъдодлар нафақат жаҳон адабиёти услублари, жанрлари билан ҳам миллий адабиётини катта миқёсга олиб чиққан, шу билан бирга, адабиётшуносларнинг айтишича, рус адабиётига ва рус тилига бебаҳо бойлик киритганлар. Ҳозиргача шулар рус китобхонининг севимли ижодкорлари бўлиб келмоқда. Мен ҳам шу тилда ёздим асарларимни. Келажакни эса, мусулмонлар айтишига кўра, Аллоҳ яхши билади...

 

Шерзод Комил Халил суҳбатлашди