“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЮРАККА ҚУЙИЛГАН НУР

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Республика маънавият ва маърифат маркази Денов туман бўлими раҳбари, «Дўстлик» ордени соҳиби

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва  тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолаасини ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши китобхонлик маданиятини янада шакллантириш ва буни долзарб масала сифатида давлат сиёсати даражасига кўтаришдан далолат беради. Юрт истиқболини кўзлаб мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини янада кучайтиради. Чунки халқнинг маънавиятини юксалтиришда ҳеч бир нарса китобнинг ўрнини босмайди. Китоб — руҳни озиқлантирса, мутолаа вужудни, қалбни кўзга айлантиради, поклайди.

Ўзим ёшлигимни эсласам, ҳозир ҳайрон қоламан, кутубхонадан олинган китобни ўқишга навбатда турардик. Навбатимиз етиб келадиган фурсат баъзан бизга ғоят узоқдай туюларди. «Битта китобни ўқишни одам шу-у-нча чўзадими?» деб унинг вақтинчалик эгасидан аччиқланардик. Агар ўқиб чиққан тенгдошимиз китобдаги воқеалар ҳақида сўзлагудай бўлса, дарҳол тўхтатардик: «Ўзим ўқиб билиб оламан, гапириб берма!». Мутолаага ана шундай ташна эдик. «Алпомиш», «Равшан», «Гўрўғли» каби халқ достонларини эшитиб, ўшаларнинг тоза руҳида улғайдик.

«Алпомиш»га ҳозир ҳам бир кўз югуртирсам, олислардан дўмбиранинг овозини эшитаман. Бахшининг хониши томиримдаги қонимни жўштириб юборарди. Чингиз Айтматовнинг асарларини ўқиганимда, чанқовузнинг товуши гўё юрагимга қўйилаётганга ўхшайди. «Ўтган кунлар»да эса дуторнинг сокин куйи вужудимга изтиробнинг оҳангини олиб киради. «Кеча ва кундуз» мутолаасидан сўнг кўкрагимни тўлдириб ҳурлик ҳавосидан нафас оламан.

Китоблар инсоннинг тириклигини эслатиб туради. Унинг маънавият озуқаси эканлигини вужуд-вужудим билан ҳис қиламан. Китоб ўқиганим сари ўзимни англаб бораман. Дунёда мутолаадай завқли машғулот йўқлигига минглаб мисоллар келтириш мумкин.

Бир танишим мутолаага бўлган инсон эҳтиёжи сусайиб бораётганидан куйиниб гапириб қолди: «Эсингдами, авваллари давраларда ўқиган китобларимиз ҳақида сўзлашардик. Ҳозир эса кимнинг қандай машина, телефон олгани тўғрисида соатлаб муҳокама қилишади. Маънавият ўрнини моддият эгаллаётганига ачиниб кетаман. Давраларнинг файзи қочган, одамларнинг юзидан нури кетгандай туюлади, назаримда. Катталарнинг фикрлаши шу бўлса, кичикларидан нима кутасан. Қаерга қараб кетяпмиз».

Хизмат тақозоси туфайли кўп жойларда ёшлар билан суҳбатда бўламан. Уларнинг китобга муносабатидан кўнглим тўлмайди. Танишимнинг куюнишида жон бор, деб ўйлайман. Бизнинг даврларда деҳқон ҳам, қоровул ҳам китоб ўқирди-ку! Бугунгилар эса телефонни тутишни билади. Болалигимизда кутубхоначилар ёки китоб дўкони сотувчилари ёшимизга мос келадиган китобларни ўзи тавсия этарди. Ҳозир мен ўша китобларни ўқишни маслаҳат берган опаларимга нисбатан ич-ичимдан мамнуният ҳис этаман. Ҳайрият, Худо бизни ўшандай маърифатли опаларга дуч қилган экан, дейман.

Яқинда бир адабиёт муаллими мамлакатимизда юз бераётган оламшумул ўзгаришлар ҳақида шундай деб қолди: «Ҳамма жойда ўзгаришлар, мўъжизалар, қурилишлар, янгиликлар рўй бермоқда... Ҳеч бунақасини кўрмаган эдик. Ҳаммаси янгича — ишга муносабатлар ҳам, яшаш тарзи ҳам, масъулият ҳисси ҳам...».

Тўғри-да, халқимизда ўзликни англаш жараёни жиддий паллага кирмоқда. Биз дунёга бошқача кўз билан қарай бошладик.

2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб номлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев инсон манфаатларини баланд мақомга тутиб, халқ ғамини чекиб, халқ билан мулоқот қилгани тиним билмай сафарларда бўлмоқдалар, Айтиш мумкинки, «Пиёда юриб» халқнинг ичига кирмоқдалар, оддий фуқароларнинг уйларида бўлмоқдалар.

Менинг назаримда, Муҳтарам Юртбошимиз халқимиз билан бўлган мулоқотларда одамларни руҳлантирмоқда, уларни янгидан — янги ғалабаларга даъват этмоқда. Эртанги кунга катта умидлар билан қарашга чорламоқда.

Яна бир гап. Биз истаймизми, йўқми, бугун компьютер, интернет ҳаётимизга кириб бўлди. Улардан фойдаланаётган ватандошларимиз, биринчи навбатда ёшлар сони кун сайин кўпайиб бормоқда. Аммо ота-оналар фарзандларини интернетга, «ишониб» топшириб қўймаслиги керак. Бунинг учун ҳар бир оила компьютер, интернет нима эканини тушуниши керак.

Бугунги кунда бизнинг бош мақсадимиз — интернет, компьютернинг ўзбек тармоғини маърифат майдонига айлантириш. Зеро, улуғ бобомиз Абдулла Авлоний: «Маърифатли халқ шижоатли бўлур. Шижоат қалбнинг матонатидан, руҳнинг саломатлигидан иборатдир». — деб ёзади.

Шундай экан, компьютер тизимини миллат равнақи учун хизмат қиладиган воситага айлантириш учун ҳар биримиз маърифат ва эзгулик тарафида туриб ҳаракат қилмоғимиз лозим.

ЎзДЖТУ талабаси Жасурбек ТОЖИБОЕВ ёзиб олди