“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

КОМИЛЛИККА ЕТАКЛОВЧИ КУЧ

Сайфиддин МУҲИДДИНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат марказининг Наманган вилояти бўлими раҳбари

Инсонни комиллик сари чорлайдиган асосий восита бу — китоб-дир. Киши қанчалик кўп китоб ўқиса, унинг дунёқараши, тафаккури, фикрлаши кенгаяди.

Инсон учун ўқиёлмай қолиш бу — фожиа, бу — жаҳолатга йўл, демакдир.

Юқорида айтиб ўтганимдек, китоб — инсоннинг тафаккури, фикрлаши, дунёқарашини кенгайтиради. Глобал муаммоларга ечим топиш учун жамиятда китоб ва унинг мутолаасини, китобхонлик маданиятини янада ошириш керак. Китоб ўқилмай қўйилса (албатта, бу борада мазмунан сифатсиз адабиётлар ҳақида сўз юритилмаяпти) глобал муаммолардан бири бўлган саводсизликка йўл очилади, саводсизлик эса — катта парокандалик демакдир. Шуларни ҳисобга олиб, бугунги кунда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида Ҳукуматимиз томонидан китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, китоб маҳсулотларини нашр этиш борасида катта ишлар қилинмоқда, китобхонлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунга мисол қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва   тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда  тарғибот қилиш бўйича Комиссия тузиш тўғрисида»ги Ф-4789-сонли Фармойиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-3271-сонли Қарорини келтиришимиз мумкин.

Бугунги кунда юртимизда китоб мутолааси, китобхонлик маданияти ошиб бормоқда, китобхон дўстларимиз кўпаймоқда, ёшлар ўртасида китобга қизиқиш ортиб бормоқда.  Буларнинг ҳаммаси халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг ҳар томонлама билимли, юксак маънавиятли эканлигидан далолат беради.

Бугунги кунда аҳоли, айниқса, ёшларимиз орасида электрон китобга қизиқиш ортмоқда. Албатта, инсон ўзига қайси нарса қулай бўлса, шуни қилгани маъқул, уни мажбурлаб, бир ишни ёки бошқасини қилдириш, тўғри бўлмайди. Энг асосийси, китоб анъанавий ёки электрон тарздами — унинг мутолаа қилингани афзалроқ деб, ўйлайман, бирини иккинчисидан устун қўйиш нотўғри бўлади. Бу борада, мен ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, менга кўпроқ анъанавий китоб ўқиш ёқади. Чунки, менинг фикримча, электрон китобни мутолаа қилган киши компьютер олдида бевосита унга тикилиб кўп вақт ўтиради, бу эса унинг соғлигига маълум даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Буюк аждодларимиз Алишер Навоий, Амир Темур, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби бобокалонларимиз ҳақида ёзилган кўплаб асарларни, шунингдек, буюк аждодимиз, ҳадислар илмининг султони деб аталмиш Ал-Бухорийни кўпроқ ўқилишини истардим. Шу билан бирга Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон Мустақилликка эришиш остонасида», шунингдек, миллий маънавиятимизни янада юксалтириш ҳамда ўсиб келаётган ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини шакллантиришга хизмат қиладиган «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарини қайта-қайта ўқишга даъват қилар эдим.

Китоб ва маънавият тарғиботи юзасидан Наманган вилоят ҳокимлигининг чора-тадбирлари Дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят, туман (шаҳар) бўлимлари томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлари билан биргаликда таълим муассасаларида, маҳалла, корхона, ташкилот ва муассасаларда «Китоб — билим манбаи», «Китоб — маънавият гулшани», «Китоб — маънавиятни шакллантирувчи асосий мезон» каби мавзуларда маънавий-маърифий учрашувлар, маънавият соатлари, давра суҳбатлари, тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда. Статистик маълумотларга мурожаат этадиган бўлсак, 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятдаги таълим муассасалари (олий ўқув юртлари, коллеж, лицей ва умумтаълим мактаблари) да, турли идора, ташкилот ва муассасаларда 100 дан ортиқ маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларда аҳолининг 15 мингдан зиёд турли қатламлари қамраб олинди. ОАВ орқали мунтазам чиқишлар амалга ошириб борилмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят, туман (шаҳар) бўлимлари томонидан келгусида ҳам китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш йўналишида маънавий-маърифий тарғибот ишлари янада самарали давом эттирилади.

Ўзбекистон давлат Консерваторияси талабаси Нодирабегим АБДУЛЛАЕВА ёзиб олди