“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ПЛАНЕТА ШОИРИ ВА «ШОИРМИСАН — ҚАРЗДОРСАН!»

ПЛАНЕТА ШОИРИ

Евгений Евтушенкони сайёрамиз биринчи рақамли (№1) шоири деб аташарди. Яқин дўстлари, мухлислари, шеър шайдоларининг норасмий бу баҳоси замирида ҳақиқат йўқ ҳам эмасди. Евтушенко заминни севадиган, унинг дарду ҳасратини кўксида кўтариб юрган, ўз юрагини замин деб билган шоир эди. Шунинг учун ҳам унинг шеърларини қандай, қай ҳолатда ўқиманг, умуминсоний дард қалқиб турарди.

Шоирнинг шеърларида бўронни қамаб олган уммон тўлқинларининг шиддати сезилар, бу тўлқинлар улкан-улкан айсбергларни-да парчалаб, чилпарчин қилиб кетаверарди.

Евтушенко «Китоб дунёси» газетасининг ҳам яқин дўсти эди. Газета ташкил этилган кунлардаёқ, бизни қутлаган, «Ўзбек, это — успех» деб ёзиб юборган, тонг саҳар соат 4: 00 да безовта қилсак ҳам «Эй-ей, яна сизларми, хўп, гаплашсак гаплашаверамиз...», деб саволларимизга телефон орқали ҳам жавоб беришдан чарчамаган. «Ўзбек шоири, дўстим Омон Матжон менга ёнғоқдан ишланган нақшинкор стол совға қилган, ўша стол Американинг баланд, осмонўпар биноларини ҳам кўтара олади. Ўзбекнинг чин дилдан қилган совғаси, бу — ер юзини ҳам кўтариб туради. Сизнинг боболарингиз илми заминни кўтаришга-да қодир-ку», — деб эҳтиром ва эътироф этган.

Евтушенконинг шеърлари ўзбекчага таржима қилиниб, газетамизда босилганда, газетанинг электрон шакли билан танишганда жуда хурсанд бўлиб кетганди: «Яшасин, мени Ўзбекистонда яна ўқий бошлашди, янги авлод мени эсдан чиқармабди», деб хурсанд бўлиб бизга мактуб ёзган. У Фарғона водийси ҳамда Ўзбекистоннинг кўп жойларида бўлганлигини ғурур билан гапириб, худо хоҳласа чақирсангиз, албатта, Ўзбекистонга хонимни ҳам олиб бораман. Ўзбеклар жудаям меҳрибон халқ, деганди.

Ҳа, ер юзидан яна бир буюк шахс кетди. Она Заминнинг шоири — замин фарзанди кетди. Бироқ унинг минг-минглаб шеърлари замин бўйлаб сочилиб, турли хил элу элатлар бошида абадий янграб туради. Евтушенко номи замин қадар, адабиёт умри қадар унутилмайди.

Таҳририят

 

Михаил САДЧИКОВ,

журналист

Евгений ЕВТУШЕНКО:

 

«ШОИРМИСАН — ҚАРЗДОРСАН!»

Яқинда рус адабиётининг машҳур шоирларидан бири Евгений Александрович Евтушенко вафот этди. Бирдан кўнглимдан нимадир чирт узилгандай бўлди. Кўз олдимда ҳассос сценарийнавис, ажойиб актёр, ҳатто режиссёрликда ҳам синаб кўрган янгиликка интилувчи шахснинг кулиб турган чеҳраси ўта бошлади. Ким эди у, дея ўйлай бошладим. Ҳа, Евгений Алексанровичнинг қиёфалари кўп эди, бироқ унга шоир қиёфаси кўпроқ мос тушарди. У шеърни жуда ардоқларди. Шеърият Евтушенко ҳаётининг мазмуни эди, десам янглишмайман.

 

ҲАҚИҚИЙ ШЕЪР ЭЗГУЛИККА

ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

«Шеърсиз ҳеч нарсани рисоладагидай қуриб бўлмайди! Каминанинг, ҳатто шундай сатрлари бор: «Рус шеъриятисиз бу мамлакат улкан Люксембургга айланарди…» бот-бот такрорларди шоир. Бундан бир неча йил аввал Евгений Евтушенко Кремлда Михаил Задорнов билан бирга шеърият кечасини ташкиллаштириш ишларига бош-қош бўлиб юрганда журналист Дима Дибров унга: «Евгений Александрович, сиз ўтакетган идеалистсиз, бугун 60-йилларнинг руҳини уйғотаман, деб овора бўлманг. Ҳозирги ёшларнинг қалбида шеъриятга муҳаббат уйғотиш хамирдан қил суғургандай осон эмас», дебди ва сўзининг адоғида кутилмаганда агар акси бўлса, шляпасини ямламай ютишга сўз берибди. Дибровнинг бахтига қарши, зал нафақат тўлди, балки тикка турганларнинг етмиш фоизи йигирма беш ёшли йигит-қизлар эди. Ўшанда ҳақиқий аншлагга айланган бу шеърият кечаси Евтушенкодан бўлак ҳаммани ҳайратга солди. Шоир эса биларди, одамлар шеъриятсиз яшолмайди. Евгений Евтушенко кечадан кўнгли тўлиб анчагача сўзлаб юрди, гап орасида ваъдасида турмаган Дибров ҳам омон қолмасди.

«Шоирмисан — қарздорсан!» Бу гап унинг шиорига айланиб кетганди. «Биз, аввало, адабиётдан бизга сабоқ берган устозлар олдида қарздормиз, шу буюк миллат олдида қарздормиз. Шундай экан, одамларга ҳаётда Ҳақиқатни топишга кўмаклашишимиз керак. Шоир бутун борлиқнинг моҳиятини англаши, фикрлар ва туйғуларни ўқий олиши керак. У ҳамма учун ёзиши шарт! Ва, ҳатто, ўзига хайрихоҳ бўлмаганлар учун ҳам. Ҳақиқий шеър эзгуликка хизмат қилади. Чунки у қалбдан чиққан соф ҳаво…»

 

ИЖОДДАН ВА СУЮКЛИ ЁРИДАН АЙРИЛМАГАН ШОИР ҚАЛБИ

ҚАРИМАЙДИ

Мария Новикова Евгений Евтушенконинг сўнгги кунларига қадар ёнида бўлди. Шоир журналистларга берган интервьюлардан бирида: «Ҳа, Маша билан ўртамизда ўттиз йиллик фарқ бор, лекин бу иккимизга ҳам сезилмайди. Шундай вақтлар бўладики, у баъзан менга худди онамдай ғамхўрлик қилади, мен ахир бир эмас, тўрт марта ажал билан юзма-юз келганман. Бугун яшаётганим ва ҳали ҳамон севимли ишим билан шуғулланаётганимда унинг улкан ҳиссаси бор. Бунинг учун рафиқамдан миннатдорман. Эр-хотин ўртасида чегара бўлмаса, улар чин бахт кошонасини қурган бўлади. Яна бир гап шоир суюкли аёли билан яшаса ва ижоддан айрилмаса, қалби ҳеч қачон қаримайди. Ҳаёт шуниси билан бетакрор».

 

БИР-БИРИГА НОМУТАНОСИБ ИККИ ИШТИЁҚ

«Шеъриятдан ташқари футболга ҳам майлим жуда баланд. Бир вақтлар «Динамо»да дарвозабон эдим. Агар бошқа йўлни танламаганимда, ўлай агар дунё мендайин буюк нўноқ дарвозабонни кўрмаган бўларди. Тўғриси, «Динамо»га раҳмим келди ва мен спортдан кетдим. Бугун чуқур мушоҳада юритиб шуни айта оламанки, тўғри қилган эканман, истеъдодсиз футболчидан истеъдодли шоирнинг ўлса ўлиги ортиқ. Мен соатлаб бу футбол ҳақида гапиришим, миллий терма жамоамизнинг ўйинларини кузатиб, ютуқ ва камчиликларини шарҳлаб беришим мумкин. «Менинг футболиадам» деган китобим бу спортга иштиёқим қай даражада баландлигидан сўзлайди. Бугун пул учун майдонга тушадиган ёшларни кўриб, футбол деса ўзини томдан ташлайдиган, юрт шаъни учун майдонда жон беришга тайёр Всеволод Бобров, Алексей Хомич, Сергей Сальниковларни эслайман. Аввалгиларга ўхшамас, бугунгиларнинг ўйинида жокуярлик ва самимият етишмайди. Ишонинг!»

 

Рус тилидан Вазирабону АСАДОВА таржимаси