“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Устоз Ғафуров!

 

Адабиёт инсонни ҳам тарбиялайди, ҳам улғайтиради, ҳам асрайди, ҳам гўзаллаштиради. Адабиёт илми соҳиблари неча асрлардан буён мана шу қадриятни сақлаб қолиш, инсоннинг гўзаллигини, буюклигини, бетакрорлигини инсонга англатиш йўлида курашади.

Атоқли олим, Ўзбекистон санъат арбоби, нуктадон таржимон, закий адабиётшунос Иброҳим Ғафуров ҳам ўзининг 80 йиллик умрини мана шу заҳматли ишга бағишлаган табаррукларимиздан бири. Олим ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан буён катта адабиёт, катта фикр майдонида. Устоз шу йиллардан буён машаққатни ўзига касб этди, тинимсиз меҳнатни одат қилди, ижодий изтироблару ҳаяжонлар, фикрий талотўпларнинг бағрида қалби, руҳияти, туйғулари, шуурини тоблади. Ўзига юксак талаблар қўйди, иродасини темирдан қаттиқроқ қилди, юрагига атомнинг қувватини йиғди.

Шу йиллар ичида камолга етган бирорта ижодкор йўқки, Ғафуровнинг эътиборидан четда қолган, бирор яхши асар йўқки, Ғафуров нигоҳи тушмаган, бирор адабий йиғин йўқки, Ғафуров иштирок этмаган. Бўлса бордир, аммо уларда недир ҳиссизлик, қандайдир бегоналик бор.

Чунки, бу йиллар ичида Ғафуров чинакам маънода адабий феноменга айланди. Чунки, ўзбек адабиётида дунёнинг даҳолари бўлмиш Жеймс Жойс, Фридрих Нитше, Фёдор  Достоевскийларнинг руҳий оламини забт этишга кўзи етган, уларни ўзбекча гапиртира олган марди майдон бўлиб, даврага чиқди.

Устознинг соҳир туйғулари сочилган мансуралари, тагдор фикрлари, мулозаҳалари, армонлари-ю, бетакрор ташбеҳлари тўкилган юзлаб мақолалари, ўнлаб китобларини англай олган ўқувчи бу зотни катта адабий ҳодиса, закий донишманд, феномен дейишдан ўзини тия олмайди. Устоз билан бир замонда яшаганидан, меҳри тафтидан баҳраманд бўлганидан кўнгли фахрга тўлади. Миллатнинг чинакам маънодаги хазинаси бўлган бундай фидойи устозларнинг оғушига интилади, ўзини тарбиялагиси, ақли, билими, тафаккурини гавҳарлар билан тўлдиргиси келади. Ва ҳақли равишда устозга омонлик, сиҳат-саломатлик тилаб, кўкка имдод қилади.

«Китоб дунёси» газетаси ходимлари ҳам миллионлаб шундай меҳрибонлар сафида Сиз яратган Адабиёт учун ташаккурлар айтади. Ҳамиша бор бўлинг, Устоз!

 

Алимурод ТОЖИЕВ