“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ИЛДИЗИ БОРНИНГ ИЗИ БОР

АЛИМУРОД ТОЖИЕВ

 

Янги йил кириб келишига саноқли соатлар қолганда, аниқроғи, айни пешин вақтида эшигимиз тақиллади. Бундай пайтда қадрдон кишиларнинг йўқлашига, ҳар хил саргузаштларга ўрганиб қолганмиз. Шундай хаёл билан эшикни очсам, қўшни аёл бир алфозда турибди. Ранги-рўйи ўчиб кетган, кўзлари жиққа ёш, вужуди қалт-қалт қилади.

— Шерзоддан айрилиб қолдик...

— Нима? Нималар деяпсиз? Бўлиши мумкин эмас!

—...

— Опа, кеча кўришган эдик-ку! Чопқиллаб юрган эди-ку! Янги йилга қилган харидларимни иккинчи қаватга кўтаришиб чиқди...

Тўғриси, устимдан совуқ сув қуйгандек бўлди. Бир лаҳза талмовсираб ўзимни йўқотиб қўйдим. Ахир бор йўғи ўн етти ёшга кирган, ерга урса кўкка сакрайдиган, бир ҳафта олдин бир гала рус қизлари билан қувалашиб, чопишиб юрган навниҳол бола нимага ўлади?

Бошим қотгандан қотди. Ҳар куни кўравериб кўзинг ўрганган, бир яқинингдек бўлиб қолган қиличдек бола бир кунда йўқ бўлса?

Икки-уч соат ичида ҳовли туманот одамга тўлиб кетди. Қўшнимнинг айтишича, йигитча эрталаб қорбобо кийимини олиб келаман, совғалар харид қиламан, деб чиқиб кетган, икки-уч соат ўтар-ўтмас вафот этгани ҳақида шум хабар келган. Қўшни мавзедаги кўп хонали уйнинг томига чиққан, тўсатдан йиқилиб тушган, орқа мияси қаттиқ лат еган. Бор тафсилот шу. У ерга нима учун чиқди, ким билан чиқди, қандай йиқилди, булар ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмайди.

Бор ҳақиқат олдимизда турган ўн етти ёшли қони қайноқ йигитнинг жонсиз жасади, холос...

Шу кеча ухлолмадим. Кўзимни юмсам, ассалому алайкум, деб олдимдан кулимсираб Шерзод чиқиб келаверди. Энди мўйлови сабза урган, қош-кўзлари қоп-қора, чайиргина, бўй-басти ҳам анча-мунча қизларни маҳлиё этадиган абжир қўшнимнинг кўзимда қотиб қолган нигоҳлари мени таъқиб этаверди.

Нимага ўлдинг, Шерзод? Шундай гўзал ҳаётдан осонгина воз кечдингми? Отанг-ку ўттиз ёшида сени бағрига босишга улгуриб-улгурмай дунёни тарк этган экан, сен нимага онангни ёлғиз ташлаб кетдинг? Жон бераётган чоғингда, умид, нажот, илтижо тўла кўзларинг сўнгги бора юмилаётган чоғда биз қаерда эдик? Умуман биз қаерга йўқолдик?

Очиғи, ичимдаги оғриқларни қоғозга тўкмасам бўлмайдигандек эди. Турли-туман саволлар арининг уясидек миямни ғовлатиб юборди.

Биз халқ сифатида қарийб ўттиз уч миллионлик довонни забт этяпмиз. Ўттиз уч миллион характер, ўттиз уч миллион дунёқараш, шунча қисмат, яна шунча ҳаёт тарзи. Шунга яраша муаммо...

Миллион-миллион одам ичра ризқу рўз, насиба, бола-чақа, оила ташвиши билан елиб-югурар эканмиз, бир ойда, ярим йилда, янаям аниқроғи бир йилда бир марта бўлсин, ўзимизни кўзгуга солишни, ҳаёт, борлиқ, миллат, инсон ва ўзлик каби қадриятларни ўйлашни унутиб қўйдик. Тўғрироғи, ўзимизни унутдик. Ота-бобомиз бир бурда нону бир коса ёвғонга қаноат қилган, момоларимизу оналаримиз бир йилда бир янги либос кийса, уларнинг қалби шодликка, уйи тўйхонага айланган. Аммо уларнинг тилидан «Худога шукур», «Ўзингга шукур» каби калималар тушмаган, бировдан ёзғирмаган, бировга хиёнат қилмаган, бировни алдамаган. Оқибат ҳам, диёнат ҳам, муҳаббат ҳам жойида бўлган.

Бугун-чи? Шукр, қаноат туйғулари эсимиздан чиқиб кетди. Сабр қилишни унутдик. Диёнатни бой бердик. Муҳаббатни кўр қилдик. Тинмаймиз, елиб-югурамиз, топганимизда барака йўқ, сабаби, қалбимиз хотиржам эмас. Икки, нари борса уч фарзанд боқишимизни рўкач қилиб чопаверамиз-у, аммо топганимизни мақсадсиз, ножўя ҳою-ҳавасларга  сарфлаймиз. Мактабу кутубхона, дўконлару олийгоҳлар тўла китоб, аммо биз фарзандларимиз даврасида шарм-ҳаёсиз, ярим яланғоч, миллатининг тайини йўқ шайтончалар акс этган сериаллар, кинолар, клиплар кўрамиз. Қўлимизда сўнгги русумдаги телефону, уйимизда неча хил канали бор телевизор, жавонимиз тўла ки-йим-кечак бор. Аммо инсофдан ном-нишон йўқ.

Ҳаммамиз пул йиғишни яхши кўрамиз. Худди эртага Худо бизни унутадигандек. Чунки биз уни унутаётганимизни ички бир ҳис ила сезиб турамиз. Сезамизу барибир нафс ғолиб чиқаверади. Лекин кўпчилигимизнинг уйимизда Қуръону ҳадислар, Навоий жилдларию Машраб девони, Қодирий романлари-ю, Ориповнинг китоблари йўқ. Бойлигу ҳирсни инсоннинг заволи билиб, тасаввуф таълимотини, бир неча тариқатларни яратишган эди бизнинг аждодлар. Диний маърифатни, илмий таълимотларни яратган ота-боболаримиз борлиги, тафаккурда дунёни забт этган алломаларимиз борлиги ҳақида қулоғимизга минг марта, миллион марта айтишса-да, улар билан қизиқмаймиз. Ўзга сайёрадан келгандек. Йўқ, ўзга сайёрада яшаяпмиз. Биров билан ишимиз йўқ. Халақит берганларни ёқтирмаймиз. Кимдир туғилса қувонмаймиз, ўлса ачинмаймиз. На илмга қизиқамиз, на китобга.

Қалб деган нарсани ўлдириб қўйдик. Тафаккур деган қадриятни йўқотиб бўлдик. Қалбимиз тирик бўлганда, раҳм-шафқат туйғулари, олийжаноблик хислатлари бўларди. Аммо қани улар? Охирги марта қачон танамизга фикр қилиб, оғир ётган бечораларнинг ҳолидан хабар олдик? Яхши кўрган аёлимизни (турмуш ўртоғимизми ёки...) энг қиммат рес-торанга олиб бориб, булбулнинг тилидан пиширилган кабобни ейишини завқ билан томоша қиламиз-у, ярим кило ош дамлаб, қўшни маҳалладаги ногирон миллатдошимизни йўқламаймиз.

Миллионлар ичида миллионлардан бири бўлиб яшаш ҳеч гап эмас. Фақат номимиз бошқа-бошқа-ю, шаклу шамойилимиз, мақсадимиз, манфаатимиз, матлабимиз, умр йўлимиз бир хил... Моҳиятимиз бир-биридан асло фарқ қилмайди? Яшашга, севишга, ўрганишга, англашга арзийдиган моҳиятимиз жўнлашмоқда. Фавқулоддалик, ноёблик, ўзгачалик камайиб кетяпти. Шахсиятимиз тобора заифлашмоқда. Ҳаммасига фикрсизлик сабаб. Ўғрилик, коррупция, очкўзлик, дангасалик, маишатпарастлик,  лоқайдлик, қаноатсизлик, енгил-елпиликка ўчлик, субутсизлик оммавий маърифатсизлик оқибатида келиб чиқмайдими? Бўлмаса, минг йиллик тарбияга, маънавиятга, юксак ахлоққа эга халқдан террорист чиқиши керакми? Аҳмадбойлар ва унга сомелар чиқиши керакми бизнинг халқдан? Уялдик, номус қилдик, нафратимизни очиқ-ойдин ошкор этдик, нима ўзгарди? Нимадир ўзгаряпти. Ҳали умид бор. Аммо булар бирданига ўз самарасини берармикан? Ҳазрат Навоий

Ўз вужудингға

           тафаккур айлагил,

Ҳар не истарсен

            ўзингдан истагил,

деган эдилар. Демак, ҳамма нарсани ўзимиздан бошламасак, ўз танимизга фикр қилмасак, ҳаётимиз, онгу шууримиз, қалбимизни ўзгартира олмаймиз. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллатнинг мафкуравий лидери сифатида тўрт ярим соат тик оёқда туриб, мана шу масалалар ҳақида бонг урди.

Кунда бир соат тик оёқда турган одам ҳолдан тояди, бир кунда бир соат маъруза қилган профессорнинг табиийки, мадори қурийди.    Президент эса тўрт ярим соат миллатни, халқни, келажакни тафаккур қилди. Изтироб билан, чуқур армон билан, юрагимизни жизиллатиб, қалбларимизни уйғотиб тафаккур қилди. Ҳақиқатнинг юзига кўзгу тутди, миллату миллаткушларни тафтиш қилди. Маънавий ҳаётимизда инқилоб бўлди бу нутқ. Тик оёқда, халқ тафаккури, руҳияти, маънавиятини юксалтиришни бугунги куннинг ҳаёт-мамот масаласи эканлигини таъкидлаб, юрагидаги бор қўрини тўккан миллат халоскорини тушуниш, англаш, унга камарбаста бўлиш учун бугун ўзгаришни ўзимиздан бошлашимиз кераклигини англатди.

Ўзини ўзгартира олган одам ўзгага таъсир кўрсата олади. Ўзини севолган,   шахслик моҳиятини англаган, инсоннинг азиз қадрият эканлигини англолган одамгина ўзлигини ифода эта олади. Шундагина маърифат уйғонади, илм пайдо бўлади, адабиёт яралади. Шундагина бу миллатдан бузғунчи, порахўру таъмагир чиқмайди. Меҳнат қилишга, ўз қўли билан ҳақиқий келажак яратишга, ҳаромдан ҳазар қилишга иштиёқ уйғонади.

Президент мана шу иштиёқ ҳавасида ёнди. Қарийб беш соат унинг кўнглидаги эзгулик, халқпарварликка бўлган иштиёққа боқиб ҳавас қилдим, онгу тафаккуридаги уйғоқликка, жамиятнинг илдиз-илдизини қирқиб ётган иллатларни ўттиз икки миллион халқ олдида очиқ-ойдин айта олиш жасоратига ҳавас қилдим. Рабиндранат Тагор айтган, «Мен миллатимни севаман, аммо ундан ҳам олдин ҳақиқатни севаман», тарзидаги аъмолига, жидду жаҳдига, ғайратига, эътиқодига ҳавас қилдим.

Бир ҳавас билан иш битса қанийди? Шунга муносиб бўлишга интилиш керак. Ўттиз икки ярим миллион япроқли дарахтнинг ҳар бир япроғи жипслашиб, улкан Тоғга айланиши керак. Миллат сифатида яхлит кучга, улкан қояга айланишимиз керак. Шунда Президентга ҳавасимиз, эътиқодимиз ҳақиқатга айланиб, ўз мевасини беради.

Акс ҳолда... Кўп нарса йўқотамиз. Нарсамиз йўқолса майли, ўзимизни, ўзлигимизни, илдизларимизни йўқотамиз. Худди Шерзодни йўқотиб қўйгандек.

Шерзод укам, мана шу ҳақиқатларни бизга ўз ҳаётинг билан исботлаб кетдинг. Бугун мен ўзимни топиб олмасам, ўзимни таниб олмасам, ўзимни йиғиштириб олмасам, эртага кеч бўлишини кўрсатиб кетдинг. Президентимизнинг жон ачитиб айтган гаплари яна ёдимга келди сенинг тобутинг бошида.

Сенинг қалбингда нималар борлиги, қандай муаммолар қийнаётгани, сени умуман билмаганимиз, билишга қизиқмаганимиз учун кечир бизни...