“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«БОЛАЛИКНИНГ КЎЗЛАРИ КАТТА БЎЛАДИ...»

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Халқ шоири

«БОЛАЛИКНИНГ КЎЗЛАРИ КАТТА БЎЛАДИ...»

Болалигимни кўнглим хумор бўлиб эслайман. Онам пилла бригадири эди. Волидамнинг «Олақашқа» лақабли тулпори бўларди. Илк шеърим шу отга бағишланган. Мактабда: «Ҳар бир киши биттадан шеър ёзиб келсин», дея топшириқ беришди. Мен ҳам ҳамма қатори биринчи машқимни олиб бордим. Мураббийларга кўп нарса боғлиқ бўларкан. Уларнинг бир оғиз айтган мақтови ё танбеҳи кўп нарсани ўзгартириши, боланинг бутун бошли тақдирини у ёки бу томонга буриб юбориши мумкин. Баъзан айтган гапи, ножўя ҳаракати билан қизиқиш ва истеъдодни сўндириб қўйиши мумкин. Ўшанда раҳматли ўқитувчимиз ёзганларимизни йиғилишда ўртага чиқариб ўқитган, туман газетасида чоп этиш учун ўзи олиб борган. Онам тез-тез иш билан кетарди. Уч маротаба пиллачилар съездига қатнашиш учун Москвага ҳам борган. Боёвутда биз яшайдиган уйнинг орқасидан канал оқиб ўтарди. Каналнинг нариги томонида Тошкентга қатнайдиган автобус бекати бор эди. Онамни кетганларидан то қайтиб келгунларига қадар, эрталабдан кечгача ўртоқларим билан каналнинг бўйида кутардик. Автобус ўтиб кетганидан сўнг, бугун ҳам қайтмаганларига ишонч ҳосил қилиб уй-уйимизга тарқалардик. Бир гал Москвадан келганлари ҳанузгача ёдимда. Волидам қалби дарё, меҳрибон аёл эди. Ҳеч қачон қуруқ қайтмасди. Ҳеч кимни унутмасди ҳам. Автобусдан тушибоқ бизга совға-саломлар улашарди. Ўшанда ўртоғим билан менга бир хил қизил бахмал нимча ва иккита резина этикча олиб келибди. Резина этик энди-энди кийила бошлаган пайтлар эди. Иккаламиз ҳам тезда кийиб олдик. Кейин қувончимиздан теримизга сиғмай, каналнинг бўйида ўйинга тушганмиз.

Ота-онам зиёли одамлар эди. Болалигимданоқ илм олишимга алоҳида эътибор беришарди. Уйимизда тез-тез китобхонлик кечалари бўларди. Асарларни фақат отам ўқиб берарди. Жуда чиройли қироат билан ўқирди, овозлари ҳозир ҳам қулоғим тагида жаранглаб туради. Ўртоқлари йиғилиб келарди-да, Навоий, Бобур, Бедилнинг ғазалларини, ишқий достонларни ўқиб беришини илтимос қилишарди. Учинчи-тўртинчи синфларда ўқиган чоғларимданоқ ёнларига кириб эшитиб ўтирардим. Тинглай туриб ухлаб қолардим. Сўнг онам олиб чиқиб болаларнинг хобхонасига ётқизиб қўяр экан. Дадам ўқир, йиғилганлар жон қулоғи билан тинглаб, англашга уринар, мен эса кўзларимни қаттиқ юмиб олардим. Ҳар елкаси бир элни кўтарадиган отларнинг елиб бораётгани, Ҳазрати Алининг ўша отлардан бирида музофотларни эгаллаётганини хаёлан кўриб ўтирардим. Гўдак тасаввуримда отлар кўз олдимда жонланар, дупур-дупурлари эшитилиб турарди. Ҳар ўн-ўн беш кунда шундай кеча бўлиб ўтарди. Буларнинг ҳеч бири беиз кетмади, таъсири катта бўлди. Бугунги кунда болаларимизнинг имкониятлари кенг, компьютер, интернет бор. Бу жуда яхши, албатта. Лекин биз болаларимизни табиатдан узоқлаштириб қўяяпмиз. Бизнинг болалигимиз табиат қўйнида, ўт-ўланлар орасида ўйнаб ўтган. Колхозимизда катта-катта яйловлар бўларди. Ўша ерлада қўй-қўзиларни боқиб кунни кеч қилардик. Табиатга яқинлик ҳам инсонга кўп нарса беради. Ҳис-туйғу билан фикрлашни ўргатади. Бугун невараларимга қараб туриб шуларни ўйлайман. Абдулла аканинг «Болаликнинг кўзи катта бўлади» деган сатрлари бор. Болаликда ҳамма нарса чиройли кўринади. Болаликдаги олақашқа отимизга ўхшашини бошқа умрим бўйи кўрмадим. Пешонасида оппоқ қашқаси бор, тим кўк рангли от бошқа учрамади.

Қайсидир маънода болаликни сақлаб қолиш зарур. Катталар бутунлай катта бўлиб қолса, самимийлик, беғуборлик йўқолиб қолади. Болаликда азоб, машаққат кўрмасдан халқнинг катта ижодкори, катта шоири бўлиш мумкин эмас, деган гаплар юради. Буни Айтматовдаям, Хемингуэйдаям, ўзимизнинг адибларимиздан Пиримқул Қодировдаям ва бошқаларнинг ҳаёти мисолида ҳам кузатишимиз мумкин. Баъзан болали­гингнинг қандай ўтиши келажагингни белгилаб беради.

 

Муяссар ёзиб олди