“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЖАҲОНДИН ЯХШИЛИК ИСТАГАН ШОИР

Андижонда «Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни» мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида «Боғи Бобур» истироҳат боғи, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди фаолияти билан танишиб, бу ерни янада обод қилиш, Бобур ижодий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш ишлари кўламини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб, буюк шахснинг ижодий меросини тарғиб этиш бўйича Халқаро анжуман ўтказиш таклифини билдирган эди. Шу асосда Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ташаббуси ташкил этилган мазкур анжуманда давлат ва жамоат арбоблари, тарихчи олимлар, бобуршунослар, шоир-ёзувчилар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Аҳрор АҲМЕДОВ,

«Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти

бош муҳаррири:

БУЮК БОБОКАЛОНИМИЗНИ ХОТИРЛАБ...

—                   Бобур номидаги халқаро жамоат фонди йигирма беш йиллик фаолияти давомида кўпгина ибратли ишларни амалга оширганини таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Мазкур ташкилот томонидан кўҳна тарихимизни чуқур ўрганиш, маънавиятимизни янада юксалтириш, Бобур ва бобурийлар яратган бой илмий-маданий мерос намуналарини Ватанимизга қайтариш ва илмий истеъмолга киритиш борасида қатор ишлар олиб борилди. Бобур изидан қирқдан ортиқ мамлакат бўйлаб илмий сафарлар уюштирилди. Натижада кўплаб янги-янги манбалар топишга эришилди. Мана шу изланишлар натижасида жорий йилда бобуршунос олимлар томонидан тайёрланган «Бобур энциклопедияси»нинг қайта мукаммаллаштирилган нашри ҳам бизнинг нашриётда босмадан чиқарилганини эътироф этмоқчиман. Буюк бобокалонимиз ижоди бўйича олиб борилган кенг кўламли илмий тадқиқотлар «Заҳириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография», «Мубайян ва насрий баёни», «Рисолаи Волидиййа» назмий таржимаси ва шарҳи» сингари китобларнинг яратилишига сабаб бўлди. Шунингдек, «Бобур ва дунё» журнали нашр этила бошланганини алоҳида эътироф этиш ўринли, деб ўйлайман.

 

Эйжи МАНОН,

Япония фанлар академияси аъзоси, профессор:

 

БОБУР ИЖОДИНИНГ АСИРИМАН...

— Менда Бобур ижодига қизиқиш «Бобурнома»ни ўқиганимдаёқ пайдо бўлганди. Табиийки, асар муаллифининг шахсияти билан қизиқдим. Унинг нафақат адиб, балки шоир, адабиётшунос олим, давлат арбоби, Ҳиндистонда буюк империяга асос солган шоҳ, хуллас, улуғ тарихий шахслардан бири эканлигига амин бўлдим. Мен шу даражада Бобур ижодининг асирига айландимки, беихтиёр «Бобурнома»ни япон тилига таржима қилиш хаёли билан яшай бошладим. Бироқ бундай асарни япон тилига ўгиришга бобокалонингиз ҳақида ўқиб билганларим камлик қиларди. Шунингдек, у ҳақда манбаларда ёзиб қолдирилган маълумотлар ҳам Бобур ҳаёти ва ижоди бўйича қилаётган илмий изланишларим учун етарли эмасдай туюларди менга. Таржима жараёни илҳомсиз кечмайди. Шу боис Бобур руҳини излаб, унинг туғилган юрти Андижонга келдим. Ўтган асрнинг 60-йилларида шу шаҳарда шоҳ ва шоир ҳаётига доир маълумотларни ўрганганман. Бугун мустақиллик йилларидан сўнг юртингизда катта ўзгаришлар юз берганини кўриб, тўғриси ҳайратда қолдим.

Дарвоқе, Бобур ижоди ва ҳаёти бўйича илмий изланишимни адоғига етказдим. «Бобурнома»ни ҳам япон тилига ўгиришга муваффақ бўлдим. Шуни таъкидлашни истардимки, бу асарни япон ёшлари илиқ кутиб олди. «Бобурнома» мутолааси сабаб Японияда Бобур ижоди бўйича илмий тадқиқотлар олиб бораётган ёшлар кўпайди. Мен эса ҳамон Бобурийлар сулоласининг қилган ишларини ўрганиш билан бандман. Амалга ошираётган илмий изланишларим қаторида Бобурнинг қизи Гулбаданбегимнинг «Хумоюннома» асарини япон тилига ўгиряпман...

Бугунги анжуманда шоҳ ва шоир ижоди бўйича қилган ишларим юқори баҳоланганидан ва бош мукофот билан тақдирланганимдан бошим кўкка етди.

Масуд МАННАН,

Бангладеш Халқ Республикасининг

Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

 

БОБУР ЮРГАН ЙЎЛЛАРДАН...

— Заҳириддин Муҳаммад Бобурдай буюк шахснинг тарихда яшаб ўтгани нафақат Ўзбекистон, балки дунё учун ҳам муҳим аҳамиятга моликдир. Буни биргина «Бобурнома» мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ижодкор сифатида ҳам унинг серқирра ижоди таҳсинга сазовор. Бобурийлар империясига асос солиб, амалга оширган бунёдкорлик ишлари эса унинг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрнини намоён этиб турибди. Илм-фан ривожига салмоқли ҳисса қўшган шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурга Ўзбекистон заминида кўрсатилаётган эҳтиром халқингизнинг ўз аждодларини эъзозлашининг ёрқин намунасидир. Бугунги халқаро анжуманга ўхшаш илмий-амалий тадбирларни ўтказиш ёш авлод қалбида Бобур ижоди ва ҳаётини ўрганишга бўлган қизиқишни янада оширади.

Тўғрисини айтганда, бундай халқаро анжуманларни нафақат Ўзбекистонда, балки ушбу тарихий шахс қадами етган — Афғонистон, Ҳиндистон, Бангладеш сингари давлатларда ҳам ташкиллаштириш керак, деган фикрдаман. Шу тариқа давлатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш, олимларимизнинг илмий ҳамкорлигини кучайтириш ва ёшларимизда Бобур ижодига қизиқишни оширишга имконият яратамиз.

Алмас УЛВИ,

Филология фанлари доктори, профессор, (Озарбайжон):

 

КИМ КЎРИБДИ ЭЙ КЎНГИЛ...

— Темурийлар наслидан бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда улкан империя барпо этган шоҳ сифатида алоҳида эътироф этилади. Халқаро Бобур фондининг Боку бўлими раиси этиб тайинланганим мен учун шараф.

Бобурни сўзни ҳис қила олган дардли, дилбар шоир сифатида биламан. Бобурни «Ким кўрибди эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиқ» ғазали билан таниганман. Мисралардаги қуюқ дард, мунгли хониш мени ўзига мафтун этганди. Бундай нафис лиризмни «Бобурнома»да ҳам кузатганман. Унинг ғоявий мазмуни, тарихий аҳамияти ҳақида муфассал сўзламасам ҳам, буни бугунги халқаро анжуманнинг ўзи эътироф этиб турибди. Мазкур асар нафақат тарих учун, балки бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятлидир.

 

Аҳмад Шоҳ ВАРДАК,

Афғонистондаги «Боғи Бобур» трести бошқарувчиси:

 

БОБУР БОҒИ

— МЕНИНГ БОҒИМ

— Фарзандларимга ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур қабрини зиёрат қилиш мақсадида боққа ташриф буюрувчиларга доим шу гапни такрорлайман. Мен раҳбарлик қилаётган ташкилот Бобурнинг тарихий боғларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган. Мазкур боғ Кобул жанубидаги Гозарга ҳудудидаги Шердарвоза адирликларида жойлашган. Унинг умумий майдони ўн икки гектарни ташкил қилади.

Бу жой Бобурийлар сулоласи учун муқаддас саналган. Жаҳонгир боғнинг атрофини девор билан ўраб, Бобур қабри устида қабртош ўрнаттирган. Шоҳжаҳон эса кўплаб ҳовузлар ва қўшимча бинолар билан биргаликда алоҳида мармар масжид ҳам қурдирган. Мирзо Бобурнинг қабри ўзининг васиятига кўра, очиқ осмон остида жойлаштирилган. 2008 йилда боғ қайта таъмирланди ва улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилганини алоҳида таъкидлашим керак. Бу ерда ҳар йили унинг қабрини зиёрат қилишга бутун дунёдан бир миллиондан ортиқ зиёратчилар ташриф буюради.

Шаҳноза РАҲМОНОВА ёзиб олди