“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МАМНУНИЯТ

Абдусаид КЎЧИМОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:

МИЛЛАТ ОЛДИДАГИ ҚАРЗ

— Миллий адабиётимиз бугун мисли кўрилмаган, улкан ўзгаришлар бўсағасида турибди. Яқинда бўлиб ўтган Президентимизнинг Ўзбекистон зиёлилари билан учрашувида адабиётга жуда катта эътибор билан қаралди. Тўғри, бундай учрашувлар жуда кўп бўлган. Аммо буниси миллатимиз, адабиётимиз тарихида улкан аҳамиятга эга. Агарда адабиётни улкан дарахтга қиёсласак, шу дарахтнинг илдизидан то япроғигача қандай муаммо бўлса, барчаси тилга олинди. Ҳеч бири: қалам ҳақидан тортиб нафақагача эътибордан четда қолмади. Ижодкорларга барча шарт-шароитлар яратилиб берилиши, уй-жойлар билан таъминланиши каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Бу, албатта, ижод аҳли зиммасига улкан вазифалар юклайди. Хоҳ шоир бўлсин, хоҳ ёзувчи — қалам аҳли борки, ҳар биримиз адабиёт олдида, миллат, халқ олдида қарздормиз! Мукаммал, етук асарларга қарздормиз! Елкамиздаги масъулиятни ҳис қилишимиз, вазифамизни тўғри англашимиз зарур. Ўтган асрда яратилган ҳинд кинолари ҳақиқий ҳаётдан узоқ, олди-қочди мавзулар, маиший муаммолар ҳақида бўлган ва одамларни келажак ҳақида орзу қилишдан, фалсафий, дунёвий нарсалар ҳақида ўйлашдан чалғитиб турган. Биз дунёга чиқадиган, дунё тан оладиган, реал ҳаёт акс эттирилган, бадиий талқин ва маҳорат акс этган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги асарларни яратишимиз лозим.

Биздаги қадим ва бой тарих ҳамма халқларда ҳам йўқ. Минглаб романга мавзу бўладиган тарихимиз, ҳар бири ўнлаб китоб бўладиган буюк аждодларимиз бор. Тарихий мавзуда тўғри талқин қилинган юксак даражадаги бадиий, халқ севиб ўқийдиган асарлар ёзиш зиммамиздаги асосий вазифалардан бири. Бундан ташқари, қўлида қалами бор истеъдодли ёшларга устозлик қилишга, маҳорат сабоқлари беришга бурчлимиз.

 

Эркин КОМИЛОВ,

Ўзбекистон халқ артисти:

ОНГИ ТОЗА ОДАМНИНГ НИГОҲИ ТИНИҚ БЎЛАДИ

— Ўша куни мен давра йиғилишида ўтириб, ўзимча ўйладим: ҳали биз театр соҳаси вакиллари кўп нарсадан орқада эканлигимизни, драматургияда, режиссура соҳасида оқсаётганимизни ўйладим.

Театрлар тўғрисида, айниқса, "Дўстлик" клубининг ташкил этилиши мақсадли ва ғоятда улуғ ишдир. Ташкилотлар ва театрлар ўртасида бу клуб ташкил этилиб, ўзаро ҳамжиҳат иш олиб бориши театр санъатининг ва актёрларнинг, қолаверса, муҳтарам томошабинларнинг фақат ва фақат қувончи учун, келажаги учун хизмат қилишига ишонамиз.

Биласизми, қачонки, маънавият билан маданият соҳаси ривож топсагина, онг, тафаккур юксалади. Ишимизда унум ва барака бўлади. Улар ривожлангандан кейин одам дунёга бошқача кўз билан қарайди. Онги тоза одамнинг нигоҳи тиниқ бўлади.

Шунингдек, яна бир гапки, Давлатимиз раҳбарининг ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маоши, қалам ҳаққига ҳам алоҳида эътибор кераклиги ҳақида фикрлари ҳам айни муддао бўлди.

Ишончлари, ғамхўрлигу эътиборлари учун Юртбошимизга чексиз ташаккуримизни билдирамиз. Ёнимизда ўсиб келаётган келажак авлод, худо хоҳласа, юртимиз шаънини, адабиётимизни, санъатимизни, театрларимизни бундан юксак чўққиларга олиб чиқади, деб ишонтирамиз.

 

Акмал НУР,

Ўзбекистон халқ рассоми:

ИСТЕЪДОДЛИЛАР ТАЛАБА БЎЛСИН...

— Бадиий Академияда иш бошлаганимга беш йилдан ошяпти. Академияга келган кунимдан буён ижодкор ёшларни, институт талабаларини кузатаман. Нега ёшларимиз орасидан етук рассомлар кам етишиб чиқаётганлиги мени ўйга толдиради. Кузатувларим натижасида шундай хулосага келдимки, Камолиддин Беҳзод номидаги рассомчилик ва дизайн институтига қабул тизими жуда ёмон аҳволда экан. Иқтидорли бўлажак рассомлар учун институтга кириш катта муаммога айланган. Олийгоҳда тест синовларидан олдин ижодий имтиҳонлар ўтказилади. Биз бу имтиҳонларни олиш жараёнида истеъдодли ёшларга иложи борича юқорироқ балл қўйишга ҳаракат қиламиз. Лекин улар тест саволларига яхши жавоб беролмайди, жуда кам балл тўплашади. Натижада улар ўқишга киролмайди. Қарабсизки, талаба бўлган болалар бошқа соҳага ихтисослашган коллежларда таълим олган, чизишга, ижодга иқтидори бўлмайди. Математика, тиббиёт, ҳуқуқшунослик каби йўналишларда ўқиб, ўқишга кириш учунгина бизнинг олийгоҳга ҳужжат топширишади. Ваҳоланки, уларнинг кўпчилигини қўлига қалам ушламаган, санъатни тушунмайдиган, уни севмайдиганлар ташкил этади. Аслида, Камолиддин Беҳзод номидаги рассомчилик ва дизайн институтига махсус санъат мактабларини, санъат коллежларини битирган, шу соҳада маълум босқичларни босиб ўтган, ютуқларга эришган, деярли тайёр мутахассис рассомлар ўқишга кириши зарур. Бизда эса, бўлажак рассомлар қолиб кетиб, тестдан яхши баҳо олган, аммо иқтидорсиз абитуриентлар талаба бўлишади. Улар тўрт йил давомида ҳам яхши ўқимайди, бу соҳада ўзини тополмайди. Фақат вақт ўтказиб юришади, холос. Мақсади тезроқ ўқишни тугатиш ва диплом олиш.

Шунинг учун ҳам рассомларни истеъдодига қараб ўқишга олиш таклифини киритдим. Агар биз бу жараённи вақтида тўхтатолмасак, келажакка ҳақиқий рассомлар, санъаткорлар етиштириб беролмай қоламиз. Истеъдодларни сўндириб қўямиз.

 

Фаррух ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон халқ артисти:

БУГУН ҲАРАКАТ ҚИЛМАСАК, ЭРТАГА КЕЧ БЎЛАДИ

— Биласизми, Президентимиз билан учрашиш улкан воқелик сифатида тарих зарварақларига муҳрланиб қолди. Энг асосийси, бу тарихий суҳбат бўлди. Айтиш мумкинки, энди маданият, санъат, адабиёт соҳасида жудаям катта бурилиш бўлади. Президентимизнинг маърузалари, айтган ҳар бир гаплари оддий, бугун айтилиб, эртага эсдан чиқадиган гап бўлгани йўқ. Жуда самимий, дилдан, куюнчаклик билан айтилди барча гаплар. У киши ҳар бир ижодкорни, ҳар бир санъаткорни шахсан билиб, кузатиб, ғамхўрлик билан алоҳида диққат қаратиб, мурожаат қилдилар. Мен ўйлайманки, ўша куни ўзлари қўйган масалаларнинг ечимини ҳам ўзлари кўрсатиб бердилар. Айтдиларки, энди ҳеч ким маданият ва санъат, ижод соҳасининг ҳеч бир вакили нима бўларкин деб қараб турмайди. Бугун ҳаракат қилмасак, эртага кеч бўлади, дедилар. Шундан хулоса қилиб айтаманки, мустақиллигимиз бизнинг энг катта тарихий ютуғимиз ва ҳамма нарса босқичма-босқич амалга оширилиб келинаётган бир вақтда ижод соҳасини ҳам ривожлантиришнинг пайти етди. Президентимиз масалани аниқ қўйдилар ва таклифлар киритдиларки, устоз ижодкор мактабларини очиш, ёшларимизни тўғри таълим олишлари, халқимизнинг минг йиллик мероси бўлган устоз-шогирд анъанасини такомиллаштиришни буюрдилар. 

 

Ҳилол НАСИМОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

ТАНҚИД ҲАМ, ТАКЛИФ ҲАМ ЎРИНЛИ БЎЛДИ

— Авваламбор, бу учрашув нафақат санъат ва адабиёт аҳли учун, балки бутун халқимиз учун оламшумул воқеа бўлди. Чунки, айнан маънавият, маърифат ижод аҳлининг қўлида. Ёзилаётган китоб, газеталар, олинаётган кинолар маънавият учун қудратли восита ҳисобланади. Ўша куни учрашувда Президентимиз жуда муҳим таклифлар билдирди. Асосли эътирозларини ўртага ташлади. Кенг имкониятлар эшикларини очди. Шу ўринда яна бир гап: Маданият вазирлиги тизимини Мудофаа вазирлиги тизими билан тенг кўраман. Уларнинг бажараётган иши, вазифаси тенг, дедилар. Бунинг замирида жуда катта маъно бор.

Президентимиз айтган фикрларни ҳали чуқур англаб, талқин қилишга улгурмадик. Негаки, ўйлаган сари ҳар бир айтган гапларининг негизида улкан маъно, кўзланган марра ва аниқ мақсад кўпчиб чиқиб келяпти. Масалан, Мудофаа халқнинг дахлсизлигини, чегараларини ҳимоя қилса, мустаҳкамласа, маданият эса бизнинг мафкурамизни, менталитетимизни, онгимизни ҳимоя қилади ва ёт ғояларга қарши туришда иммунитет ҳосил қилади. Юртбошимиз яна бугун талаб даражасида бўлмаган киноларимиз ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Омадсиз ҳолатларни, камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билдирди. Ўринли танқидий фикрлар эшитдик.

Шунингдек, бугун қадриятларимизни кенг тарғиб этиш, китобхонлик ва илми маърифат ривожи учун ҳамма эшиклар очилганлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Учрашувда ватанпарвар фарзандларни тарбиялаш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар бежиз кетмаслиги айтилди.

 

Суннат АҲМЕДОВ,

"Маънавият" нашриёти директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

БАРЧАСИ ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛДИ

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашув ижодкор зиёлилар ҳаётида бир умр сақланиб қоладиган воқеа бўлиб қолди, десам хато бўлмас. Юртбошимиз адабиёт, санъат, маданият, нашриёт ва оммавий ахборот воситалари ходимларини ўйлантирган, қийнаган талай муаммоли масалаларни очиқ-ойдин гапириб, уларни бартараф этиш йўлларини кўрсатдилар. Мажлисда биргина муаммо ҳал этилганда ҳам, анжуман иштирокчилари хурсанд бўлиб чиқиб кетар эди. Ҳолбуки, ушбу дилдан қилинган самимий, очиқкўнгил суҳбат натижасида ижод аҳлини ташвишга солиб келаётган кўплаб муаммолар ечилди ва ҳар бир соҳани ривожлантириш йўллари кўрсатиб берилди. Тилга олинган масалаларнинг саноғи бўлмади: ижодкорларнинг уй-жойи дейсизми, қалам ҳақи, прописка масалалари дейсизми — барчаси ижобий ҳал этилди. Бу муаммоларнинг ечими учун ижодкорлар олдида қатор ҳомийлар саф тортди. Кўпчилик анжуман иштирокчилари жуда мутаассир бўлди. Юртбошимизнинг барчага далда бўлувчи ҳар бир сўзини кўзда ёш билан олқишладилар. Бундай учрашув бошқа бирон мамлакатда бўлишини кўз олдимга келтира олмайман. Бирон бир мамлакатда давлат бошлиғи ҳар бир ижодкорга шахсан мурожаат этиб, унинг соғлиғи, ижоди, нимадан қийналаётганлигини сўраб-суриштирганини тасаввур қилолмасак керак. Лекин бизда шундай хайрли, олижаноб вазият бўлди. Президентимиз ижодкорларнинг миннатдорчилигига жавобан фақат халқ учун, ватанимиз равнақи учун сидқидилдан ижод қилишга даъват этди, холос.

Анжуманда биз ноширлар учун ҳам қулай шароитлар яратилиши маълум қилинди. Қоғоз, нашриётларни техник жиҳозлаш каби масалаларда деярли ечиб бўлмас муаммоларга дуч келаётган ноширлар учун бу айни муддао бўлди. Шу билан бирга, мамлакатимизда 122 нашриёт фаолият олиб бораётгани, уларнинг ҳаммасида ҳам ишлар жойида эмаслиги, айрим нашриёт вакиллари китоб деган муқаддас тушунчани ерга ураётганлиги таъкидланди. Биз қайд этилган ҳолатлардан огоҳ бўлишимиз, баъзи ҳамкасбларимиз йўл қўйган хатоларни такрорламаслигимиз, фақат ва фақат самарали ижод қилиш, ўз меҳнатимиз билан халқимиз, юртбошимиз ишончини тўла оқлаш асосий вазифамиз бўлиб қолиши керак. Мен барча ижодкор зиёлиларимизни, ҳамкасбларимизни шунга даъват этаман ва уларнинг мана шу эзгу мақсад йўлида самарали меҳнат қилишига тилакдош бўлиб қоламан.

 

Лола ЭЛТОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

ҒАМХЎРЛИК САМАРА БЕРАДИ

— Давлат раҳбарининг адабиёт, санъат аҳли билан юзма-юз учрашиши катта воқеа. Тарихий ҳодиса. Бизга ҳар томонлама имконият яратиб берилиши ҳам ўта аҳамиятлидир. Энг муҳими, Юртбошимиз ижод аҳлини "Бедор қалб эгалари" деб атаганлари, у кишининг ғамхўрликлари, ижод аҳли ҳамиша эътиборда эканлигининг исботи, деб ўйлайман. Энди театрга келадиган бўлсак, Президентимиз ўша куни театрга катта аҳамият қаратганлари ижод аҳлининг қадри яна бир карра ортганидан, маданият ва маърифатга янада кенг йўл очилганидан далолат беради. Чиндан ҳам ижод аҳли нозик қалб эгалари бўлишади. Битта ролни ижро этиш, бир саҳифа ижод маҳсулини яратишда қанча машаққат борлигини биладиган инсон Юртбошимиз. Мени қувонтирган яна бир нарса, театрга катта ташкилотларнинг ҳомий қилиб бириктирилиши бўлди. Бу янада қувончли, ишончли ва самарали таклиф бўлди, деб ўйлайман. Насиб қилса, энди ижод аҳли ҳам бу имкониятларга, эътибору ғамхўрликларга яраша фидокорона меҳнат қилади, деб умид қиламиз...

 

Меҳриноз АББОСОВА,

Зулфия номидаги давлат мукофоти лауреати

БИРЛАШГАН БЎРОННИ ТЎСАР

— Куни кеча давлатимиз раҳбари ижодкор зиёлиларни йўқлаб, эркин ва самимий суҳбат қилганларини кенг жамоатчилик катта янгилик ва хурсандчилик сифатида қабул қилганлиги бежиз эмас. Ўша ерда ёшлар вакили сифатида иштирок этиб, тарихий воқеанинг гувоҳи бўлганим елкамга улкан масъулият юклади. Президентимиз сўзларининг аввалида ижодкорларга "қалб муҳандислари", дея таъриф бериб, ижоддек илоҳий қудратни ҳеч қайси соҳа билан тенглаштириб бўлмаслигини таъкидладилар. Айниқса, ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи энг муҳим вазифа эканлигига қайта-қайта урғу бердилар.

Президентимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган ёш ижодкорлар ассоцацияси ҳам ўзининг келгусидаги амалга оширадиган дастури ва режаларини аниқ белгилаб олди. Ёшлар — катта куч, ёш ижодкорлар эса қудрат, демакдир. Мамлакат Президентининг бундай ғамхўрлигидан кейин пинҳон қудратлар намоён бўлади. Миллатни уйғотувчи, халқни эзгуликка чорловчи чинакам асарлар яратилади. Бунинг учун Президентимиз айтмоқчи, чин маънода бирлашмоғимиз лозим.