“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«ШОИРНИНГ ҲАҚИҚИЙ МУХЛИСИ ЭДИМ...»

 

Гулчеҳра ВОҲИДОВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири

Эркин ВОҲИДОВнинг турмуш ўртоғи

«ШОИРНИНГ ҲАҚИҚИЙ МУХЛИСИ ЭДИМ...»

Эллик уч йилдан ортиқ вақт Эркин Воҳидов билан, шоир билан умр кечирдим. У қисмат довулларидан, дўлларидан пана қилгувчи бошпанамга ўхшарди. Бутун умр бир-биримизга суянч бўлиб яшадик. Менинг-ку ҳар ҳолда онам, жигарларим бор эди, аммо Эркин акам етимликда, тоғасининг қўлида ўсган йигит эди. Мен ҳам тоғаларининг уйига келин бўлиб тушгандим. Олтмиш олтинчи йилдаги зилзиладан сўнг кўплаб эски ҳовлилар бузилиб, айримлари нураб қолди. Уйимизнинг деворлари ёрилган, томи қулаб тушгудай бир аҳволда эди. Ўшанда бошимиздан оғир кунлар ҳам ўтди. Ҳозирги Ҳувайдо маҳалласидан ер олиб, уй қура бошладик. Ҳадеганда иморатимиз битавермади. Қолаверса, ўзи йўқнинг кўзи йўқ, деб атрофдагилар ҳам сотиб олинган қурилиш молларини ташиб кетаверарди. Тоғамиз раҳматли: “Кўчиб ўтмасанглар бўлмайди, бу туришда ҳали-вери уйни тиклолмайсизлар”, деди. Томи эндигина ёпилган, чала битган иморатга икки ёш бола билан кўчиб ўтдик. Биринчи йили икки хонани таъмирлаб кириб, амаллаб қишни чиқардик. Қурилиш узоққа чўзилди. Шунча ташвишда ҳам Эркин акам ижод қилишдан тўхтагани йўқ. Аксинча, ёзув столини ҳовлининг тинчроқ бурчагига кўчириб тинимсиз ёзарди. Зилзила содир бўлган йиллари “Палаткада ёзилган достон”и дунёга келди. Ғазалларини ўқиб: “Эркин, ғазалингни қўй. Ким ўқийди? Навоий бўлмоқчимисан?” деганлар ҳам кўп бўлган. Ижод, ил­ҳом – илоҳий неъмат. Нима ёзиш, қандай ёзишни ҳам Оллоҳнинг ўзи кўнгилга солади. Бу гапларни жимгина тингларди-да: “Худо берганини ёзасан-да”, дерди. Бироқ бу гапларнинг акси бўлиб чиқди. Адабиёт ихлосмандлари, ўқувчилари ҳар битта ғазалини муҳаббат билан кутиб олар, завқ билан мутолаа қиларди. Бу шоирни тинимсиз ёзишга, ҳар бир мисрасини халқи учун битишга ундагани, шубҳасиз. Олтмиш саккизинчи йилларда “Ўзбегим” қасидаси ёзилди. Матбуотда эълон қилинмасиданоқ халқ орасида тарқалиб кетди, қўшиқ ҳам куйланди. Одамлар уни ич-ичидан эзилиб, оҳ чекиб ўқирди. Миллатимиз улуғлангани, тарихи кўкларга кўтарилгани юқоридагиларга хуш келмади. Шоирни чақириб: “Совет давлати, партия ҳақида қўшасан”, дея тазйиқ ўтказилди. Юқоридан берилаётган ҳеч қайси буйруққа итоат этмади. “Мен шеърни тугатганман, нуқта қўйганман, ортиқ бир жумла ҳам қўшмайман”, дея очиқ эътироз билдирди. Албатта, бу жасорат жазосиз қолмади. Матбуотдан четлатишди, китобларини нашриётлар босмай қўйди.

Алғов-далғовли йилларда  “Олтин девор” комедиясини ёзишга киришди. Ёзиб тугатилгани ҳамон театрда саҳналаштирилиб қўйила бошланди. Эркин акамнинг ҳашаматли ижодхонаси бўлмаган. Ўзимга шароит яратай, ижодхонам бўлиши керак, демасди. Биринчи ўринда болаларни, оилани ўйларди. Ёзиш учун  жой танламас, ҳашамга ўч эмасди. Дуч келган бир тинч бурчакда ижод қилаверарди. Хаёли паришонлиги, ўйчанлигидан нимадир ёзмоқчи бўлаётганини билардим. Бирданига қоғозга туширмасди. Анча вақтгача ўйлаб, хаёлида пишириб юрарди. Сўнг тоза жойга, таҳорат олиб, ўтириб ёзишга киришарди. Ёзиб тугатгач, биз ҳам севиниб кетар, кўнгли жойига тушганидан, дадамиз яна аввалги ҳолатига қайтганидан суюнардик.

Умр йўлдошим жуда мулойим, маданиятли, ўзининг ҳам, ўзганинг ҳам ҳурматини жойига қўярди. Эркин акага мажбурлаб ҳеч нарса ёздириб бўлмасди. Кўнглига келганини, истаганини ёзарди. Шоирнинг фақат умр йўлдоши эмас, балки асарларининг биринчи ўқувчиси, ҳақиқий мухлиси эдим. У гоҳ жиддий, гоҳ юмористик руҳда ёзарди. Ҳажвий жанрдаги асарларини ўқиб кулардим-у, ўйга толиб қолардим. Асарнинг тагида, ғоясида бутун бошли тузумнинг мунофиқлиги, ёлғончилиги очиб бериларди. Айниқса, Матмуса бош қаҳрамон қилиб олинган туркум шеърларда бу яққол сезилади.

Эркин акам Ғафур Ғулом нашриётида ишларди. Етмиш иккинчи йилларда ишдан бўшади ва беш йил ишсиз юрди. Шу вақт мобайнида Гётенинг “Фауст” асарини ўзбекчага ўгирди. Таржима жараёни жуда оғир кечган. Уни Гётенинг ўзи умри давомида ёзган экан. Аввал асарни яхши тушуниб олишга ҳаракат қилди. Кейин Германияга бориб немисчаси билан танишди. Москвада “Фауст”ни русчага ўгирган таржимонлар билан учрашди, сўнг таржимага қўл урди. Аммо асар руҳиятига киришга жуда қийналган. Такрор ва такрор мутолаа қилар, “Фауст” ҳақида ёзилган материалларни ҳам қолдирмай ўқиб чиқарди. Мазкур муҳташам шеърий асарни тўлиқ ўзбекчалаштиргунича олти йилга яқин вақт кетди. Таржимага шу даражада берилгандики, ўзининг асарларида ҳам, Есенин таржимасида ҳам бундай ҳолат содир бўлганини ҳеч кузатмаганман. Ўша вақт­ларда болаларим ҳали ёш эди. Мен ҳам ҳеч қаерда ишламасдим. Эркин акам таржима қиларди, мен эса машинкада печатлардим. Биринчи ишим мана шундай бир олам қувончу завқдан иборат эди. Болаларга қараб, овқатимни пиширардим-да, худди ишга келгандай ўтириб, вазифамга киришардим. Китоб босилиб чиқса, ҳамма гонорарини сизга бераман, дея баттар қизиқтирарди.

Эркин акам йигирма йил Олий Мажлисда ишлади. Бу даврда ижоддан бироз узоқлашди, давлат ишидан ортмай қолди. Бироқ шоир шоир-да! Фурсат топиши билан яна ижодга шўнғирди, тинимсиз ёзарди. Буни қандай уддалаганига ҳайрон қоламан баъзан.

Сўзларнинг тарихига, келиб чиқишига жуда қизиқарди. Сўзлар хаёлини ўғирларди. Шу тариқа тилшуносликка оид “Сўз латофати” китоби дунё юзини кўрди. Унинг ёнида истеъдодидан ҳайратланиб яшадим.

Ҳеч кимнинг умри бир текисда ўтмайди. Ҳаётингни ким биландир боғладингми, енгил ёки оғир деган тушунчалар бўлмайди. “Тақдирим энди шу одамнинг қўлида”, дея ўйлай бошлайсан. Биз ҳам ҳамма каби рўзғорнинг икир-чикир муаммоларидан қийналганмиз, лекин ҳаммасини ичга ютардик. Ойлаб онамни кўрмасдим, шикоят қилгани ҳаддим сиғмасди.

Илгарилари адабиёт кунлари тез-тез ўтказиларди. Шу боис Эркин акамнинг кўп вақти сафарда ўтарди. Болаларни ниҳоятда кам кўрарди. Қаттиққўл, меҳрибон ва ғамхўр ота эди. Ишни деб оилани унутиб қўймасди, фидойи эди.

Ўтган умримга назар ташласам, ёмон яшадим, деб айтолмайман. Ҳаётим бундан бошқачароқ ўтишини тасаввур ҳам қилолмайман. Чунки Эркин акам бир эр, бир ота, бир умр йўлдош берадиган бахтдан ортиғини туҳфа этди. Оллоҳ раҳматига олсин, илоҳим.

 

Муяссар ИБРОҲИМОВА ёзиб олди