“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ИЛОҲИЁТНИ ИФОДАЛАБ БЎЛМАЙДИ...

Шаҳодат ИСАХОНОВА

— Шаҳодат опа, Сиз ўзбек адабиётига дадил ва ўз овози билан кириб келган биринчи адибалардансиз. Айниқса, тарихий асарлар яратиш ёзувчидан истеъдоддан ташқари қанча билим, куч ва сабр-тоқат талаб қилади...

— Ўқувчилик чоғларимдаёқ адабиёт ва тарихга жуда қизиқардим, иккаласига ҳам бир хил меҳр берганман, ҳали-ҳанузгача ошноман. Қийинчиликка келсак, суйган машғулотингизнинг машаққати ҳеч қачон билинмайди. Буни англашимга бир воқеа сабаб бўлган. Бир куни "Саодат" журналининг рассоми, раҳматли Лайло Салимжонова портретимни чизмоқчилигини айтди. Мен рози бўлдим ва келишилган соатда ижодхоналарига бордим. Соат эрталабки тўққиздан пешин учгача (ўн беш минутлик чой ичишни ҳисобга олмаганда) бир зайлда ва бир хил ҳолатда, бир нуқтага тикилганча, қимир этмай ўтиришни тасаввур қилинг!? Бунинг устига ҳидга йўқман, бўёқларнинг қоришиқ иси димоғимни ёрай дейди. Ишонсангиз, ҳушимдан кетишимга сал қолган. Эртаси куни, тўғриси, баҳона қилиб, устахоналарига бормадим. Лайло опа кулиб: "Сизни чарчатиб қўйдим-а, аслида, зада қилмаслик учун ҳар куни икки соатдан ишлашим керак эди", деди. Мен "Аксинча, мен сизни чарчатдим, Лайло опа! " дедим мулозамат учун.

"Вой, мен нега чарчайман, бу менинг севимли машғулотим-ку! Роса илҳомим келганди, чарчаб қолмаганингизда яна икки-уч соат бемалол ишлашим мумкин эди" деди. Тўғриси, ҳайратландим. Тасаввур қилинг, юз эллик килолик вужуд билан олти соат, тик ҳолда, дам олмасдан, ўтирмасдан ишлашнинг ўзи бўладими? Ўшанда илҳомнинг ижодкорга чиндан ҳам қувват бўлишини, кўнгил чигилларини ёзиб, дардларини аритишини, еттинчи осмон қадар ҳаволантиришини илк бор ҳис қилганман.

— Сиз учун ёзувчилик нима? Касбми, заруриятми ёки кўнгил эҳтиёжими?

— Менимча кўнгил эҳтиёжи. Чунки ёзувчиликни бирор бир касбдай ўргатиб бўлмайди. Фабрикада ишлайдиган бир дугонам: "Сизга мазада, ўртоқ, бизга ўхшаб оғир меҳнат қилмайсиз, саҳар мардондан ишга кетиб, қош қорайганда қайтмайсиз. Хоҳлаганда ўйнаб-кулиб, хоҳлаганда ухлайсиз. Бунинг устига илҳом деганлариям ўзи келаркан! Машаққат чекиб, сўз қидириб ўтирмай, шапир-шупур ёзиб оласизлар-да! " деган. "Танаси бошқа дард билмас" деганларидай, ҳар бир соҳанинг машаққатини ўша соҳага дахлдор одамларгина билишади.

— Болалигингизни ҳайратга солган китоб-лар?!

— Бизнинг болалик чоғларимизда қишлоқдошларимизнинг саводхонлиги ҳаминқадар эди. Уруш ва урушдан кейинги қийин даврларда одамларнинг кўпчилиги тирикчилик учун мактабни ташлашган, ўқиётганлари ҳам чаласавод эди. Ота-оналаримиз тенги одамлар фақат пулнинг ҳисобини билишарди, холос. Эсимда бор, куз ва қиш кечалари бизникига ҳашарлашгани, кўрак чувишга ойим раҳматлининг дугоналари келишарди. Мен фонус ёруғида уларга китоблар ўқиб берардим. Китобларни навбат билан уларнинг ўзлари, кимдир эртак, кимдир достон, хуллас, ким нима топса қўлтиқлаб, олиб келарди. Ҳусни янгам берган "Чолиқуши"ни ўқиганимда илк марта китобдан ҳайратланганман ва ўшандан бошлаб китобга ҳақиқий меҳрим тушган. Уни уч-тўрт марта қайта ўқиганман. У пайтда қишлоғимизда электр йўқ, ҳамманинг уйида фонус ёки ўн икки лампа шишали чироқ бўларди. Бир куни қўшнимиз Ийдигул янга қалин муқовали чиройли бир китоб олиб чиқди.

— Китобнинг зўрини олиб келдим, биродарлар, у пиёда тугул отлиққа ҳам йўқ эмиш, хўжайин бир амаллаб, фалон сўмга топтирипи, бугун шуни эшитамиз, эрталабгача уйқу йўқ! " дедилар китобни ҳаммага кўз-кўз қилиб.

Қарасам, "Минг бир кеча" китоби. Бу китоб ўша пайтда жуда машҳур бўлиб кетганди. Лекин ўқитувчимиз уни бизга, бешинчи синф ўқувчилари учун таъқиқлаган, "Ким ўқиганини эшитсам, ўша болани синфда қолдираман", деб огоҳлантирган эди.

Болалигимда "Минг бир кеча"нинг деярлик ҳамма томини аёлларга ўқиб берганман ва ўзим ҳам ҳайратланганман.

— Ёзувчининг бахти нимада? Ёзувчи учун ёзолмай қолиш нима?

— Ёзувчининг бахти ёза олишида. Ёзолмаслик ўлим. Худога шукур, ёзолмай қолган вақтим бўлмаган. Лекин рўзғор аталмиш "ғор"нинг эҳтиёжларига кор келмоқ, кам-кўстларини тўлдирмоқ илинжида ёзмаган вақтларим талайгина. Ёзишнинг эҳтиёжга айланишини ёзувчи учун табиий жараён. Чунки ижодкорнинг ҳаётида бундан кўра муҳимроқ ва каттароқ мақсад бўлмайди. Бу мақсад эҳтиёжга айланмаса, демак, ҳамма тоат-ибодатингиз бекор. Унда ўзингизни ҳам, ўқувчини ҳам алдамай, умрингизни, кучингизни, иқтидорингизни бошқа, фойдалироқ ишга сарфламоқ керак бўлади.

Ижод жараёнидаги ҳузурни ҳеч нарсага менгзолмайман. Оддийроқ тушунтирсам, яхши кўрган қўшиғингизни эшитганда қандай ҳолатга тушасиз? Ёки гулларни кўрганингиздаги ҳаяжонни таърифлай оласизми? Менимча, бу ҳолни ўзингиздан бўлак ҳеч ким ҳис этолмайди. Инсонга куч-қувват берувчи, уни бало-қазолардан асровчи илоҳий ва олий туйғу бу! Шундай лаҳзаларда мендан бахтиёрроқ одам бўлмайди. Турмуш ташвишлари, яратган эгам ҳамроҳ қилиб қўйган бандаларнинг баъзан ўзлар билмаган ҳолда, баъзан эса атай, етказган озори, яқинларинг ва дўстларингнинг беоқибатлиги, омадсизлик ва қўли калталик, хуллас, ҳаёт аталмиш сирли ҳилқатнинг барча майда-чуйда адолатсизликлари кўзимга жуда жўн, ҳатто, кулгули туюлади. Ҳалигина бу бевафо дунёи-дуннинг найрангларидан дол бўла бошлаган қаддим ўз-ўзидан адл тортиб, ўзгача ғурур, айрича мардонаворлик вужудимни тетиклаштиради, ҳузур бағишлайди.

— Шаҳодат Исахонованинг ижодхонаси қандай олам? У асарларини қандай яратади. Ижод жараёнингиздаги изтироб ва севинч ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Менимча, ижодкор фақат ёзув столига ўтирганда эмас, балки, юрганда, турганда, бирор юмушни бажараётганда, ҳатто, меҳмонда ўтирганда ҳам хаёлан ижод қилади. Хаёлимда туғилган воқеалар, тасвирлар, қаҳрамонлар пишиб етилгач, қоғозга туша бошлайди. Баъзан, битта ҳикояни бир кунда ёзсам, баъзан, уларнинг битиши ойлаб чўзилиши мумкин. Мен учта-тўртта ҳикояни бирдан бошлайман ва илҳом келганда, қай бирига ёзиш иштиёқим кучли бўлса, ўша ҳикоя устида ишлайман. Бибихоним ҳақидаги "Турон маликаси", Туркон хотун тўғрисидаги "Чингизхон тузоғига тушган малика" романларимни ҳам шундай ёзганман.

Илҳом ҳақида гапирилганда, доимо, сўфийлик таълимотининг асоси бўлмиш тасаввуфга берилган баҳони эслайман. Унда шундай дейилган: "Тасаввуфни сўз билан ифодалаб бўлмайди, сўз билан ифодаланган нарса эса тасаввуф эмас, яъни, борлиқдаги барча мавжуд ҳилқатлар, шу жумладан одамзоднинг зуваласи ҳам Ҳақнинг илоҳий зарралари билан йўғрилган... " Менимча, илҳом ҳам ўша илоҳий зарраларнинг намунаси бўлса керакки, уни тасвирлаб ҳам, ифодалаб ҳам бўлмайди ва ҳақиқий маънодаги етук асарлар, у хоҳ илмий, хоҳ бадиий бўлсин илҳомсиз дунёга келмайди.

Муяссар суҳбатлашди.