“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МЕНГА БИРГИНА СЕНИНГ МУҲАББАТИНГ КЕРАК

МЕНГА БИРГИНА СЕНИНГ МУҲАББАТИНГ КЕРАК

1910 йилнинг 28 октябри тунги соат учда Толстой туйқус уйғониб кетади. Аввалги тунларда бўлганидек эшикларнинг очилиб-ёпилгани, оҳиста қадам товушлари эшитилади. Ўша машъум тун борасида адибнинг ўзи кундалигида шундай ёзади: "Кабинетим томон кўз ташладим, чироғи ёниқ, шитир-шитир эшитилмоқда. Тушундимки, Софья Андреевна қоғозларимни титиб ниманидир қидирмоқда, афтидан, ёзганларимни ўқияпти. Тунов куни эшикларимни қулфламаслигимни сўраганди. Софья Андреевнанинг эшиклари доимо очиқ, ҳар бир ҳаракатим эшитилиб туради. Куну тун ҳар бир ҳаракатим, гап-сўзларим Софья Андреевнага ошиқ-ойдин, унинг назорати остида бўлиши лозим... Яна-тағин қадам товушлари эшитилди, ана, кабинетим эшиги очилди ва Софья Андреевна ўтиб кетди. Негалигини билмадим-у, ғазаб отига миндим. Ухлашга уриниб кўрдим, бўлмади, бир соатча тўлғаниб чиқдим, шам ёқиб ўтирдим. Эшик очилиб, Софья Андреевна пайдо бўлди. Саволларга кўмиб ташлади. Қаҳр-ғазаб ва нафрат бўғзимгача келди. Нафасим бўғилди. Пульсимни санадим — 97 та. Ётолмадим. Бирдан жўнаб кетиш қарори пишиб етилди. Шоша-пиша Софья Андреевнага хат ёзиб, энг керакли нарсаларни йиғиштиришга тушдим. Дўхтир Душанни уйғотдим, кейин Сашани. Софья Андреевна эшитиб қолишидан, жазавага тушишидан, томоша кўрсатишидан, машмашасиз кетолмаслигимни ўйлаб, вужудимни титроқ босди. Миқ этмасдан ҳаракат қилдик. Иш ҳадеганда унмасди: қўллар қалтирар, жомадонлар бекилай демасди..."

Соат олтида Толстой отхонага бориб, сайисни уйғотади ва отларни ҳозирлашни буюради. Тим қоронғу. Йўлдан адашади, чакалакзорга кириб қолади, урилиб-сурилиб тиканларни босиб олади, қоқиниб кетиб, йиқилади, қалпоғини йўқотиб қўяди, излайди — тополмайди, зўр-базўр ортга қайтади. Қизи бош­қа қалпоқ беради. Электр фонарча ёруғида нарсаларни отхонага олиб киришади. Нафаси бўғзига тиқилган Толстой отга аранг юган солади, қувди-қувдини ўйлаб қалт-қалт титрайди. Мана, ҳаммаси таппа-тайёр. Машъала ушлаган сайис отга сакраб минади. Ортидан уйни айланиб ўтиб, пролётка  йўлга тушади...

Ўша зим-зиё тунда саксон иккига чиққан Толстой юрак ҳовучлаб, яширинча Ясная Полянани бутунлай тарк этади.

Уни фақат дўсти доктор Душан Маковицкий кузатиб боради.

 

* * *

Соат ўн бирларга яқин Софья Андреевнанинг хобхонасида қадам товушлари эшитилади. Қизи залда онасига пешвоз чиқади.

— Даданг қани? — қути ўчиб сўради графиня.

— Кетдилар.

— Қаёққа?

— Билмадим.

— Билмадим, деганинг нимаси? Қаёққа кетади? Бутунлай кетдими?

— Сизга мактуб қолдириб кетдилар, мана.

Софья Андреевна хатни юлқиб олди-да, дарҳол кўз югуртирди.

 

"1910 йил 28 октябрь. Тун, соат 4.

Жўнаб кетишим дилингни сиёҳ қилади, бундан афсусдаман, лекин тўғри тушун ва гапларимга ишон, бошқачайўл тутолмадим. Уйдаги аҳволим чидаб бўлмас даражага етганди. Шу пайтгача дабдабаю асъаса ичида яшаб келдим, бу ёғига дош беролмайман. Менинг ёшимдаги кексалар қиладиган ишга қўл урдим — улар дунё ишларига қўл силкиб, умрларининг сўнгги кунларини ёлғизликда ва осойишталикда ўтказадилар.

Ўтиниб сўрайман, мени тушун ва мабодо қаердалигимни билганингда ҳам мени излаб борма. Сенинг ташрифинг иккаламизнинг ҳам аҳволимизни оғирлаштиргани қолади, аммо қароримни асло ўзгартирмайди. Мен билан ўтказган 48 йиллик ҳалол турмушинг учун сендан бағоят миннатдорман ва олдингда гуноҳларим бўлса, барчасини кечиришингни сўрайман, магарки, олдимда гуноҳларинг бўлса, уларни чин кўнгилдан кечирдим. Менинг кетишим сабаб вужудга келадиган шароитга кўникишингни маслаҳат бераман, бунинг учун мен ҳақимда ёмон хаёлларга бориб ўтирма. Мабодо бирорта гапинг бўлса, Сашага айт, у қаердалигимни билади ва дарҳол менга етказади. Лекин қаердалигимни айтолмайди, чунки буни ҳеч кимга билдирмасликка онт ичган.

Лев Толстой"

 

— Кетди, бутунлай кетди!.. — айюҳаннос солди графиня. — Алвидо! Усиз яшолмайман, ўзимни чўктираман!..

Хат қўлидан ерга тушади-да, уйдан ўқдай учиб чиқади ва ҳовузга қараб чопади. Ортидан қизи, Толстойнинг котиби, хизматкор ҳай-ҳайлаганча югуришади...

Софья Андреевна тойиб кетиб, ҳовузнинг саёзроқ жойига йиқилади ва чўка бошлайди...

Қизи ўйлаб ўтирмай, ўзини сувга отади. Софья Андреевнани бир амаллаб сувдан олиб чиқишади.

Ўша куни графиня ўзини ҳовузга кўп марта ташламоқчи бўлади. Лекин у қаттиқ назорат остида эди. Софья Андреевна тинмай кўзёш тўкади, кўксига муштлаб, ўзигапичоқ, қайчи санчмоқчи, деразадан ўзини ташлаб юбормоқчи бўлади...

Шом пайти Туладан психиатр билан шафқат ҳамшираси етиб келади. Эртасига бутун оила Яснаяга йиғилади.

 

* * *

Бу вақт ичида Толстой роҳиба синглиси яшайдиган монастирга етиб олади. Кутилмаганда у ерда адибни кенжа қизи дугонаси билан кутиб олади. Қўналғаси маълум бўлиб қолишидан қўрқиб, у яна йўлга отланади. Қариндоши хизмат қиладиган Новочеркасскка, чет эл паспорти топиш, Ғарбий Оврўпанинг унча катта бўлмаган маркази, масалан, Болгарияга кетишга қарор қилади...

Кейинги маршрутни муҳокама қилишаркан, мадордан қолган Толстой:

— Етар, бас! Ҳеч қандай колонияга ҳам, таниш-билишларникига ҳам эмас, шунчаки мужикларнинг кулбасига... - дейди.

— Бўлган ишлардан пушаймонмисиз, ёки агар ойимга бирон нима бўлса, ўзингизни айбдор сезмайсизми? — деб сўрайди ундан қизи.

— Албатта, йўқ. Лекин онангга бирор кор-ҳол бўлса, менга жудаям оғир бўлади...

Шундан сўнг эр-хотин бир-бирига сўнгги мактубларини битишади.

 

"1910 й. 29 октябрь. Я.П.Лёважоним, жондан азизим, уйга қайт, мени иккинчи худкушликдан қутқар. Лёважоним, бир умрлик ҳабибим, истаганингни, барча-барчасини бажо келтираман, ҳар қандай зеб-зийнатдан воз кечаман; дўстларинг билан дўст тутинаман, даволанаман, ройиш рафиқа бўламан, азизим, қайт, ахир, мени қутқаришинг керак. Азизим, жоним, қалб қўрим, қутқар, қайт, ақалли умрбодга айрилишдан олдин мен билан видолашмоқ учун  қайт.

Қаердасан? Қаерда? Соғ-омонмисан? Лёважоним, мени қийнама, азизим, бор меҳр-муҳаббатим, бутун борлиғим билан хизматингдабўлай, ўзимга қайт; Худо хайрингни берсин, сенга шикастанафс, фидокорона муҳаббатимни ҳадя этай! Виждонан ва камоли ишонч ила сўз бергум, азизим, барчасини самимий, осонгина ҳал этамиз; қаёққа хоҳласанг, ўша ёққа кетамиз, қандай хоҳласанг, ўшандай яшаймиз.

Ҳа, майли, алвидо, алвидо, эҳтимолки, бутун умрга.

Сенинг Сонянг.

 

Р/S. Наҳотки, мени умрбодга ташлаб кетдинг? Ахир, бу мусибатни кўтаролмайман, бу билан мени ҳалок қиласан. Азизим, мени гуноҳга қўл уришдан халос эт, агар мени ҳалок этсанг, бахтиёр ва хотиржам бўлолмайсан-ку.

Лёважоним, азизим, мендан яширинма, қаердасан, сен билан кўришишга изн бер, азизим, дилингни оғритмайман, ваъда бераман, сенга мулойим, меҳр-муҳаббат-ла муносабатда бўламан.

Ёнимда болаларим, лекин улар менга далда бўлишолмайди; менга биргина сенинг муҳаббатинг керак, сен билан кўришишим зарур. Ҳабибим, жилла қурса сен билан хайр-хўшлаш учун, сўнгги бор сени қанчалик севишимни айтмоққа ёнингга боришга ижозат бер. Мени чақир ёки ўзинг кел. Хайр энди, Лёважоним, ҳамон сени излайман ва чорлайман. Оҳ, бу қалб оғриғи!"

 

"1910 йил 30 октябрь. Тунги соат 4 (Я. П.)

Ҳанузгача сендан ҳеч қандай хат-хабар йўқ, Лёважоним, юрак-бағрим эзилиб кетди. Наҳотки, биргина аҳмоқона ҳаракатим бутум умримни йўққа чиқарса? Ўша тунда хатларингни пастга олиб тушаётгандим; малла кўппак ортимдан чопиб келди, сени уйғотиб юбормасин, деб барча эшикларни ёпишга шошдим. Кабинетингга бош суқишга нима мажбур қилдийкин, билмайман, лекин охирги пайтларда қилмаётган ишимга қўл урдим — кундалигинг жойидами-йўқми, шуни билиш учун унга тегиндим.

Лёважоним, ҳабибим, барча улуғ, бадиий ҳамда маънавий-руҳоний битикларингни мен билан яшаб туриб ёзгансан-ку. Модомики, тажанг хасталигим эндиликда ишлашингга халал берган бўлса, кечир мени. Кечадан бери астойдил даволана бошладим; ҳар куни икки маҳал нақ бир соатдан бошимда совуқ компресс билан иссиқ ваннада ўтиришим ва уззукун ётишим керак экан. Буларни канда қилмайман, албатта,   кетиб қолганинг оқибатида жуда ёмон аҳволга тушиб қолдим. Саша бутунлай кетиб қолганингни айт­ганда, хатингни охиригача ўқимай, биров қутқариб қолмаслиги учун чопиб бориб ўзимни ҳовузга ташлаганим қулоғингга етиб боргандир.

Сезгир бўла туриб, жўнаб кетаётганингни билмаганимни қара. Уйдан чопиб чиқаётганимда кўринишим ваҳимали бўлгандир-ов, нега десанг, Саша ўша заҳоти Булгаков, Ваня  ва ошпазни  ёрдамга чақирди. Лекин мен ҳовузга етиб бордим, сувга ғарқ бўла бошладим ва ҳузур қилиб шуни ҳис этдимки, қалб изтиробларим, ниҳоят, якунтопади. Аммо Худойим сен билан бундайин осийликка боришимизни матлуб топмади; бояқиш Саша ва Булгаков кийим-пийимлари билан ўзларини сувга отишди, Ваня билан ошпазнинг кўмагида мени аранг сувдан олиб чиқишди.

Турган гап, булардан хабар топиб, аччиғинг чиқади, бироқ мен ўшанда ҳам, ҳозир ҳам тушкунликдан ўзимни йўқотиб қўйдим. Хонангда ухлаяпман, тўғрироғи, туни билан гоҳ ўтираман, гоҳ ётаман, ёстиқларинг кўз ёшларимдан жиққа ҳўл бўлган. Парвардигордан мени кечиришингни ва ўзимга қайтиб келишингни илтижо қилиб сўраяпман. Ёнимда, диванда тун узоғи йўталиб чиқадиган мунис Марья Александровна ухлаяпти. Бояқиш Саша шамоллаб қолди, қаттиқ йўталяпти. Болаларимизнинг ҳаммаси менга юраги ачиб етиб келишди, раҳмат, мени даволашяпти, таскин беришяпти. Таничка  бирам озғинки! Ноябрнинг бошида эри ва қизалоғи билан яна бир ойга келаркан. Наҳотки, сен ўшандаям келмасанг? Миша  ва Илья  ғамнок аҳволимни кўриб, мени қучоқлаб, зор-зор йиғлашдики, уларнинг меҳридан юрагим ийиб кетди.

Лёважоним, азизим, наҳотки, биздан бутунлай кетиб қолдинг? Ахир, бурунлари мени суйиб-ардоқлардинг-ку! Кексалар дунё ишларига қўл силтаб кетадилар, деб ёзибсан. Бунақасини қаерда кўргансан? Кекса деҳқонлар печкада ётганча, оиласи, неваралари даврасида сўнгги дамларини ўтказадилар. Мункиллаб қолган чол болалари, невараларининг парвариши, ғамхўрлиги ва меҳр-муҳаббатидан қочадими?

Қайта қолгин, азизим, суюмли ёрим. Қайта қол, Лёважоним. Тошбағир бўлма, ҳеч қурса, андак ўзимга келганимдан сўнг ҳолингдан хабар олишимга ижозат бер.

Сен айтасанки, ёнингда бўлсам, ёзишингга халақит бераман. Жафо чекаётганимни била туриб ишлай оласанми?

Зеро, Инжилда ҳам: бир-бирингизни чин юракдан, ихлос билан севинглар, дейилган. Қанийди, сени қанчалар севишимни, сенга қўлиметти, оёғим олти бўлиб хизмат қилишга тайёр эканимни билсанг! Лёважоним, кечир мени, қутқар мени! Буларни шунчаки қуруқ гап деб билма, мени яна суйиб-ардоқла, кўнглинг юмшасин, сен тўғрингда нималарни ёзиб, нималарни овоза қилишларига эътибор берма — булардан юқорироқ тур — ахир, дунёда муҳаббатдан юксакроғи борми! Умримизнинг сўнгги кунларини кўз қорачиғидай асраб, меҳр-муҳаббат-ла биргаликда ўтказамиз. Ўз мақсадларингни бир четга суриб, мени севиб, неча бор ўзим билан қолгандинг-а! Шу кунгача ёшимизни яшаб, ошимизни ошаб келдик-ку. Наҳотки, энди гуноҳим шунчалик оғирмидики, мени кечириб, ортга қайтолмасанг?

Суюкли Лёважоним, мен билан бир ёстиққа бош қўйганинг улуғлигингни, шуҳратингни заррача камайтиргани йўқ. Кечиримли бўлишинг ва муҳаббатинг Худо олдида руҳингни кўкларга кўтаради, бу билан аёлингни, хақир бандани қутқарган бўласан. Агар бир мартагина қалбимга нигоҳ ташлай олганингда эди, изтиробдан нечоғлик куйиб-ёнаётганимдан даҳшатга тушардинг. Хатим сенга етиб бордими-йўқми, бу менга қоронғулигини айтиб ўтганман. Андрюша  бирон йўлини қилиб жўнатмоқчи эди, қайдам.

Ушбу мактубни камоли диққат-ла ўқи; ортиқ ҳис-туйғуларим ҳақида ёзмайман. Охирги маротаба сенга нола қилиб қоламан, азиз Лёважоним, мени кечир, мени халос эт, ўзимга қайт.

Сенинг Сонянг"

 

"1910 й. 30-31 октябрь. Шамордино.

Бизнинг учрашувимиз, алалхусус, менинг қайтишимнинг энди мутлақо имкони йўқ. сен учун бу, ҳамма айтаётганидек, олий даражада зарардир, мен учун эса даҳшатнинг ўзи, негаки сенинг жиғибийронлигинг, жаҳлдорлигинг оқибати бўлмиш ҳозирги аҳволим баттарлашади. Янги шароитга кўникишни, асосийси, даволанишни маслаҳат бераман.

Башарти сен мени севасан эмас, шунчаки ёмон кўрмасанг, жиндек бўлса-да, менинг ўрнимга ўзингни қўйиб кўришинг керак. Агар шундай қилсанг, сен нафақат мени қораламайсан, балки менга хотиржам бўлишимга ёрдам берган бўласан ва ўзинг мендан қайтишимни сўрамайсан. Ҳозирги кайфиятинг, ўз жонингга қасд қилиш ниятинг ўзингни тутолмаётганингдан далолат бериб, мен учун ортга йўл йўқлигини кўрсатмоқда. Ўзингга яқин исонларни, мени, асосийси, ўзингни бу азоблардан қут­қариш сендан бошқасининг қўлидан келмайди. Куч-қувватингни истакларинг амалга ошиши учун эмас, ўзингни, қалбингни тинчлантириш учун сарфла, ана ўшанда истаганингга эга бўласан.

Шамардино ва Оптинада икки кун бўлдим. Энди кет­япман. Хатни йўл-йўлакай жўнатяпман. Қаёққа кетаётганимни айтмайман, чунки сенга ҳам, ўзимга ҳам ҳижрон зарур деб ҳисоблайман. Мени севмаганим учун кетди, деб ўйлама. Мен сени севаман ва чин дилимдан раҳмим келяпти, аммо ўзгача йўл тополмадим. Биламан, хатинг самимий, юракдан ёзилган, бироқ ўзинг истаётган нарсаларни бажаришга қодир эмассан. Гап менинг қайсидир истагим ёинки талабимни бажаришда эмас, сенинг оғир-вазминлигинг, ҳаётга бамайлихотир, бамаъни муносабатингда. Бунинг имкони йўқ экан, сен билан яшашимнинг ҳам фойдаси йўқ. Ҳозирги ҳолатингда ёнингга қайтишим мен учун ҳаётдан воз кечиш билан баробар. Буни эса ўзимга эп кўрмайман, бунга ҳаққим ҳам йўқ.

Алвидо, азизам Соня, Худо ёр бўлсин! Ҳаёт ўйинчоқ эмас, уни ўз ихтиёримиз билан ташлаб қўйишга ҳақимиз йўқ, қолаверса, уни вақт мезони бўйича ўлчашимиз ҳам бемаънилик. Эҳтимол, қолган бир неча ойларимиз яшаб ўтган йилларимиздан кўра муҳимроқдир ва биз уни яхши яшаб ўтказишимиз керак.

Л. Т."

 

"1910 йил 1 ноябрь. (Я. П.)

Хатингни олдим, қўрқма, ҳозир сени изламайман; шунчалик заифманки, базўр қимирлаяпман, боз устига, ҳеч қандай зўравонлик ҳам ишлатмоқчи эмасман; бу қандоқ кўргулик бўлди-а, кетиб қолганинг менга шундай сабоқ бўлдики, агар тирик қолсам ва сен билан яна топишиш насиб этган бўлса, сенга яхши бўлиши учун дунёдаги ҳамма ишни қилган бўлардим.

Лекин негадир менга биз бошқа кўришмайдигандек туйиляпти! Кеча Чертков билан ярашиб олдик, бугун жонимга қасд қилмоқчи бўлганим учун истиғфор келтираман.

Сенга нимани ёзишга ҳам ҳайронман, истиқболда бизни нималар кутяпти, буни ҳам билмайман. Мен билан кўришиш сен учун даҳшат эканлиги ҳақида айтган сўзларингдан амин бўлдимки, учрашишнинг имкони йўқ. Лекин мен сени шундай мулойимлик, миннатдорлик ва бошим кўкка етиб қарши олганбўлардимки! Азизим, менга ва болаларга раҳминг келсин, бу азобларга чек қўй!

Серёжа  кетди, Андрюша шу ерда, боягина Миша келди. Таня шунчалик ҳолдан тойганки, ҳозироқ кетишга шай. Лёважоним, қалбинг тубидаги муҳаббатни уйғот, шунда менда ҳам қанчалар муҳаббат борлигини кўрасан.

Ортиқ ёзолмайман, негадир тинкам қуриб боряпти. Сени ўпиб қоламан, азизим, қачонлардир мени севган ҳабибим. Мендан янги бирон нима кутма. Қалбимда ҳозир сенга нисбатан шундайин муҳаббат, шундайин маъсумлик, сенга бахт ва қувонч тилаги борки, вақт буларни ўзгартиролмайди. Майли, Худо ёр бўлсин, ўзингни эҳтиёт қил.

Соня"

 

"1910 йил 2 ноябрь. Тонгги соат 5:30. Я. П.

Йўлларимиз айро тушишидан аввал мен ўзимни оқламоқчи эмасман, шунчаки Сашага ёзган хатингда мени айблаганинг — баъзи хатти-ҳаракатларимни тушунтирмоқчиман, холос.

Магарки, пасъянс  қилаётганингда, балкон эшигидан сенга тикилган бўлсам, отда сайрга қилишга кузатсам ва пешвоз чиқсам, уйга келганингда ёки нонушта қилаётганингда, залга югуриб кирсам, буларнинг барчаси гумонсирашдан эмас, сўнгги вақтларда сенга нисбатан оташин мубталолигимдандир. Бўлиши керак бўлган нарсаларни кўнглим олдиндан тўғри сезган экан. Деразадан қарайману ўйлайман: "Ана, менинг Лёважоним, ёнимда, уни ўз паноҳингда сақла". Сени отда сайр қилишга кузатарканман, кўпинча уйга кириб, чўқиниб оламан-да: "Раббим, уни Ўзинг асра, уйга соғ-саломат қайтар", — дейман. Сен билан ўтказган ҳар бир дақиқам мен учун қимматли эди, мендан бирон нима сўрасанг ёхуд мени шунчаки: "Соня" десанг, севинчим ичимга сиғмасди. Ҳар куни Чертков билан учрашгин деб айтгим келарди, аммо сенга ненидир ижозат этиш уят бўлармиди. Сен бўлсанг қаҳри қаттиқ одамга айландинг, кўз олдимда бошқалардан чой ёки ертут мураббоси қуйиб беришни сўраб пиёла узатдинг, мен билан гаплашмай қўйдинг ва дўстинг учун аямасдан ўч олдинг.

Кундаликка келадиган бўлсак, аҳмоқона одатимни канда қилмай, ўтиб кетаётиб, кундалигинг жойидамикин дея пайпаслаб кўрдим; лекин мен буни миқ этмасдан қилдим. Ўша бехосият тунда хатларни пастга олиб тушаётиб кабинетингга кўз ташладим, эски одатим бўйича кундалигингга қўл теккиздим. Ҳеч нимани титкиламадим ҳам, изламадим ҳам, ўқимадим ҳам. Ўшандаёқ хато қилганимни сезгандим.

Сен эса барибир кетиб қолдинг, мен буни олдиндан сезгандим ва қаттиқ қўрққандим.

Мен даволаняпман, ванна оляпман, бошқа қиладиган ишим ҳам йўқ. Бегона одамлар — бефаросат дўхтир ва вайсақи ҳамширага аранг чидаяпман. Болалар шуни хоҳлашяпти, лекин уларнинг раъйига қарши боролмайман. Оз-оздан шуғулланишга урин­япман, бироқ шуям оғирлик қиляпти. Кеча андак тотиндим, болалар бирам хурсанд бўлишдики, уларни ҳам қийнаб юбордим: Таничка ва Андрюшани айтяпман; лекин қалб оғриқларимга улар даво бўлишолмайди. Куну тун соғ­лигинг, қаердалигинг, нималарни ўйлаб, нималар қилаётганинг ҳақида ўйлайман. Наҳот менга азоб бериш сенга шунчалар осон бўлса?

Эҳ, қанийди, тез орада тузалиб кетсам-у, сени таъқиб қилмасликка, нарсаларингга тегмасликка, битикларингни ўқимасликка, истаганингни бажо келтиришга сўз берсам... Аммо сезяпманки, биз энди ҳеч қачон кўришмаймиз ва бу мени адойи тамом қилмоқда. Бирга яшамасак ҳам майли, кўришиб турсак кифоя эди. Мен бир неча соатга келиб, ўтирардим ва кетишга ваъда берган бўлардим. Рухсатингсиз ҳузурингга қадам изи қилмайман. Қўрқма, мени кўришинг билан юзингда пайдо бўладиган даҳшатни кўргандан кўра ўлганим афзал..."

Аммо-лекин тақдирнинг ўзи чора тайёрлаб қўйганди. Вагонда Лев Николаевичоғриб қолади. Астапова станциясида тушиб қолишга тўғри келади. Станция бошлиғи беморга ўзининг квартирасини инъом этади. Толстой кўпинча кексаларни олиб кетадиган ўпка яллиғланишига дучор бўлганди.

Буюк адиб, мутафаккир етти кундан сўнг — 1910 йил 7 ноябрда тонгги соат олтидан беш минут ўтганда узилади. Дўсти Чертков, икки қизи ва тўнғич ўғли уни сўнгги йўлга кузатадилар. Касаллик авж олганда кичик ўғилларига юбориладиган шошилинчномани айтиб туради: "Аҳволим ҳийла яхши, аммо юрагим шундай заифки, ойингиз билан учрашув мени тамом қилади".

Бу вақтда Астапова вокзали мухбирларга тўлиб-тошганди. Телеграф Толстойнинг сўнгги кунлари ҳақидаги янгиликларни бутун дунёга етказарди. Захира йўлида Софья Андреевна ва хонадоннинг кичик аъзолари яшаётган поезд турарди. Софья Андреевнани Толстой тузалиб кетмагунча эрининг олдига кирмасликка кўндиришади.

Ўғилларидан бирининг қўлига суяниб, Софья Андреевна станция бошлиғининг кичкина уйига яқинлашиб, деразага мўлтиллайди. Бир дарчадан уни эрининг ҳол-аҳволидан бохабар қилиб туришади. Кейин туриб-туриб, ёлғиз қолиш учун, тўйиб-тўйиб йиғлаш учун вагонга қайтарди.

"Дўхтирлар унинг олдига қўйишди, — деб ёзади Софья Андреевна ўз кундалигида, — бечора амал-тақал нафас олар, чалқанча ётганча, кўзларини юмиб олганди. Эшитади деган илинжда қулоғига шу вақт ичида Астаповада бўлганимни, охиригача уни севганимни меҳр-ла аста шивирлаб айтдим... Яна нималар деганим ёдимда йўқ, лекин икки марта аранг чуқур-чуқур хўрсингани менинг сўзларимга жавоб бўлди. Кейин ҳаммаси тинчиб қолди".

Касаллик вақтида Толстой жисмонан қаттиқ қийналади, аммо-лекин атрофдагиларга ўта мулойим муносабатдабўлади. Астаповадаги узоқ тунлар ва кундузлари у нималарни ўйлаган экан? Саноқли кунлари қолганини сезган бўлса, ажаб эмас. Айтиш мумкинки, сўнгги йилларда ўзи чорлаган ажал бу сафар оғир ва совуқ ҳолатда келди. Лекин ҳаммаси ўзи кутганидан кўра жўнгина якун топди.

***

Орадан саккиз йил ўтди. Етмиш тўртга чиққан Софья Андреевна анча чўкиб қолган, шарти кетиб, парти қолганди. Ҳар куни бир чақирим йўл босиб, эрининг қабрини зиёрат қиларди.

Толстойнинг янги сайланмаларини нашр этиш ишлари юзасидан Ясная Полянага ташриф буюрган ношир, журналист, публицист ва адабиётшунос Тихон Иванович Полнерга шундай дейди:

— Ҳа, Лев Николаевич билан қирқ саккиз йил турмуш қилдим-у, лекин унинг қандай инсон эканини билолмадим...

Рус тилидан

Саиджалол

Саидмуродов

таржимаси.

 

Эссени тайёрлашда С. А Толстаянинг Л. Н. Толстойга мактублари ("С. А. Толстая. "Письма к Л. Н. Толстому. 1862-1910". Ленинград, 1936."), Т. И. Полнернинг "Лев Толстой ва унинг рафиқаси. Бир муҳаббат тарихи" очеркидан ("Т. И. Полнер. "Лев Толстой и его жена. История одной любви". Париж. "Современные записки". 1928.") фойдаланилди.