“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЭНГ ИШОНЧЛИ ДЎСТ

Рустам ЮЛДАШЕВ,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи

ЭНГ ИШОНЧЛИ ДЎСТ

Қадимдан Имом Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Имом Мотурудий, Ал Хоразмий, Ал Беруний, Алишер Навоий каби буюк аждодларимиз китоб мутолаасини юксак маънавий эҳтиёжга айлантириб, ижод қилганлар. Шу ўринда бир ёзувчининг "Ўз турмушини яхшилаш эҳтиёжи ақлий меҳнатга интилиш заруриятини туғдиради", деган фикрини келтиргим келади. Демак, ёзувчининг фикрига таяниб шуни айтиш мумкинки, мустақил диёримизда инсон манфаатларига эътибор энг устувор вазифа сифатида қаралиб, аҳолининг турмуш даражаси юқори бўлиши учун кенг кўламдаги ғамхўрликлар кўрсатилаётган бир пайтда фуқароларимиз ҳам шунга эришиш учун интилмоқлари лозим. Бунинг учун эса керакли билимга эга бўлиши, ўз ҳуқуқи, бурчи ва имкониятларини теран англай олиши зарур. Демак, шундай пайтда мутолаа ўз-ўзидан эҳтиёжга айланади. Инсон учун ўқиёлмай қолиш нима, деган саволингизга яна адибнинг "Билимсизликдан ҳеч қачон мақтанмаслик керак: билимсизлик — ожизлик", деган гапи билан жавоб бергим келади.

Китоб — қудратли куч. Каттани ҳам, кичикни ҳам бирдай тарбиялашда, руҳиятини поклашда, кишининг инсон, шахс сифатида шаклланишида китобнинг ўрни беқиёсдир. Китобни чин дилдан севган кишигина ҳақиқий китобхон бўла олади ва китобни маънавий мулк сифатида юксак қадрлай олади. Ўз навбатида китоб дўконларининг ёнидан бефарқ ўтиб кета олмайди ва мунтазам китоб йиғади.

Китоб илмга ташна ҳар бир қалб эгасининг йўлини ёритувчи маёқ, маслакдош дўст, маънавий камолотга етакловчи ҳамроҳдир. Шу боис, мустақилликнинг даст-лабки йиллариданоқ юртимиздаги мавжуд зиё масканлари фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бирига айланди. Маълумки, ҳозирги кунда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал  салоҳиятини ошириш, маънавий, маданий қадриятларимизни сақлаб қолишга йўналтирилган принципиал янги ахборот-ресурс марказларини барпо этиш  ва аҳолини тизимли ахборот билан таъминлаш давр талабига айланди.

Бугунги кунда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфида 1253 та ахборот-кутубхона муассасалари мавжуд бўлиб, шундан 1 та вилоят АРМ,  16 та туман, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари қошида ташкил этилган АРМ, 120 та умумтаълим мактабларида, 17 та "Баркамол авлод" болалар марказларининг туман (шаҳар) бўлимларида, 1 та вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ахборот-ресурс маркази,  1087 та мактаб кутубхоналари, 9 та махсус мактаб интернат кутубхоналари ҳамда 2 та меҳрибонлик уйи кутубхоналари  фаолият кўрсатиб келмоқда. 

Мактабда бола тарбиясини амалга оширувчи воситалар ичида  КИТОБ энг кучли ва ишончли дўстдир. Бадиий ва илмий-маърифий адабиёт болаларга илм асослари ва ижтимоий ҳодисалар моҳиятини тушунишга, уларни қуршаб турган табиат гўзаллигини англашга, санъат олами билан яқинлашишга ёрдам беради.

Ахборот ресурс марказларида, кутубхоналарда ўқувчиларни бадиий адабиёт мутолаасига қизиқтириш масаласига эътиборнинг ошганлиги ўқувчи билимидаги бўшлиқларни тўлдириш ҳамда бу борадаги муаммолар ечимини топишга йўл кўрсатади. Мустақиллик даврида китоб ўқиш, мутолаа қилиш учун кенг имкониятлар яратилди. Халқимизнинг маънавий ва сиёсий онги ҳар томонлама ўсиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши китоб мутолаасини  ривожлантириш учун айни муддао бўлди. Фармойиш ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда чоп этилаётган маънавиятимизга мос китобларга аҳоли қизиқишининг ортиб бориши, мутолаанинг эҳтиёжга айланиб бораётганидан далолат беради.

Китобдан бебаҳра инсон адашиб йўлини йўқотган йўловчи каби қаерга боришини билмайди. Шунинг учун бундай фожианинг олдини олиш, китобга болаликдан меҳр қўйиш учун шароит яратиб бериш ҳар бир инсоннинг асосий бурчига айланмоғи лозим. Бу эса кутубхона хизматчилари учун алоҳида масъулият юклайди.

Ҳозирги кунда ўсиб келаётган ёш авлодни интеллектуал эҳтиёжларини қондиришга, маънавий, маданий қадриятларимизни сақлаб қолишга йўналтирилган принципиал янги электрон кутубхоналарни барпо этиш ва аҳолини тизимли ахборот билан таъминлаш давр талабига айланди. Ахборотлар оламидаги глобаллашув ва технологик инқилоб даврида тобора ортиб бораётган ахборотлар оқимининг янгича фикрлаш ва қадриятларни қайта баҳолашнинг кучли таъсири остида янги ахборот технологиялари кутубхоналар учун улкан имкониятлар туғдирди, уларнинг олдига тамомила янги вазифаларни ҳал қилиш заруриятини қўйди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сўзлаган нутқида "Ҳозирги кунда мамлакатимизда китобхонлик савиясини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга катта аҳамият берилаётгани сизларга маълум. Лекин, кўплаб болаларимиз китобдан узоқлашиб, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани — бу ҳам бор гап. Албатта, биз Интернет ва бошқа замонавий ахборот манбаларининг ўрни ва аҳамиятини инкор этмаймиз. Бугунги ҳаётимизни Интернетсиз тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Шунинг учун Интернет тизими орқали маънавий тарғибот ишларини, жумладан, электрон китобхонликни кучайтириш зарур", деб таъкидладилар.

Сўнгги ойларда китоб тарғиботига бағишланган тадбирлар, ёзувчи, шоирлар билан учрашувлар, китоб тақдимотлари ва китобхонликка бағишланган танловлар ташкил этилмоқда.

Аҳолининг, айниқса ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқиши ортиб бормоқда ва бу соҳада яна кўплаб ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тизимидаги умумтаълим муассасаларида китоб ва китобхонлик бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Барча таълим муассасаларида қатор йиллардан бери "Китобхонлар байрами" доирасида "Адабиёт кунлари", "Китобим — офтобим", ҳар ойнинг охирги шанбасида "Китоб тақдимотлари", "Бир фарзандга уч китоб" акцияси, "Мактаб-кутубхона-оила" жамоат ташкилотлари хайрия марафони, "Энг яхши китобхон ўқувчи", "Китобхон мактаб" кўрик-танловлари ва тадбирлар ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, "Энг яхши ахборот-ресурс маркази мутахассиси", "Мен, ота-онам, бобом ва бувим-китобхон оила" кўрик-танлови, "Фарзандимга китоб совға қиламан", "Китоб орқали дунёни кашф этаман" шиори остида ташкил этилган.