“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Диктофон ёзувчида

СЎНГГИ СЎЗНИ БАРИБИР ЎҚУВЧИ АЙТАДИ 

Ёзувчи Луқмон Бўрихон билан суҳбат

Ёзишни қачон бошлагансиз?

— Адашмасам, тўртинчи ё бешинчи синфда ўқирдик. Бир куни қўзи боқиб юриб, «Ичи пуч фашизм, она ватанга қилди ҳужум» каби сатр­лардан иборат алламбало тўқиб ташладим. Ёдимдан чиқмасин, деб даштдан қайтгач, дарров қоғозга илдириб қўйдим. Тайин гапки, тўқиганларимни, энг аввало, бир-икки синфдошларга ўқиб бериб мақтанганман. Бу гап адабиёт фани муаллимининг ҳам қулоғига бориб етибди. Дарс пайтида битигимга кўз югуртирган ўқитувчини авзойи ўзгарди. Устоз қулоғимдан чўзди, чинини гапир, деб дўқ урди. Хуллас, илк ижодим эвазига қулоқ чўзма олганман.

—  Луқмон Бўрихон ижодхонаси қандай олам? У асарларини қандай яратади? Ижод жараёнингиздаги изтироб ва севинч ҳақида сўзлаб берсангиз...

— Бироз тушунмадим. “Ижодхона олами” деганда ёзув-чизув учун махсус жиҳозланган, алоҳида, шинам ҳужрани назарда тутяпсизми? Бундай қулайлик менда ҳеч қачон бўлмаган. Бола-бақра ухлагандан сўнг қўлга қоғоз-қалам олиб кўрпача устига чўзилиб ижод қиламан. Шундай иш жараёни, очиғи, ўзимга ҳам ёқади. Замон ўзгарди, тўғридан-тўғри компьютерда ёзиш даври келди, деб эскича одатларимни танқид қилган дўстларим ҳам бўлди. Уларнинг йўл-йўриғи бўйича ҳам ижод қилишга уриниб кўрдим. Аммо бўлмади. Компьютер ёнига ўтирсам, ижод бир чеккага сурилиб, турли-туман томошага берилиб кетаман ёки интернет деган сеҳр-жоду тузоғига тушиб қоламан. Шунинг учун оворагарчилиги кўп бўлса ҳам аввал қўлда ёзиб, сўнг компьютерда кўчираман. Сирли ижод оламим мана шу. Бевосита ижод жараёнига келсак... Гоҳо бир ўтиришда икки-уч саҳифа қоралаб қўйсанг-да, нимадандир кўнглинг тўлмай кун бўйи хуноб бўлиб юрасан, баъзан чиройли бир жумла тузиб ҳам кўзингга олам чароғон кўриниб кетади. Энг ғалати жиҳати, қаҳрамонларни, персонажларни ўзинг ўйлаб топаётган бўлсанг-да, уларнинг тақдирига бефарқ бўла олмайсан, бу тўқима образлар худди тирик одамдек, бамисли яқин дўстинг ёхуд қўшнингдек қадрдонлашиб кетади. Уларга қўшилиб қувнайсан, изтироб чекасан. Хуллас, бир сўз билан таърифлаганда, ғирт девоналик...   

— Замондош қаламкаш дўстларингизнинг ижодини ҳам кузатиб борасизми? Айтайлик, тажриба алмашишлар бўлганми?

— Машҳур грузин адиби Нодар Думбадзедан бир маҳмадона журналист фалон, фалон ижодкорларнинг асарларини ўқиганмисиз деб сўраганида, буюк адиб ним табассум билан кечирасиз, мен ўқувчи эмас, ёзувчиман деб жавоб берган экан. Албатта, бу — ҳазил. Аслида энг яхши ёзувчи, энг яхши ўқувчидир. Ахир у ўқиб-ўрганмаса, устозлар ижодий оламидан, дунё қарашидан, маҳоратидан сабоқ олмаса, қандай қилиб тажриба, малака ошириши мумкин? Модомики, шундай экан, мен ҳам бир қаламкаш сифатида баҳоли қудрат мумтоз ва замонавий адиблар асарларини мутолаа қилиб боришга ҳаракат қиламан. Жумладан, тенгдош ижодкорлари ижодини ҳам катта қизиқиш билан кузатиб бораман. Кузатишлар жараёнида баъзиларидан қандай ижод қилишни, айримларидан эса қандай ёзмасликни ўрганаман. Ҳақиқат қиёслашда англанилади деган чиройли бир ибора бор. Албатта, ўша кузатишлар жараёнида ўз битикларимни бошқа тенгдошларим асарлари билан таққослаб кўриш имконини ҳам яратади. Бу тажрибамни, малакамни оширишга катта ёрдам беради. Бундан ташқари, ижодкор дўстлар билан тез-тез учрашиб, суҳбатлашиб турамиз. Ўқиган китобларимизни бир-биримизга тавсия қиламиз, ёққан-ёқмаган томонларини айтиб ўзаро муҳокама қиламиз. Хуллас, қизғин адабий жараён оғушидамиз.

— Ёзувчининг меҳнатини ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўқувчи эса тайёр асарни ўқийди. Лев Толстой “Уруш ва тинчлик” романини тўрт марта оққа кўчирган экан. Сиз ҳам асарларингизни қайта кўчирганмисиз?

— Лев Толстой “Уруш ва тинчлик”ни тўрт-беш марта оққа кўчирганлиги ҳақидаги ривоят устозлар томонидан талабалик чоғларимиздан бери қулоғимизга қуйилади. Баъзан, муҳтарам домлаларимиз бу улуғ адиб, унинг асарлари борасида бошқа хислатларини билишмайди, шекилли, деган хаёлга ҳам борганман. Ибрат яхши, аммо “Уруш ва тинчлик” атиги бир марта оққа кўчирилган бўлганда ҳам моҳият ўзгармайди-ку! Биз бу асарни олти-етти бор қайта ёзилгани учун эмас, юксак бадиияти, улуғвор фалсафаси боис қадрлаймиз, дунё адабиётининг дурдоналари қаторига қўшамиз. Ҳолбуки, ўн карра қайта ва қайта ишланган бўлишига қарамай ўқувчига ҳайрат, завқ улашолмаган асарлар ҳам кўплаб учрайди. Демак, гап битикнинг такрор ва такрор, ҳижжалаб ёзилишида эмас. Бу қаламкашнинг меҳнаткашлигидан, ўзига нисбатан талабчанлигидан дарак бериши мумкин, бироқ бирор бир илоҳий истеъдод-иқтидор аломати бўла олмайди. Шунингдек, масалани бошқа жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, менимча, ҳар қандай ижодкор ҳам ўз қораламасини, жиллақурса, уч-тўрт марта қайта ишлайди, пишитишга ҳаракат қилади. Жумладан, мен ҳам бир қаламкаш сифатида ўз битикларимни шу тарзда қоғозга тўкаман. Аммо сўнгги сўзни барибир ўқувчи айтади. Бу асаримни юз карра қайта оққа кўчирганман дея минг карра тавалло қилиш билан ҳам талабчан китобхонни маҳлиё этиш қийин.

— Ёзиш қачон эҳтиёжга айланади? Ёзувчи учун ёзолмай қолиш нима?

— Тирик жисму тан озиқланишга, дам олишга ҳамиша эҳтиёжманд. Шунинг учун ҳам кунига уч-тўрт маҳал дастурхонга ўтирамиз, соатлаб ухлаймиз. Тўғрими? Демак, бирор киши ўзини ёзувчи деб ҳисобларкан, унинг учун ёзиш худди овқатланиш, дам олиш каби эҳтиёжга айланиши керак. Акс ҳолда унинг даъвоси ўз моҳиятини йўқотади. Албатта, ижодкордан ҳар куни бир-иккитадан асар ёзиб ташлашни талаб қилиб бўлмайди. Чунки бирор асарнинг пайдо бўлиши ўзи узоқ бир жараён. Масалан, дарсликларда ўқиганларимизни эсласак, нам буғланиб ҳавога кўтарилади, денгизлар устида булутларга айланади, шамол булутларни у  ён-бу ён суриб тўйинтиради, етилтиради, охир-оқибат, ёмғирга, қорга айланиб ерга ёғади. Бирор асарнинг пайдо бўлишини тахминан худди шу ҳолатга ўхшатиш мумкин. Ёзувчи худди шу жараённи бошидан, юрагидан ўтказаркан, гарчанд у  қоғоз қораламаётган бўлса-да, ижод қозонида қайнаётган ҳисобланади. Унинг ёзолмай қолганига келсак, бу қаламкашда руҳий мувозанатнинг етишмай турганидан ёхуд шунчаки дангасалик қилаётганидан дарак. Ёзолмай қолишлик иллатини бошқача ифодалаш қийин.

— Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикрларингиз қандай? Ёзувчига илҳом қанчалик зарур?

— Албатта, илҳом, бу — бор нарса. У фақатгина бадиий адабиёт аҳлига хос, деб ўйламаслигимиз керак. Инсон қай бир соҳада меҳнат қилаётган бўлмасин, ўз ишини қувонч, завқ-шавқ билан бажарар экан, худди шу ҳолат илҳомдир. Илҳом ҳеч биримизни тарк этмасин.

Ғиёсиддин ЎНАРОВ суҳбатлашди.