“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

АДАБИЁТГА ХИЁНАТ — АДОЛАТГА ХИЁНАТДИР

Нурали ҚОБУЛ

 

Нурали Қобул ижодхонаси қандай олам? У асарларини қандай яратади? Ижод жараёнидаги изтироб ва севинч ҳақида сўзлаб берсангиз?

— Саволни бевосита хона маъносида берган бўлсангиз, бу кутубхона, архив, музей ва картиналардан иборат мўъжаз бир узлату танҳолик бурчагияъни ватаннинг бир парчасидир. Чорак асрдирки, мен шу бурчакка чекинганман. Илоҳий ёлғизлик, одамлар ва борлиқни узоқдан кузатиб, англамасдану мушоҳада этмасдан туриб, кўнгилдагидек битик битиб бўлмаслигини тушунмоқ учун ҳам вақт керак бўлади. Конфуцийдек буюк шахсият олтмишдан сўнг яхши-ёмоннинг фарқига етдим деганда ҳам шуни назарда тутган бўлса ажаб эмас. Ҳар қандай санъат асари уни битган киши қалбидаги инсонларга, инсониятга ва борлиққа бўлган чексиз меҳр-муҳаббат, олий адолат туйғуси, эътиқодидаги ахлоқнинг меваси сифатида дунёга келади. Сиз маҳсумингизни қандай яратган бўлсангиз, ўқувчи ҳам худди шундай таъсирланади. «Темурийлар» эпопеясини битар эканман, Буюк Темурнинг тана тупроғини она тупроққа айланишини қаламга олмоқ, мен учун бу дунёнинг азоби бўлди. Ниҳоят, дилим тўкик, қалбим сўкик бир аҳволда саккизинчи «Қадарнинг ғариб жилваси» жилдида бу уқубатни эплагандай бўлдим. Қирқоёқдан қандай қилиб бунча оёқни бошқара биласан, дея сўраганларида, саволга назарий жавоб бераман, дея юрмоқни унутаёзган экан. Муҳаббат ҳақида уни бошидан кечириш бахтига муяссар бўлмаган, унинг моҳиятини англаб етмаган киши жўшиб гапириши мумкин. Ёзиш жараёни ҳам шундай. Масалан, Фаридиддин Аттор ижод қилмоқ учун маълум муддат оила, бола-чақа ва қариндош-уруғини тарк этган. Навоий ва Паҳлавон Маҳмуд уйланмай қўя қолган. Лев Толстой эса ҳаёти сўнгида яқинларидан қочиб кетган. Ақлнинг йўли бир деганларидек, одил, тўғри, соғлом ва дунёвий фикрловчи киши ҳамма нарсани кечиради. Боиси, у ҳамма нарсани онгли равишда тўғри тушунади. Масалага бир ғоя, дин ёки фалсафа нуқтаи назаридан бир томонлама боқмай кенг нигоҳ ва теран тафаккур ила ёндашади. Ҳар қандай омаду омадсизликни тақдир синови деб қабул қилиш зарур. Зотан, куй ҳам куйгандан чиқади. Куйган ерга яхши ўт битади...

Ёзиш қачон эҳтиёжга айланади? Ёзувчи учун ёзолмай қолиш нима?

Ёзувчи учун ёза олмай қолиш ижодкор сифатида тугаш демакдир. Бу саволни чуқурроқ таҳлил этажак бўлсак, битикчи маълум бир даврга келиб «ўчдими», демак унда сиз назарда тутган ёзувчилик иқтидори бошданоқ ҳамин қадар бўлган. Ҳақиқий ижодкор эса ёши улғайиб, тажрибаси ошгани сари улуғ Лев Толстой каби авлиё сифатига эришиб боради. Чехов юксалган буюклик шоҳсупасига кўтарилади. Шахсиятида ҳақиқий файласуфлик закоси шаклланмаган ижодкорлар одатда эрта сўнадилар. Ёзувчиликка даъвогар одам — энг аввало, саводли бўлиши керак. Ҳақиқий ёзувчидан ҳақиқий ўқувчи камроқ, деган гапни туйгандирсиз. Кишининг ёзган сатри ва сўйлаган сўзи орасидан унинг билимлилиги, саводхонлиги ва фаҳми-фаросатининг даражаси балқиб туради. Буни фақат асил адабиётни англаган ҳақиқий ўқувчилар тушунадилар. Умуман, адабиётда ёзувчи ва ўқувчилар иккига бўлинади. Биринчиси, адабиёт аталмиш буюк эътиқоднинг туб моҳиятини англаб етиб ёзадиган ёзувчи ва ўқувчилар. Иккинчиси эса адабиёт нелигини англамай туриб ёзадиган маиший битикчилар ва ўқувчилар жуда кўпчиликни ташкил этади. Боиси, фикрлайдиганларга қараганда фикрламайдиганлар кўпдир. Бундай ўқувчиларнинг жиддий адабиёт ва фалсафий асарларга тишлари ўтмайди. Уларни ҳам айбламоқ фикридан йироқман. Умуман ўқимагандан кўра савиясидан қатъий назар, ниманидир ўқиган авло шекилли. Мен бу масалада икки маротаба ўқишга арзимайдиган китоб, бир маротаба ўқимоққа ҳам арзимайди, деган фикрга амал қиламан.

Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикрингиз қандай? Ёзувчига илҳом қанчалик зарур?

— Болалигимда Шаҳзода энамдан худо қаерда эканлигини кўп сўраб-суриштирардим. «Тангри кўкайимизда, қош-қовоғимизнинг ўртасида» дер эдилар, раҳматли энам. Нафақат ижод аҳлига, эл-улус, миллату ватан ишини ўзининг шаъну шараф, имону эътиқодига айлантира олган ҳар қандай киши сиз айтган илҳомдан мосуво эмасдир. Муқаддас китобимизда бежизга «Мансаб эгалари — илҳом эгаларидир» дейилмаган. Ҳар ишнинг ўз ҳадди-ҳавоси бўлади. Масалан, шоирлар хаёлан осмоннинг тўққизинчи қатига чиқмасалар, шеър ёза олмайдилар. Энг муҳими, қалб, имону виждонда туғилган ана шу илоҳий ҳис-туйғуларни эзгуликка йўналтира билмоқ, кишилар юрагида эзгулик булоқларини очиб, кўзларида ёш, дуоларида тош-ла яшамоққа йўналтира билмоқдир.

Инсон нимага қодирлигини ўзи билади ва табиийки, энг тўғри баҳони ўзига-ўзи бера олади, дейишади. Сиз ўзингизни қандай ёзувчиман деб ҳисоблайсиз?

— Фақат соғлом, одил ва тўғри фикрлашга эришган кишиларгина ўз имкониятларини, салоҳиятини адолатли баҳолай биладилар. Энг муҳими, бундай шахсиятлар ҳар қандай муваффақиятга эришмасинлар, ўзларига нисбатан доимо танқидий муносабатда бўладилар. Халқимизда «Кўпчилик кишилар ўзларининг кимликларини билсалар, ёрилиб ўлардилар» деган нақл борлигини билсангиз керак? Ёзувчининг вазифаси эса ана шундай кишиларга кимликларини англаб етмоқлигига кўмак этмоқ, буни санъаткорона тасвирламоқдир. Муттаҳам ўзини авлиё санаб янглишаётганлигини кўрсатмоқдир (Машҳур поляк ёзувчисининг «Муттаҳамнинг парвози» романини эсланг). Ҳеч бўлмаганда ҳаётининг сўнгги дамларида ўзининг кимлигини билиб кетмоғига имкон яратмоқдир. Бироқ биз не қадар жонимизни жабборга бериб, ўзимиздан авлиё ясашга уринмайлик, тирикликдаги баҳо нисбийдур. Ҳақиқий баҳо шоҳу гадой, ким бўлмасин, устига тупроқ тортилгандан сўнг берилади. Гюго айтганидек, кўзимиз очиқлигидаги унвону мукофотлар, мақтову юбилейлар тирикликда қабримиз устига қўйилган тошдир. Мен, ҳар қандай инсоннинг ҳақиқий инсонлиги, унинг одамийлик истеъдоди, адолатга амал қила олиш эътиқоди, ахлоқининг даражаси ва кишиларга бўлган меҳр-муҳаббати билан белгиланади, дея оламан. Адабиётга хиёнат — адолатга хиёнатдир. Адолат ҳақида тасаввурга эга бўлмаган, унга амал қилмаган киши, ҳеч қачон ватани ва миллатини, инсонларни сева олмайди. Энг даҳшатлиси Абдулла Қодирийу Чўлпон, Элбегу Усмон Носир, Мақсуд Шайхзодаю Шукруллоларнинг жойини худди ўзлари каби номдор ҳамкасблари солганлар. Тарихдан сабоқ ва ибрат олинмаса, унинг фожиалари такрорланаверади. Бундай, жисмоний ва маънавий қатағон руҳидаги, ижодкор қиёфасидаги «Адабий арбоб»ларнинг роҳат-ла қўл соллаб юришларидан кишининг юраги орқага тортиб кетади. Қисмату қадар адабиёту санъатимизни бу кўз ва умрчўқирлардан асрасин, дея дуо этамиз. Зотан, ижобат ўлмаяжак дуога омин дейилмас...