“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

САЛОМ, ҚАДРДОНИМ ЭЛ

Нилуфар ШИХЛИ,

журналист, шоир, таржимон

(«Китоб дунёси» газетасининг Россиядаги мухбири)

 

Анчадан буён дом-дараксизсан... Мен тез-тез сени хотирлаб, олисларда қолиб кетган беташвиш, бахтли кунларимизни соғинаман. Яқиндагина қўлимга эски альбом тушиб қолди. Уни бошқа уйга кўчиб ўтаётганимда йўқотиб қўйган бўлсам керак, деб ўйловдим. Альбомга нигоҳим тушди-ю, бутун мактабдаги ҳаёт кўз олдимда гавдаланди. Суратларга бирма-бир тикилиш — гўё суюкли фильмнинг кадр-ларидай ёқимли эди. Кўчада қор бўралаб ёғаётганда, уйда илиқ хотиралар тафтида исиниб ўтиришга нима етсин?   Расмларга тикиламан ва ҳайратланаман: вақт ва ҳаёт бизларни кимларга айлантириб қўйди.

Энди биз сочлари ўриб қўйилган жажжи қизалоқлар эмасмиз. Мулойим беғубор қалбли гўдакдан ҳусни кўзни қамаштирадиган даражада гўзал қизга айландинг. Ҳар куни муҳаббат мактубларини олардинг ва уларнинг ҳаммасига менсимай қарардинг. Менга сендаги ўқишга қобилият, бенуқсон хотира, муомала маданияти жуда-жуда ёқарди. Тўғрисини айтганда, бирга юрганимизда менга ҳеч ким аҳамият бермасди, бироқ бу ҳеч қачон мени хижолатга қўйган эмас. Чунки муносабатларимиз дугоналарникидан кучлироқ эди. Сени опамдай яхши кўрардим.

Эсингдами, адабиёт ўқитувчимиз касал бўлиб қолганда биз ўтириб, унинг оиласини муҳокама қилгандик. Ўшанда сен ҳаммани ҳайрон қолдириб, ҳеч қачон муаллимамиз каби умр йўлдошидан калтак еб юрадиган рафиқа бўлмаслигингни, жамиятда кўзга кўринган шахс бўлиш учун  дунёга келганингни айтгандинг. Синфдош қизлар даврасида ўзингни тақдир қироличаси деб атадинг. Ўшанда мен сен ўзига ишонган ва ўзинигина яхши кўрадиган қиз бўлиб улғайганингни ҳис қилдим. Бироқ бу ҳақда овоз чиқариб айтмадим, энди ўйласам хато қилган эканман.

Ҳа, азизам, Эл! Ҳар куни кўкларга кўтариб, мақтайдиган ўқитувчилару ҳеч нарсага йўқ демайдиган ота-онанинг тарбияси сени касал қилиб қўйди. Ота-онангни ҳам яхши хотирлайман. Ўқимишли, мулойим одамлар эди, бироқ охирги пайтларда бепарволигингу шафқатсизлигинг билан уларнинг кўнглини ҳам оз оғритмадинг.

Эсимда бир марта: «Агар ким менинг фикримга қўшилмаса, у душманим!» дединг. Шундан кейин кўп йиллик дўстлигимиз узилди. Мен сендан узоқлашдим ва ўзимга гўё ўзимдан олислагандай туюлдим.

Эл, ҳаёт бизни қайси соҳилларга олиб бориб ташлаган бўлмасин, мен биринчи синфга борган пайтларимни, танаффусда, мактаб ҳовлисида атрофимдаги болалардан қўрқиб, ҳайиқиб турганимни ва ўша пайтда ўзига ишонган бир қизалоқ қўлимдан шарт тутиб, синфга олиб кирган кунни асло унутмайман. Сен туфайли мен ўзни йўқотиб қўйиш нималигини, «дўст» деган тушунчанинг баҳосини анг-ладим. Дўст — ўтмишдаги ё келажакдаги одам эмас, у ёнинг-даги яқининг экан.

Москва.