“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

"Китоб тутган болани ҳеч бир куч енголмайди"

Қадирбай

БЕКТУРДИЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси

Халқ таълими вазири:

"Китоб тутган болани ҳеч бир куч енголмайди"

Китобхонлик шунчаки китобни севиш, ўрганиш, ёхуд маънавий-маърифий озуқа олишгина эмас, балки, ёшларни камолот чўққисига олиб чиқувчи муҳим омилдир. Айримлар мутолаа қиладию, маъносини англамайди, ўқигани хотирасидан ўчиб кетаверади. Аксарият ўқувчилар ўқиган китобининг мазмунини айтиш билан чекланади, холос. Асар мазмуни, ғоявий аҳамияти ёки ёзувчи маҳоратига эьтибор қаратишга уларнинг уқуви етмайди. Мутолаани кечиктириш, пайсалга солиш мумкин эмас, техника тараққиёти асрида яшаяпмиз, аммо ўқиб ўрганишда китобнинг ўрнини ҳеч нима босолмайди. Ўқиш, ёзиш, узатиш, қабул қилишда барибир китобга эҳтиёж сезмай илож йўқ. Ёшларнинг техника воситаларини мукаммал билиши ва фойдалана олиши — катта ютуқ. Уларни техник имкониятлардан тўғри фойдаланишга ўргатиш билан бирга турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, юксак маънавиятли, мустаҳкам иродали, баркамол шахс қилиб тарбиялаш учун китобнинг, бадиий асарнинг аҳамиятини англатиш — барчанинг бурчидир. Хўш, болани мутолаага қачондан ўргатиш керак. Бу тадбир қанча эрта бошланса, шунча яхши. Болани мутолаага боғча ёшидан, ҳатто чақалоқлигидан қизиқтириш мумкин. Аравачада ётган гўдакка алла, эртак, шеърни оҳиста, образли айтилса, гарчи у тушунмаса да, эшитади, майин оҳангни илғайди. Аммо бу жараён тўхтаб қолмаслиги керак. Шу тариқа китобни севиш, унга меҳр қўйиш, бора-бора мутолаага бўлган ҳоҳиш-истакнинг эҳтиёжга айланиб бораётганини ўқувчининг ўзи ҳам сезмай қолади. Китобхонликнинг эҳтиёжга айланиши эса бир шахс учун эмас, бутун жамият учун хайрлидир.

Инсон ўқиёлмай қолиши мумкин эмас. Китоб ўқийман деган одамга доимо вақт топилади. Лекин китоб ўқишга қизиқиши йўқлар ҳам бор. Китоб ўқийдиганлар ва ўқимайдиганларнинг ўртасида катта фарқ бўлади. Масалан, китоб ўқийдиган инсонларининг дунёқараши кенг бўлади ва мустақил фикрлай олади. Китоб ўқимайдиганларнинг бўлса фикрлаш қобилияти паст ва маънавий қашшоқ бўлади. Китоб тутган болани ҳеч бир куч енголмайди.

Айни замонда мислсиз илмий кашфиётлар, улкан техникавий имкониятлар, универсал технологиялар, ахборот тарқатишнинг глобаллашуви, яъни уларнинг бутун дунёни қамраб олиши шиддат билан бормоқда. Аслида ахборот соҳасидаги глобаллашув инсоният учун, кишиларнинг ўзаро мулоқоти учун, илм-фан ва маданий бойликларни ўзлаштириш учун улкан имкониятлар яратадиган жараёндир. Масалан, интернет тизими орқали зарур бўлган маълумотларни тез ва осон топишимиз учун электрон китоблардан фойдаланишимиз мумкин. Лекин шуни унутмаслик керакки, китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди, чунки айнан китоб орқали аниқ, тўлиқ ҳамда қўшимча маълумотларга эга бўламиз. Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, вақти келиб компьютер хотирасига киритилган маълумотлар ўчиб, йўқолиб кетиши мумкин, аммо китобга битилган сатрлар ҳеч қачон ўчмайди, йўқолмайди. Шунинг учун ҳам доимо китобдан фойдаланиш мумкин.

Ўқувчи-ёшлар тарихий хотирасининг шаклланиши, унинг ривожланиб боришида мутолаанинг ўрни беқиёсдир. Сабаби, китоб ўқиш, мутолаа қилиш азал-азалдан шахснинг дунёқараши, тасаввур ва тарихий хотирасининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этиб келган. Ҳозирги ахборот глобаллашуви даврида мутолаанинг ўрни шу қадар муҳимки, турли ахборотларни қабул қилиш, уларни таҳлил этиш, керакли жиҳатларидан самарали фойдаланиш алоҳида маҳорат талаб этади. Мутолаа жараёнида ўқувчининг олган билим ва кўникмаси унинг хотирасида мужассамлашади.

Кутубхонага албатта ҳар бир инсон китоб ўқиш учун келади. Шундан кўриниб турибдики, у албатта китобсевар. Китобсевар инсон бўлса биринчи навбатда китобйиғар инсон ҳисобланади. Шу нуқтаи-назардан мутолаа учун кенг имконият пайдо бўлган айни давримиз кишиси китобсеварлар пиллапоясида турибди, десак янглишмаган бўламиз.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг маънавий ва интеллектуал эҳтиёжини қондириш, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмсоқда. Бу борада анъанавий тарзда босқичма-босқич ўтказилиб келинаётган "Китобхонлар байрами" муҳим аҳамият касб этмоқда. "Адабиёт кунлари", "Китобим — офтобим", "Бир фарзандга уч китоб акцияси", "Мактаб — кутубхона — оила жамоат ташкилотлари" хайрия тадбири, "Китоб тақдимоти" каби тадбирларнинг самараси катта бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 майдаги "Республика "Китоб байрами" ни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги 07-07/1-76-сонли баёни ижросини таъминлаш мақсадида ҳар йили май ойида Нукус шаҳри "Истиқлол" болалар дам олиш марказида "Адабиётга эътибор — келажакка, маънавиятга эътибор" шиори остида Республика "Китоб байрами" ўтказилиб келинмоқда. Мазкур маънавий-маърифий тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ошириш, ёзувчи ва ўқувчи ўртасидаги мулоқотни янада яхшилаш, болалар адабиётини ривожлантиришга мамлакатимиз раҳбарияти томонидан берилаётган эътиборни кенг жамоатчиликка етказиш, халқимизнинг яхши фазилатларидан бири унинг китобга бўлган эҳтироми эканини, аҳоли, айниқса ёшлар орасида оилавий мутолаа анъаналарини тарғиб қилишдан иборатдир.