“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Олтинсой туман ҳокими Ўқиган одам билинади

 

Эркин БОЙНИЁЗОВ,

 

 

Олтинсой туман ҳокими

 

 

Ўқиган одам билинади

 

 

Бугун юртимизда бўлаётган улкан ислоҳотларни, халқнинг, ватандошларимизнинг китобга, китобхонликка бўлган иштиёқини кўриб, севинаман. Йўлда кетаётган бўламан, баъзан ишда, баъзида уйда бўлсам ҳам китоб ўқишга ҳаракат қиламан. Китоб — инсонни ўзлигини танитадиган ягона кўзгудир. Шу туфайли, китобга бўлган муносабатим ҳамиша ижобий бўлган. Ўқимайдиган, қўлига китоб ушламайдиган ва унинг тафтини ҳис қилмаган кишининг онгсиз мавжудотдан нима фарқи қолади?! Юлдуз санаш учун, ижод қилиш учун, кашф этиш учун, қўйинг-чи, нимагадир эришиш учун китоб жуда зарур. Зарур бўлгандаям, сув ва ҳаводай, ҳаёт-мамот масаласидай зарур.  Шу боисдан, муҳтарам Президентимиз 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойишни имзолади. Бу ўз навбатида, халқимизнинг, ёшларимизнинг китоб ва китоб мутолаасига бўлган эътиборини яна бир карра кучайтириб, шу жумладан, масъулиятни ҳам оширди. Шунингдек, жойларда китобхонлик тадбирлари, янги асарлар тақдимоти, ижодкорларнинг китобларини чоп этиш борасидаги ишлар жадал суръатларда олиб борила бошланди. Бу эса, ўз ўрнида Ўзбекистон китоблар ва китобхонлар юрти эканлигини такрор равишда бутун дунёга исботлади.

 

 

Ўйлаб қоласан киши: мутолаа эҳтиёжми ёки... Мутолаа — инсон нафас ола бошлаганидан эҳтиёжга айланади... Ва бу эҳтиёж кўнгли тоза, салоҳиятли, онги уйғоқ тирик одамни ҳеч қачон тарк этмайди. Бундай одам ўқиёлмай қолса, синади, чин маънода тўкилади, яшашдан тўхтайди. Унинг учун вақт, насиба, кўзларидаги чўғ, юрагидаги иштиёқ, хуллас, барчаси тугади дегани. Лекин ўқиса... ўқигани сари ҳар томонлама ўсиб бораверади.

 

 

Бунинг бари тамаддун билан боғлиқ. Тамаддун учун эса тезкор ахборот алмашинуви керак эди. Шу боис, одамзод турли глобал ихтироларни яратди. Булар натижасида, мутлақо табиий ва нотабиий тарзда глобал муаммолар пайдо бўла бошлади. Биласизми, ҳар саволга жавобни саволнинг ўзидан қидир, деб бежизга айтишмаган. Бироқ унутмаслигимиз керакки, ахборот алмашинуви ихтирочиликка олиб келди. Биз ахборот деганда фақат янгилик ёки хабар эмас, умуман ахборотлар мажмуини тушунишимиз лозим. У китоб бўлиши ҳам мумкин. Инсонлар илмга, китобга бўлган интилувчанлиги самараси ўлароқ ана шу ихтироларни яратди. Муаммоларни келтириб чиқарди ва, ўйлайманки, бу муаммоларни ечимини топишда ҳам инсоният учун энг яқин ва холис кўмакчи китоб бўлади. Шундай экан, китобнинг ўрнини аниқлаб олиш унчалик қийин кечмайди.

 

 

Бугун китоблар ҳам икки босқичга ажратилаётгандай туюлади баъзан. Бироқ анъанавий ва электрон китобларни чоғиштириш ёки ажратиш масаласи худди эгизакларни солиштириш ёки ажратишга ўхшайди. Уларнинг насли, қони, келиб чиқиши ҳатто қиёфаси ҳам бир хил бўлса... электрон ва анъанавий китоб мақсад ва вазифасига кўра, бир турга мансуб. Шунинг учун бу масала хусусида баҳслашиш унчалик ҳам тўғри эмас, менимча.

 

 

Мен хоҳ анъанавий, хоҳ электрон бўлсин, китоб ўқийман. Ҳамма китоб қайсидир маънода дунёқарашимга таъсир этади. Ҳар биридан нимадир ўрганаман. Аммо айтишим керакки, буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг "Темур тузуклари", Алишер Навоийнинг "Хамса"си, Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз", Қодирийнинг "Ўткан кунлар", "Меҳробдан чаён", Абдулла Қаҳҳор, Шукур Холмирзаевнинг ҳикоялари... буларни ўқимаслик мумкинми? Мен миллий адабиётимизни жуда яхши кўраман. Шу туфайли, ҳар бир китобни синчиклаб, ҳижжалаб ўқийман. Қани эди, имкони бўлса, ҳар бир чиқаётган янги асарни ўқисанг... Афсуски, вақт отлиғ ҳакам ҳамиша ўз ҳукмини ўтказиб туради доим.

 

 

Айтиш лозимки, маънавият, китоб ва китобхонлик тарғиботи юзасидан бугун республикамизда улкан ишлар амалга ошириляпти. Шу жумладан, бизнинг Олтинсой туманида ҳам. Туманда маънавий-маърифий ишларга алоҳида эътибор қаратилган.

 

 

Туман маънавий ва маърифий бўлинмаси алоҳида жиҳозланиб, факс, компьютер технологиялари, китоб жавони китоблар билан тўлдирилган.

 

 

Шунингдек, туман маънавий ва маърифий бўлинмаси қошида "Ёш ижодкорлар" қизиқувчилар клуби ташкил этилган, бўлиб адабиёт йўналишида ижод қилаётган ёшлар қамраб олинган.

 

 

Шунингдек, тумандаги  Гулобод  маҳалласида кутубхона ташкил етилди. Яқинда туман ҳокимлиги ташаббуси билан "26 дона китоб 26 йиллик байрам туҳфаси" номли китоб акцияси ўтказилди. Мазкур китоб акциясида  тумандаги барча ташкилот раҳбарлари халқ таълимига қарашли барча мактаб директорлари, коллежлар раҳбарлари фаоллик кўрсатишди.

 

 

Китоб акциясида янги 3300 дона китоб йиғилди ва туман маънавият ва маърифат бўлинмаси қошида янги кутубхона ташкил этилди. Мустақиллигимизни 26 йиллигига бағишлаб 26 та ижодкорни ижод намуналаридан ташкил топган "Олтинсой оҳанглари" номли шеърий тўпламни туман ҳокимлиги ҳомийлигида чоп этдик. Бундан кўзланган мақсад ижодкор ёшларимизни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

 

 

Шунингдек, мактаб, коллежларда китобхонлик кечалари, китоб акциялари, кўрик-танловлар ўтказилмоқда.

 

 

"Фарзандимга китоб совға қиламан" номли китоб акциясини боғча, мактаб ва коллежларда ўтказишни режалаштирганмиз.

 

 

Шунингдек, маҳаллаларда кўчма кутубхоналар ташкил этганмиз. Ўқитувчилар куни арафасида "Энг китобхон ўқитувчи" кўрик-танловини якунлаш арафасида турибмиз.

 

 

Ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлардан кўзланган мақсад туманимиз аҳолисини китоб ва китобхонликка қайтаришдан иборатдир.