“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Рассом — ранглар ила шеър ёзган бастакор

Рассом — ранглар ила шеър ёзган бастакор

Май ойида Грузиянинг Марнеули шаҳрида Ота Ҳолдинг спорт комплексида сюрреалист рассом Ҳожи Ризвон Исмоиловнинг расмлари ижодий кўргазмаси ўз ишини бошлади. Кўргазма бир ҳафтага мўлжалланган. Очилиш маросимида ҳудуднинг турли нуқталаридан кўплаб томошабинлар ташриф буюришди. Маросимда бир гуруҳ зиёлилар ва санъат намояндалари иштирок этишди. Улар орасида Озарбайжон Маданият марказининг раҳбари Фозил Ҳасанов, «Қарапапақлар» илмий журналининг бош муҳаррири Акиф Хонсултонли, Грузия Озарбайжонликлари Журналистлар Уюшмасининг раиси Низоми Маммадзода, «Регион-Пресс» газетасининг муҳаррири Биннат Мамедов, ёзувчи Али Аббос, шоир ва публицист Усмон Аҳмадўғли ва бошқалар қатнашди. Улар бугунги кўргазма, рассом ижоди борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Грузия Рассомлар Академиясининг илк озарбайжонлик аъзоси бўлган Ризвон Исмоилов қисқа муддат ичида санъат оламида ўз ўрнига эга бўлди. Унинг 45 ёш арафасида ранглар оламида янгилик сифатида эътироф этилган «Нумералогизм-Абжадизм» (жадвал ва рақамларда ифодаланиши) номли йўналишни олиб кирди. Бу йўналиш ижодий халқаро патентга сазовор бўлди ва рассом муаллифлик ҳуқуқини қўлга киритди.

2010 йилда рассомнинг Тбилиси, Истанбул, Боку, Москва ва Париж шаҳарларида кўргазмалари ташкил этилган эди. 2016-йилда Боку шаҳрида бўлиб ўтган VII Халқаро «Санъат чегара билмайди» номли кўргазмада «Xатойи» ордени билан мукофотланди. Мукофотни дунёга машҳур рассом Сакит Маммедовнинг шахсан ўзи Ризвон Исмоиловга тақдим этганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

2016 йилда Москва шаҳрида бўлиб ўтган расмлар кўргазмасида рассом дунёнинг таниқли санъат намояндалари билан учрашди. Улардан Москва Рассомлар Академиясининг президенти Зураб Серетели ва таниқли мўйқалам устаси Тоҳир Салоҳов унинг «Абжадизм» номли асарлар жамланмасига юқори баҳо беришди.

Боржалида яшаб, ижод қилган рассом сўнгги йилларда 100 дан ортиқ санъат асарларини яратди. Унинг бу асарлари «Рассом — ранг­лар ила шеър ёзган бастакордир» ва «Ризвон Исмоил» номли каталогларда жамланган. Асосан диний-фалсафий ва дунёвий тушунчаларни ифода этган жадваллар кўринишидаги асарларининг бош мавзуси — рақамларнинг концентрацияси ва мифик тафаккуримиздан униб чиққан, турк мифологияси асосидаги сеҳрли рақамлар оламидир.

Ҳозирги кунда Грузияда истиқомат қилаётган яриммиллионлик Озарбайжон туркларининг энг таниқли шахсларидан бири бўлган Ҳожи Ризвон Исмоилов рассомчилик билан бирга бадиий ижод билан ҳам шуғулланади. У 8 йилга яқин муддат Тбилисида нашр этиладиган «Аҳли- Байт» диний-маърифий журналига муҳаррирлик қилди. Ризвон Исмоиловнинг 2 та шеърий китоби нашр этилган.

Кўргазма очилиш маросимида унинг ҳаёт ва ижод йўли акс эттирилган «Заррадан Қуёшгача» номли китобнинг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди. Китобда 80 дан ортиқ муаллифнинг Ризвон Исмоилов ҳақида, унинг санъаткорлик, инсоний фазилатлари ва бошқа жиҳатлари ҳақидаги фикрлари, дил сўзлари жамланган. Китобни Иброҳимхалил Тамиев тўплаб, нашрга тайёрлаган бўлиб, унга Озарбайжон Матбуот кенгашининг раиси Афлотун Амашов маслаҳатчи бўлган.

 

Акиф ХОНСУЛТОНЛИ,

тадқиқотчи ва ёзувчи

«Қарапапақлар» илмий

журналининг бош муҳаррири

Тбилиси