“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ХАЛҚЛАРНИ БИРЛАШТИРГАН КУЧ

ЭЛЧИН,

Озарбайжон адиби

ХАЛҚЛАРНИ БИРЛАШТИРГАН КУЧ

Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг бадиий таржима ва халқаро адабий алоқалар бўлими адабий-маданий алоқаларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Шу ўринда ушбу бўлим собиқ шўролар даврида ҳам таржима соҳасида самарали фаолият кўрсатганини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Бу даврларда ҳам озарбайжон адабиётининг кўплаб намуналари ўзбек тилига таржима қилинган. Бунга мисол тариқасида шоир Жаъфар Жабборлининг "Келин", "Севилиш", "1905 йилда" пьесаларининг ўзбек тилига қилинган таржималарини келтириб ўтиш мумкин.

Буюк шоир Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро саройида бош вазир лавозимида ишлаган вақтларида Низомий Ганжавийнинг "Хамса"сининг энг қимматли нусхаларини хаттотларга махсус кўчиртирганки, бу нусхалар бугунги кунда энг ноёб қўлёзмалар бўлиб турибди. Навоий Низомийнинг ўзига устоз билиб, унинг "Хамса" достони таъсирида илк бор туркий тилдаги "Хамса"ни яратди. Бу асар туркий халқлар адабиёти тарихида ўзига хос инқилоб ясади.

Мустақиллик йилларига келиб икки халқ адабий алоқалари соҳасида янги саҳифа очилди. Бугунги кунга келиб адабий алоқалар соҳасида ҳар икки томон адабиётшунос ва тадқиқотчилари илмий ишларини олиб боришмоқда. Уларнинг тадқиқотларини, асосан, адабий таъсир, адабий алоқаларнинг илмий қиммати каби муҳим масалалар ташкил этади.

Бу ва шу сингари муҳим илмий фактлар адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Олмос Улвий (Биннатова)нинг "Алишер Навоий Озарбайжон адабиётшунослигида" (Боку, 2009) номли мақолалар тўпламида батафсил келтирилган. Бундан ташқари, ўзбек адабиётининг толмас тадқиқотчиси сифатида танилган олиманинг "Озарбайжон-ўзбек (чиғатой) адабий алоқалари: даврлар, сиймолар, жанрлар, тамойиллар" монографиясида озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари атрофлича ёритилган.

Ўзбекистон-Озарбайжон адабий алоқаларининг юксак даражада ривожланиши ва мустаҳкамланиб боришида АМЕА Низомий номидаги Адабиёт институтининг "Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон" адабий алоқалари шўъбасининг ўрни ва хизматлари каттадир.

Шу ўринда, қардош ва қадрдон ўзбек халқини тобора яқинлашиб келаётган улуғ айёмлари — Мустақиллик байрами билан чин қалбдан табриклайман. Ўзбекистоннинг осмони ҳамиша мусаффо, тинч ва осуда, келажаги порлоқ бўлишини тилайман. Яхши кунларнинг файзи ҳеч қачон тарк этмасин.

Озарбайжон тилидан Обид ШОФИЕВ таржимаси